Ўзбекистонда сайлов қонунчилигига жиддий ўзгаришлар киритилиши кутилмоқда. Жумладан, сайловларни ўтказиш санаси декабрь ойидан мартга кўчирилиши режалаштирилмоқда. Сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришда хусусий маблағларни жалб қилишга ҳам рухсат берилиши мумкин. Бундан ташқари, бир номзод фақат битта вакиллик органига депутат этиб сайланишига рухсат берилади.
Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди. Давлат раҳбари ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш ҳамда ТДАУ Андижон вилояти филиали негизида алоҳида ОТМ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Миллиардер Алишер Усмонов Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 1000 та эҳтиёжманд оилага 2,5 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам ажратди. Бу пуллар ҳар бир оилага 2,5 миллион сўмдан тақсимлаб берилди.
АҚШда коронавирус пандемияси оқибатида ишсизлик бўйича ариза берганлар сони 39 миллионга яқинлашди. Ишсизлар сони 40 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Президент топшириғи билан Сардоба тошқинида илмий ёзмаларини йўқотган сирдарёлик ёш олимага докторлик даражаси истисно тариқасида берилди. Таянч доктори Ўзбекистонда биринчи бўлиб онлайн тарзда ўз диссертациясини ёқлади.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 22 майдан бошлаб «сариқ» ва «яшил» тоифадаги ҳудудларда очиқ сайилгоҳ, музей ва санъат галереяларининг фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилади. Ташриф буюрувчилар уч кишидан кўп бўлиб тўпланишлари мумкин эмас. Ўйингоҳ ва овқатланиш шохобчалари бундан мустасно.
Президент қарорига биноан, Тошкентда «пропискага» эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари учун бирламчи бозордан уй сотиб олганда тўланадиган 5 фоизлик ставка бекор қилинди.
Тошкентдаги Ҳомийлик хайриялаирни мувофиқлаштириш маркази ўз ишини якунлади. 50 кунлик фаолият давомида марказ томонидан 85 мингга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатилиб, уларга жами 11,8 млрд сўмлик маҳсулотлар ва дори воситалари етказиб берилган.
Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, одамлар ҳаёти билан танишиш мақсадида Андижонга жўнаб кетди.
Коронавирус беморлари сони 11 нафарга ортиб, жами 2950 кишини ташкил этмоқда. Республикада инфекциядан 565 киши даволанмоқда, улардан 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда. Айни пайтда 45 мингдан ортиқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган ва 540 мингтадан ортиқ тест синовлари ўтказилган.
Тошкентда Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасидаги уч поғонали йўл ўтказгич очилди. Президент Шавкат Мирзиёев соатига 20 мингта транспорт воситасини узлуксиз ўтказиш имкониятига эга уч поғонали йўл ўтказгични кўздан кечирди.
Ўзбекистонда коронавирус ҳолатлари сони 12 тага кўпайиб, жами 2939 тага етди. Кун давомида 84 та янги COVID-19 ҳолати аниқланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда фойдаланишга топширилган Болалар миллий тиббиёт марказини бориб кўрди. Марказ, жумладан, онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган.
Адлия вазирлиги тузилмасида Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси ва Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси ташкил этилди. Шунингдек, Наманган ва Қаршида синов тариқасида юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда барпо этилган Адиблар хиёбони, хиёбон ёнида ташкил этилган кутубхонага ташриф буюрди. Давлат раҳбари «Адиблар хиёбони» деб номланган интернет портали ташкил этиш таклифини билдирди.
Идоравий қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.
Адлия вазирлиги зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди. 2018−2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш, аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш шулар жумласидан.
Ҳарбийлар Урганчдаги карантин ҳудудидан бир неча марта қочишга уринган шахсни ушлади. У панжарадан ошиб ўтаётган вақтда ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ЕОИИнинг 2025 йилгача бўлган ривожланиш стратегиясини қабул қилмади. У стратегия ҳозирги ҳолатида жамоатчилик томонидан рад этилиши, шунингдек, ҳукумат ва парламентнинг суверен ҳуқуқларини чеклашини таъкидлади.
Мудофаа вазирлиги Спорт клуби Олий спорт натижаларини ривожлантириш марказига айлантирилади. Марказ мустақил бошқарма сифатида армияда оммавийлаштирилаётган спорт турларини ривожлантириш билан шуғулланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг