Миллий тест тизими атрофидаги можаролар, Шавкат Мирзиёевнинг ҳафта давомидаги иш графики, Сирдарё ҳокимлиги масъулларининг раққосалар билан видео учун ишдан кетиши, каттақўрғонлик солиқчи воқеаси — «Газета.uz»нинг 14 июндаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Адлия вазири йўл ҳаракати қоидаларини бузаётганларни суратга олганларни рағбатлантириш тизими ҳақида: «Агар жамоат жойида одам ноқонуний хатти-ҳаракат билан шуғулланаётган бўлса, [қоидабузарликни тўхтатиш учун] керак бўлса, виждонимни сотишга ҳам тайёрман», — дея тушунтирди. У ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бераётганларни ҳароқат қилмасликка чақирди ва ҳозиргидек тинч замонда йилига минглаб одамлар йўлларда ўлиб кетаётганини эслатиб ўтди.
Самарқанд вилоятида ЙПХ ходимлари томонидан қўлга олиниш чоғида вафот этган туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосарининг иши бўйича суриштирувлар давом этмоқда. Марҳумнинг қариндошлари унинг икки қўлида бармоқ излари, бўйнида ва юзида шилинган жароҳатлар борлигини айтишмоқда. Жасадни текширган шифокор эса унинг танасида жароҳатлар кўрмаганлигини, фақатгина ўнг кўз атрофида кичкина шилинган жойи бўлганлигини таъкидлади.
Долларнинг расмий курси 11,96 сўмга кўтарилди ва жами 10 609,00 сўм этиб белгиланди. Рубль ва евро курслари эса бироз пасайди.
Ижтимоий тармоқларда раққосалар билан бирга видеоси тарқалган Сирдарё тумани ҳокимининг ўринбосари Нурали Мирзаев ва туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий иши бўйича апелляция шикояти Самарқанд вилояти судида кўриб чиқилади. Унинг адвокати ишни кўриб чиқиш жойини ўзгартиришни сўраб, Олий судга ариза киритди.
Саудия Арабистони 2021 йилги Ҳаж мавсумини хорижий зиёратчиларсиз, фақат маҳаллий аҳоли учун ташкил этилиши бўйича қарорни қабул қилди. Бу Саудия Арабистонидаги эпидемиологик вазиятнинг кескинлашуви билан боғлиқ. Ҳажга боришни режалаштирган ўзбекистонликларнинг навбати кейинги мавсум учун сақлаб қолиниши маълум қилинди.
Москвада эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашгани сабабли 15−19 июнь дам олиш кунлари деб эълон қилинди, 20 июнга қадар ҳайвонот боғлари ва савдо марказларидаги фудкортлар ёпилди, ресторан ва кафелар кечки пайт ишламайди. Талабалар имтиҳонларни онлайн топширишади. Шунга ўхшаш чекловлар, фақат дам олиш кунларисиз, Санкт-Петербургда ҳам жорий қилинди.
Тошкентда оқова сувларни тозалаш иншоотларига техник сувларни оқизиш ҳолати бўйича корхона ва ташкилотларнинг 22 нафар масъулига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди. Аввалроқ, айни шу сабаб Сергели туманида бадбўй ҳид таралаётгани ҳақида ёзган эдик. Бир қатор корхоналарнинг давлат экологик экспертизаси амал қилиш муддатини олдиндан тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида судга даъво аризаси киритилди.
Жомбой туманидаги 28-мактабнинг 7−11-синфларида таҳсил олувчи айрим ўқувчилар ўз синфхоналарини таъмирлаш ишларига жалб қилингани айтилмоқда.
Яқин кунларда иссиқлик Қозоғистондан келадиган салқин ҳаво массаси таъсирида +32…+35 даражагача пасаяди. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлайди.
Жаҳон банки Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги шаҳарларнинг муниципал хизматлари ва инфратузилмаларини яхшилаш ишлари учун $100 млн ажратади.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги туман мутасаддиларига ресторандаги раққосалар билан видео учун ишдан бўшатиш каби қатъий чора қўлланилишини қайд этди. Уларга «жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги» эслатиб ўтилди.
Президнет шу ҳафта олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва жорий йилги қабул жараёнига тайёргарлик бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказади. Давлат раҳбари 17−18 июнь кунлари Андижон вилоятига боради.
Alter Ego йирик инжиниринг компанияси — UzLITI Engineering фаолияти, лойиҳалари ва режалари ҳақидаги фильмни тақдим этди.
Кеча Ўзбекистоннинг 13 та ҳудудида 303 нафар фуқарода коронавирус аниқланди. Шунингдек, сўнгги кун ичида 317 нафар бемор касалликдан соғайиб, Ўзбекистонда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.
Исроил парламенти мамлакатнинг янги коалицион ҳукуматини тасдиқлади. Унга кўра, 12 йил давомида Исроилнинг бош вазири бўлган Биньямин Нетаньяху ўз лавозимини тарк этди. «Ямина» партияси раҳбари Нафтали Беннет мамлакат бош вазири бўлди. Партиялар орасидаги келишувга кўра, у икки йилдан сўнг ўрнини бошқа партия етакчисига бўшатиб бериши керак бўлади.
Ўзбекистонда 1 апрель ҳолатига кўра, мобил алоқа тизимига уланган абонентлар сони 26 млн. 953,5 мингтани ташкил этган. Шу жумладан, аҳолида 24 млн. 795,4 мингта абонентни ташкил этган.
«Газета.uz» умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизими атрофидаги можароларни ўрганди. Бухоро ва Наманган вилоятларида тест топшириқлари имтиҳондан олдин тарқалиб кетган.
Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2020 саралашидаги ўйинлари, Шоҳжаҳон Эргашевнинг антиқа ғалабаси, Европа чемпионати ва унинг атрофидаги жараёнлар, ҳоккей бўйича Канаданинг Жаҳон чемпионлиги — «Газета.uz» нинг ҳафталик спорт янгиликлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг