Президент мутасаддиларга чекка ҳудудларни ҳам интернет билан таъминлаш ҳамда талабалар учун арзонлаштирилган интернет трафикларини ажратиш бўйича топшириқ берди.
Сентябрдан бошлаб 2, 3 ва 4-курс талабаларига ўқиш онлайн тарзда бошланади. Октябрь ойида 1-курслар ҳам қабул қилиб олингач, пандемиянинг юмшашига қараб анъанавий тизимга яна қайтиш эҳтимоли бор.
«Карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги кенг тарғибот ишларини кучайтиришимиз, касалликка чалинганларни ишлаб чиқилган протоколлар асосида даволаш билан бирга нормал ҳаётга қайтаришимиз, яъни иқтисодиётимизни ривожлантиришимиз зарур», — дея таъкидлади Сенат раиси Танзила Норбаева.
Сенат раиси «темир дафтар»ни шакллантириш ва юритиш тизими айрим ҳудудларда аҳоли норозилигига олиб келаётганини айтиб ўтди. «Темир дафтар» тизими очиқ, шаффоф бўлиши ва ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида инсон омилини максимал даражада кисқартириши кераклиги билдирилди. Бунинг учун тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги Санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан Инқирозга қарши кураш жамғармасининг 1 млрд 750 млн сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилинган, дея маълум қилди сенат раиси Танзила Норбаева. У шунингдек «Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонун ишламаётганига эътибор қаратди.
Сенаторлар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Муса Ерниязов ва коронавирусдан вафот этган бошқа фуқароларнинг хотирасига бир дақиқа сукут сақлашди.
Бош прокуратура Наманган вилоятида боғчани таъмирлаш жараёнида ҳақиқатда бажарилмаган 173,2 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганини аниқлади. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши кўзғатилган.
Чилонзор туманида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори тил бириктириб, ишсизларга тўланиши лозим бўлган 36,2 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишини кўзғатди.
Транспорт вазири Элёр Ғаниев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ўз лавозимидан озод этилди. У Транспорт вазирлигини 2020 йилнинг январь ойидан бошқариб келаётган эди.
COVID-19 беморлари сони 274 нафарга ортиб, жами 28809 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатларнинг 36 нафари Тошкент шаҳрида, 130 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 8 нафари Қорақалпоғистонда қайд этилди. Шу юилан бирга, икки нафар COVID-19 бемори вафот этди.
Йил охирига қадар Россиядаги йирик қурилиш майдончаларида 4200 нафар ўзбекистонлик мутахассис расман иш жойига эга бўлади.
Тошкентнинг Олмазор туманида аёл киши ўзини вольтли электрузатиш тармоғи устуни ташламоқчи бўлди. ИИББ ва ёнғин-қутқариш қисми ходимлари уни пастга туширишди.
Ўзбекистон яқин кунларда Россия-Қозоғистон чегарасида йиғилиб қолган қарийб 2000 ўзбекистонлик иккита поезд билан қайтарилмоқда.
2020/2021 ўқув йилида ОТМларга кириш имтиҳонлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда кунига икки марта — ҳаво салқин вақтларда ўтказилиши белгиланди.
Ўзбекистон Жаҳон банки қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга ажратган 500 млн доллардан 87 млн долларини агросекторда илм-фан ва технологияларни ривожлантириш, 70 млн долларини эса фитосанитария ва сертификатлаш хизматларини кўрсатувчи агромарказларга йўналтиради. Яна 200 млн доллар ҳудудлар ўртасида тақсимланиб, кооперативлар ва кластерларни ривожлантиришга сарфланади.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси Фарғона водийсида лойиҳаларни амалга оширишга $47 млн ажратади. Ушбу лойиҳа ҳудуддаги 375 мингдан ортиқ аҳоли даромадларининг ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда.
12−13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми видеоконференция шаклида ўтказилади. Унда президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси муҳокама қилинади.
Тошкентнинг Учтепа тумани яшовчилари учта маҳаллани Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига ўтказишга қарши чиқди. Туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев улар билан учрашувда пойтахт ва вилоят чегараларининг ўзгариши ҳозирда лойиҳа эканини таъкидлаб, ушбу масалани шаҳар ҳокими билан муҳокама қилишга ваъда берди.
UzAuto Motors депутат Расул Кушербаевнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан олиб борилган текширувлар ҳақидаги берган хабарларига «популистик фикр-мулоҳазалар» деб баҳо берди ҳамда «қўмита тезислари очиқ-ойдин бузилган» дея муносабат билдирди.
Пойтахтнинг Сергели, Чилонзор ва Учтепа туманларидан бир қисмини Тошкент вилоятига ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Мирзо-Улуғбек тумани таркибидаги Улуғбек шаҳарчасини вилоят ҳудудига ўтказиш ва Қибрай туманининг маъмурий марказига айлантириш мўлжалланган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг