Рамазон ҳайити муносабати билан 9 апрель соат 17:00 дан бошлаб Тошкент шаҳрига юк автомобилларининг кириши ва ҳаракати 24 соатга бутунлай тақиқланади.
ДХХ Қашқадарё вилоятида давлат рўйхатидан ўтмаган 3,7 мингта дорини 54 млн сўмга сотган аёл ва унинг танишини қўлга олди. Сирдарёда эса уйида 593 млн сўмлик 49 мингта флакондаги ҳужжатсиз дорини сақлаган фуқаро ва дорининг эгалари ушланди. Ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.
Тошкентда метро вагони ичида ўзига нотаниш бўлган аёлнинг бели ва белидан паст қисмини ушлаб, шилқимлик қилган йигит 5 суткага қамалди.
Ўзгидромет 12−15 апрель кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел-сув тошқини ҳодисалари содир бўлишидан огоҳлантирди. Ёмғир сувлари тўпланиши ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.
Наманганнинг Чортоқ туманида шифохонанинг ҳушёрлантириш бўлимига ётқизилган эркак темир панжарага ўзини осиб, вафот этди. У бир кун аввал турмуш ўртоғининг чақирувига асосан мастлиги сабабли ИИБ ходими томонидан шифохонага олиб борилган. Ҳолат назоратга олинди, деб ёзди омбудсман матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида қурилган Киберспорт аренаси билан танишди. Президент у ерда киберспорт, шахмат, «Заковат» интеллектуал ўйинлари, баскетбол мусобақаларини кузатиб, ёшлар билан суҳбатлашди. «Биз белгилаб олган стратегияни, катта марраларни шундай ёшлар билан амалга оширамиз», — деди у.
Россиянинг Самара вилоятида ичида 66 киши бўлган автобус ағдарилиб кетди. Оқибатда 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, 20 га яқин киши жароҳат олди. Мамлакатнинг Россиядаги элчихонаси «вазият алоҳида назорат остида» эканини билдирди.
Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидан қуруқликдаги қўшинларни олиб чиқиб кетаётганини эълон қилди, у ерда фақат битта бригада қолди. Исроил расмийлари ҳамон Рафаҳда қуруқликдаги операция ўтказиш ниятида.
Янгиланди: 10 апрель куни эрталаб Тошкент шаҳри жамоат транспорти бепул ишлайди. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида эса ЖТни бепул қилиш тавсия этилади.
Қозоғистонда 76 мингдан ортиқ одам хавфли сув тошқини зоналаридан эвакуация қилинди, мамлакатнинг 10 та ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев ушбу тошқинларни сўнгги 80 йилдаги энг даҳшатли офат деб атади.
Россиянинг «Стройпроект» компанияси Тошкентда 10 миллион долларга бизнес маркази қуради. У Алишер Навоий номидаги кино саройи ва «Пахтакор» стадиони ўртасидаги автотураргоҳ ўрнида жойлашади. Савдо-саноат палатаси қурилиш вақтида бирорта дарахтга зарар етказилмаслигига ишонтирди.
Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида металлургияга ихтисослашган саноат зонаси ва қуёш электр станцияси қурилишини бошлашда иштирок этди.
Президент Рамазон ҳайити арафасида 426 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Улардан 135 нафари асосий жазодан тўлиқ, 200 нафари шартли озод этилди. Афв этилганлар орасида 11 нафар хорижлик ва 3 нафар вояга етмаган шахслар бор.
Мусулмонлар идораси 10 апрель, чоршанба Рамазон ҳайити намозини ўқиш вақтларини эълон қилди.
9−15 апрель кунлари кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг ўзгариши сабабли 6 та вилоятда қор кўчиши хавфи юзага келиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев ADM Jizzakh автомобиль заводида бўлиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, корхонада ишлаб чиқарилиши бошланган янги Kia Sonet автомобили билан ҳам танишди.
25−30 апрель кунлари Хива шаҳрида иккинчи маротаба «Лазги» халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади. Маданият вазирлигига кўра, ҳозиргача 18 та давлатдан рақс гуруҳлари фестивалда қатнашиш истагини билдирган. Ғолиблар диплом, статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланади.
Рамазон ҳайити куни Тошкентда автобус ва метро соат 4:00 дан йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди. Дам олиш кунлари эса якшанба учун тасдиқланган жадваллар асосида ҳаракатланади.
«Иссиқлик электр станциялари» компанияси раиси биринчи ўринбосари Сардор Исакулов Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳокими бўлди. Собиқ ҳоким фаолиятидаги камчиликлари учун ишдан олинди.
Россия Украинанинг аҳолиси бўйича иккинчи шаҳри бўлган Харьковни яшаш учун яроқсиз «кулранг зона»га айлантирмоқчи, деб ёзмоқда Economist. Декабрь ойидан бошлаб Россия армияси шаҳарни бомбардимон қилишни кучайтирди, шунингдек, бошқариладиган авиабомбалардан фойдаланишни бошлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг