Ўзбекистонлик қизлардан ташкил топган IT Queens жамоаси AI Journey 2021 конференциясида қатнашиб, дипфейк материалларни аниқлай оладиган ишланмани тақдим этди. Тадбир иштирокчилари орасида бўлган Россия президенти Владимир Путин лойиҳа муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 15,82 сўмга пасайиб, 10 721,24 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон қуролли кучларининг ҳамкорликдаги ўқув машқлари 17−24 ноябрь кунларида «Термиз» полигонида бўлиб ўтади. Унда Су-30СМ қирувчилари, ҳарбий самолётлар ва учувчисиз қурилмалардан фойдаланиш режалаштирилган.
ЮНИСЕФ Афғонистонда ёш никоҳлар сони ортиб бораётганидан хавотирда. «Афғонистондаги ўта оғир иқтисодий вазият кўпроқ оилаларни янада қашшоқликка дучор қилмоқда ва болаларни ишга юбориш ёки эрта ёшда қизларни турмушга бериш каби умидсиз танловни амалга оширишга мажбур қилмоқда», — дейилади ташкилот баёнотида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Беҳзод Мусаев тунда пойтахт шифохоналарида бўлиб, болалар ўртасида ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ҳолатини ўрганди. Кейин у эрталаб соат 4:30 да йиғилиш ўтказди, шундан сўнг 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилди.
Энергетика вазирлиги энергоресурсларга бўлган мавсумий талаб билан бир вақтда уларни етказиб бериш ҳажмининг ўсиши электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлаётганини маълум қилди. Шунингдек, чанг бўрони, сув ресурслари танқислиги, энергоресурслардан оқилона фойдаланмаслик ва тармоққа ноқонуний уланишлар электр таъминотига сезиларли таъсир кўрсатган.
Тошкентда ноябрь-декабрь ойларида «Тошкент ёшларни севади» шиори остида Ёшлар ойлиги ўтказилади. Тадбир доирасида спорт фестиваллари, интеллектуал лойиҳалар, маданият ва санъат, мода ва дизайн кўргазмалари, Poytaxt party концерт дастурлари ва бошқалар бўлиб ўтади. Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев «кўплаб сюрпризлар» борлигини маълум қилди.
Сешанба куни мамлакатга Волга бўйи орқали нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, қорга айланади. Ҳаво ҳарорати кундуз куни 0…-3 даража совуқгача пасаяди.
Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа қиймати 4,1 млрд сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Унинг ҳар килоси 3,7 доллардан сотиш кўзда тутилган. Чигирткаларни далалардан йиғиб олиш учун эса аҳоли вакиллари жалб қилинади.
ОТМ вазири Абдуқодир Тошқулов таълим муассасаларида гуруҳ мураббийи ўрнига жорий этилган «тьютор» лавозими билан боғлиқ муаммоларга тўхталар экан, уни ўқитувчиларга юклаш ҳолатлари учраётганини айтди. «Мақсад профессор ўқитувчиларни ўзига асосий ишига хос бўлмаган ишлардан озод қилиш, у сифатли дарс ўтсин», — деди у. Вазир шунингдек, дарсга кечикиб ва хатто тайёрланмасдан келаётган ўқитувчилар виждонан дарс ўтмаётганини танқид қилди.
Ўзбекистонда электромобиллар учун алоҳида — янги намунадаги давлат рақами белгилари ишлаб чиқарилди. 1 ноябрга қадар электромобиллар учун расмийлаштирилган давлат рақами белгилари бепул алмаштириб берилади.
Фуқароларнинг Конституция ҳақидаги билимларини синовдан ўтказиш мақсадида Адлия вазирлиги ва Конституциявий суд умуммиллий имтиҳонни ўтказади. Имтиҳон икки босқичдан иборат бўлиб, 1 декабрь куни бошланади. Унда 15 ёшга тўлган ва ундан катта барча фуқаролар қатнашиши мумкин. Энг юқори натижани қайд этган иштирокчига 15 млн сўм берилади.
Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шарифидаги халқаро аэропортни реконструкция қилиш, техник носозликлар ва жиҳозларни таъмирлашда ёрдам бериш учун 30 кишидан иборат техник гуруҳ юборди. Шунингдек, аэропортнинг 83 нафарга яқин афғон техник ходимлари Ўзбекистонда ўқитилади.
Қорақалпоғистонда ИИВ ходими тадбиркорнинг маҳсулотини ЙПХ масканлари орқали Хоразм вилояти ҳудудига ўтказиш эвазига пора олган вақтда ушлангани айтилмоқда. У шериклари билан ҳар бир юк ортилган транспорт воситасига 3,5 млн сўмдан сўраган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик, жиноят содир этишга суиқасд қилиш ва пора бериш моддалари билан иш қўзғатилди.
16 — 17 ноябр кунлари Ўзбекистон ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади. Шу кунлари республика бўйича шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати ҳарорат кечалари 5−8° совуқгача, кундуз кунлари 0−3° илиқгача бўлади.
Москва вилоятининг Прибрежная кўчасида жойлашган қурувчиларнинг вақтинча турар жойида юз берган ёнғинда 2 киши жароҳатланган ва 4 киши вафот этган. Ташқи меҳнат миграциясининг Москвадаги ваколатхонаси вафот этганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқлади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳозирга қадар тизим тўлиқ рақамлаштирилмагани учун хорижлик ҳамкасблари олдида уялиб қолаётганини таъкидлади. «Ўзбекистон олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмайди», — деди Абдуқодир Тошқулов. У шунингдек, энди талабалар гувоҳномаси ҳам ID карта шаклида бўлишини қўшимча қилди.
Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Абдухаким Хаджибаев Ўзбекистон касаба уюшмалари раҳбарига ўринбосар этиб сайланди.
Ўзининг биринчи буйруғи билан янги соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев аввалги вазир Абдухаким Хаджибаевнинг буйруғи билан қўлланилган барча интизомий жазо чораларини бекор қилди.
Адлия вазири газ ва электр таъминотидаги узилишлар сабаб тадбиркорлар зарар кўраётгани борасида фикр билдирар экан, шартнома шартини бажармагани учун таъминотчи корхоналар устидан судга мурожаат қилиш кераклигини айтди. «Шу йўл билан ҳаммасини тартибга солса бўлади. Масъулияти албатта ошади, тўлаб кўрсин зарарни кейин билади қанақа ҳал қилишини», — деди Русланбек Давлетов.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг