Тошкент аэропортининг учиб келиш залида 1 апрелдан бошлаб Sixt Uzbekistan бренди остидаги такси хизмати фаолият бошлади. Бу ушбу аэропортдаги Taxi Airport Tashkent`дан кейинги иккинчи расмий такси ҳисобланади.
3−8 апрель кунлари кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг ўзгариши сабабли 9 та вилоятда қор кўчиш хавфи юзага келиши мумкин.
26 апрелдан 12 майга қадар Тошкентда VIII Халқаро жаз фестивали бўлиб ўтади. Унда Германия, Исроил, Индонезия, Польша, Руминия, Украина, Франция ва Швейцариядан келган санъаткорлар чиқиш қилади.
Депутатлар Солиқ кодексининг «қотил» номини олган 227−1-моддасини ўзгартириш бўйича қонунни қабул қилди. Бу модда юзасидан жарима чоракдаги соф даромаднинг 100 фоизидан 2 фоизигача камаяди. Маълум бўлишича, модда бўйича 1,5 мингдан ортиқ тадбиркор жаримага тортилган ва 700 млрд сўм жарима солинган.
Тошкентнинг деярли барча туманларида 15 апрель-20 май кунлари режали профилактика-таъмирлаш ишлари ўтказилиши сабабли ичимлик суви навбатма-навбат вақтинча ўчирилади. Ҳудудларга махсус техникаларда сув етказиб берилади. Рўйхат.
Исроил Дамашқдаги Эрон консуллигига ракета ҳужуми уюштирди, оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Теҳрон «кескин жавоб» бўлишини ваъда қилди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунга уларни «хорижий вакиллар» деб эълон қилишга рухсат берувчи ўзгартиришларни имзолади. У қонун «мамлакатга фойда келтириши»ни айтди ва бундай ташкилотлар «таъқиб қилинмаслигига» ваъда берди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органларининг 2023 йилдаги очиқлик индекси натижаларини эълон қилди. Статистика агентлиги, ОКМК, Марказий банк, Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги энг яхши натижаларни қайд этди.
Ғазодаги ҳаво ҳужумида World Central Kitchen озиқ-овқат ташкилотининг етти ходими ҳалок бўлди. Ташкилот бунда Исроилни айблади, аммо Исроил армияси зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. WCK сектордаги ишини тўхтатмоқда. Ғазонинг 300 мингга яқин аҳолиси яқин орада очликдан ўлим топиши мумкин.
«Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон билан янги келишувга эришди. Унга кўра тўланиши лозим бўлган суммалар сезиларли кўринишда камайтирилди. Қарз Денилсонга 2026 йилгача уч қисмга бўлиб тўланадиган бўлди. Ривалдо билан ҳисоб-китоб эса 2028 йилга қадар ҳар йили бир мартадан амалга ошириладиган бўлди.
Хитой жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун Тошкентда президент ва ички ишлар вазири билан музокаралар ўтказди. Учрашувда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кадрлар тайёрлаш, замонавий технологиялар жорий этиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Пойтахтдаги Ўзбекистон давлат драма театрида таъмирлаш ишлари сабабли бир муддат томошалар ўтказилмайди. Ижодий жамоа кўчма спектакль ва гастроль сафарларини давом эттиради. Аввалроқ «Газета.uz» шароитидан кўра номи кўпроқ ўзгарган мазкур томошагоҳ ҳақида мақола эълон қилганди.
Тошкент ҳайвонот боғига кириш нархи 5000 сўмга қимматлади. Боғ маъмурияти буни ҳайвонларни парваришлаш харажатлари ва коммунал хизматлар нархи ортгани билан изоҳлади.
Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Хусен Тўхтаев Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди.
Ички ишлар вазирлиги уй қамоғидаги шахсларни электрон браслет орқали назорат қилиш кўзда тутилган қарор лойиҳасини эълон қилди. Браслет шахсларнинг оёғига тақилади. Бу амалиётни 2024 йилда босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.
Сешанба куни таъмирлаш ишлари туфайли пойтахтнинг Сергели (10:00 дан 18:00 гача) ва Янгиҳаёт (14:00 дан 17:00 гача) туманларидаги айрим жойларда газ етказиб бериш тўхтатилади.
Дурдона Раҳимова Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари лавозимига қайтди. У бунга қадар спорт вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
Рустам Ғафуров Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳокими бўлди. У бунга қадар вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи эди.
Ўн минглаб одамлар Тель-Авив ва Қуддус кўчаларига чиқиб, Исроилда муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ва ҲАМАС гаровидагиларни озод қилишни талаб қилди. Бу намойишлар Ғазо уруши бошланганидан бери мамлакатдаги энг йириклари бўлди. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлардан фойдаланди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси жамоатчиликни бинолардаги ҳимоя ва асраб-авайлашга муҳтож мозаика ва паннолар ҳақида хабар беришга чақирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг