Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмлик иккита олтин ручка хариди ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Унда айтилишича, вазирликнинг канцелярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлган. «Халқаро тадбирларда қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади», дейилади вазирлик хабарида. Бунга қадар, вазирлик вакили англашилмовчилик бўлгани ва вазирлик 15 млн сўмга тилла ручка олишдай дабдабага ўч эмаслигини айтганди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, қолаверса, ўзбек-тожик инвестиция компанияси ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида жами 35 та ҳужжатни имзолади.
Хонанда Жасур Умировга нисбатан чиқарилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди. У 2 февраль куни вояга етмаган қизни зўрлагани сабаб 5 йилга қамалган эди.
Ўзбекистон кўмаги билан Қирғизистоннинг Боткен ва Лэйлек туманларида 400 ва 300 ўринли мактаблар қурилади. Улар 2021 йилда — янги ўқув йилига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Вилоят судлари раислари учун 26 та Skoda Kodiaq ва 3 та Malibu автомобиллари харид қилинди. Автомобиллар нархи 10,1 млрд сўмга тенг дея баҳоланмоқда. Олий суднинг изоҳлашича, олдинги хизмат автомобилларининг «яроқлилик муддати ўтган, шунингдек улар маънавий ва жисмоний жиҳатдан ҳам эскирган».
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари кенгайтирилган таркибда музокараларни давом эттирди. «Истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор», — деди Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон томони автомобилларини йиғишни ташкил этиш, авиақатновни кенгайтириш ва автобус йўналишларини тиклаш, шунингдек, дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигига бағишланган маданий тадбирларни ўтказиш таклифини илгари сурди.
Шавкат Мирзиёев ерга бўлган ҳуқуқни бозор активига айлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳокимиятлар ерларни тўғридан-тўғри ажратиш, захиралаш, ободонлаштиришга ажратиш ва бошқа ваколатларидан маҳрум этилади. Ерга бўлган ҳуқуқларнинг турлари 6 дан 3 гача қисқартирилади. Ер участкалари хусусий секторга мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. «Газета.uz» ушбу фармон бўйича барча муҳим ўзгаришларни тақдим этади.
Марказий банк Бошқарувининг оралиқ йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Маълум қилинишича, май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, апрель (10,7 фоиз) ойига нисбатан бироз тезлашган.
Ҳукумат «Гидрометеорология хизмати аълочиси» кўкрак нишони таъсис этишга оид қарорни қабул қилди. Унга кўра, нишон билан гидрометеорология ва иқлимшунослик соҳасини ривожлантириш ишларига катта ҳисса қўшганлар 7 май — «Ўзгидромет» ташкил топган кун арафасида тақдирланади.
Душанбедаги «Қасри Миллат» қароргоҳида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари тор доирадаги учрашувини ўтказдилар. Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан келишга таклиф қилди.
Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмга иккита олтиндан ишланган қалам сотиб олишни режалаштирмоқда. Аввал ҳам премиум тоифадаги иш юритиш материаллари сотиб олинган. Бунга мисол қилиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги расмий делегацияларни қабул қилиш уйи ва президент администрацияси маъмурий бўлими давлат қароргоҳлари дирекцияси амалга оширган харидларни олиш мумкин.
Мурод Назаровнинг «Tashkent city» ишбилармонлик марказидаги қурилишлар тасдиқдан ўтмагани, ҳаттоки Hilton меҳмонхонаси ҳужжатлари ҳам энди тайёрланаётганини айтган эди. Бунга «Tashkent city» дирекцияси муносабат билдириб, «Мурод Назаровнинг фикрлари хақиқий ҳолатга тўғри келмаслиги ва асоссиз"лигини айтди. Мазкур ҳолатга Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам изоҳ берди.
Қонунчилик палатасининг икки нафар депутати иқтисодчи Юлий Юсуповнинг Ўзбекистон энергетика соҳасини ислоҳ қилиш қачон бошланиши сўраб, эълон қилган постини танқид остига олди. Халқ вакилларининг таъкидлашича, мамлакат энергетика соҳасида аллақачон, салмоқли ишлар бажарилган, ҳозирги узилишлар эса — «йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг оқибати».
ОТБ Ўзбекистон мактабларида STEM таълимни ривожлантиришга 100 млн доллар ажратади. Лойиҳа бўйича дарсликларнинг стандартларини яхшилаш, ўқитувчиларни тайёрлаш, мактаблар учун зарур жиҳозларни сотиб олиш кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистонга етиб келди. Душанбе халқаро аэропортида уни мамлакат раҳбари Эмомали Раҳмон кутиб олди.
Ўтган беш ой ичида пойтахт кўчаларида автобуслар иштирокида ҳайдовчилари айби билан 35 та ЙТҲ содир бўлган. Уларнинг 21 таси автобус ичида йўловчиларнинг йиқилиб, жароҳат олиши билан боғлиқ. Авариялардан бири эса фуқаро ўлимига олиб келган.
Ўзбек-хитой олимлари ҳаммуаллифлигидаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 1 миллион дозада Ўзбекистонга олиб келинди.
Москва шаҳар суди Коррупцияга қарши кураш фонди, Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси ва Россия муҳолифатчиси Алексей Навалнийнинг ҳудудий штабини экстремистик ташкилотлар деб тан олди.
АҚШ йил охиригача Pfizer вакцинасининг 200 млн доза, кейинги йилнинг июнь ойигача эса яна 300 млн дозасини сотиб олиб турли мамлакатларга тақсимлаб тарқатишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 102 минг 605 нафарни ташкил қилмоқда. Шунингдек, сўнгги кун ичида 191 нафар бемор касалликдан соғайиб, Ўзбекистонда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг