Президент яна бир бор экспорт муҳимлигини таъкидлади. «Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олиш зарур. Инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқ. Қанчалик кўп маҳсулот ишлаб чиқармайлик, экспорт учун керакли шарт-шароитни яратмасак, ўзгариш бўлмайди», — деди у.
Президент Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 млрд долларга етказиш режалари билан танишди. Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот маҳсулотларини тўғри қадоқлаш, экспортга етказиб беришда кластер тизимини яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистонда табиий ва суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича монополияни бекор қилиш ва паст босимли газ тақсимлаш тармоқларини бошқаришга хусусий бизнесни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасида уриб туширилган афғон ҳарбий вертолёти ҳақидаги хабарни рад этди. «Ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас», — дейилади вазирлик хабарида.
Россияда 3 кунлик президент сайлови якунланди. Владимир Путин унда бешинчи бор ғалаба қозонмоқда. Овоз беришнинг илк кунларида сайлов участкаларида вандализм ҳолатлари қайд этилган бўлса, охирги куни Россия ва хорижда «Путинга қарши пешин» акцияси бўлиб ўтди. «Газета.uz»да сайловнинг қисқача шарҳи.
Республика бўйлаб ташкил қилинган ҳашар доирасида Uzum ходимлари Тошкентда, шунингдек, Ўзбекистоннинг яна 20 та шаҳрида 100 дан ортиқ дарахтлар экишди.
Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов энергия ресурсларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири сифатида Туркманистон уларни қардош мамлакатларга етказиб беришга ва етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр эканини таъкидлади.
«Ўзбекнефтгаз» 2024 йил охиригача 29,3 млрд метр куб газ қазиб олиш учун газ қудуқларини бурғилашга 320 млн доллардан ортиқ, уларни таъмирлашга 45 млн доллар сарфлаш ва 79,6 млн долларлик геологик қидирув ишларини олиб боришни режалаштирмоқда. Бу ҳажм аввалги прогнозлардан 4,8 млрд куб метрга кам.
Когон туманида ичида ўқувчилари бўлган автобус юк машинаси билан тўқнашди. Оқибатда бир ўқувчи вафот этди, бир киши шифохонага ётқизилди, яна 25 киши тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Ўқувчилар автобусда театрга олиб кетилаётган бўлган.
Ўзбекистонда бюджет жараёни ва ички аудитни такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда. Лойиҳа, жумладан, Молия вазирлиги давлат бюджети ижроси бўйича Қонунчилик палатасига ҳар чоракда эмас, ҳар ярим йилда ахборот беришини назарда тутади. Асосий маълумотлар.
Ўзгидромет 20−22 март кунлари республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келишидан огоҳлантирди. Кутилаётган кучли ёмғир сувлари тўпланиши ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин, дея эслатди агентлик.
Рақобат қўмитаси Humo Air 2024 йилда 284 та авиарейсни бекор қилгани ва йўловчилар чипта пулини қайтариб ололмаётганини билдирди. Оқибатда истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун бузилган. Компания пулни қайтариш бўйича аризалар кўплиги, аммо барчаси ҳам тўғри ва тўлиқ эмаслигини айтмоқда.
ИИВ Бухоро вилояти ИИБнинг икки нафар ходими наркотик моддалар савдосида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинганини маълум қилди. Улардан биринчиси Бухоро шаҳри ИИБ жиноят қидирув бўлинмасида, иккинчиси вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармасининг гиёҳвандликка қарши курашиш бўлимида ишлаган.
Ўзбекистонда ҳафта бошида ҳаво жуда илиқ бўлади. Кейинроқ нам ҳаво массалари кириб келишни бошлайди. 20−21 март кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, жойларда кучли ёғингарчилик бўлиши мумкин. 21−22 март кунлари ҳаво ҳарорати +10…+15 даражагача пасайиши эҳтимоли бор.
Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Россияда бўлиб ўтган президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан табриклади. Табрикда сайловчиларнинг юқори фаоллиги «Владимир Путиннинг сиёсати ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин намойиши» экани айтилади.
Самарқандда кишанланган бола ҳарбий спорт мактабида ўқиган. «Хулқи оғирлиги» учун уни вояга етмаганлар марказига юбормоқчи бўлишган. «Болага нисбатан бундай ғайриинсоний чора кўрилишига йўл қўйиб бўлмайди», — деди болалар омбудсмани. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам ҳолатни назоратга олди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Самарқандда болага нисбатан зўравонлик — кишанланиб, машинага қамаб қўйилгани ҳақида хабар берди. Мазкур ҳолат юзасидан зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2025−2026 йилларда ўтказилиши режалаштирилмоқда. У 2022 йилга режа қилинганди, аммо пандемия туфайли кейинга қолдирилган. Натижалар 2027 йилда эълон қилинади. Статистика агентлиги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик кўради.
Президент Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ташкилий қўмитага бош вазир бошчилик қилади. Ўзбекистонни хорижда танитиш учун турли тадбирлар уюштирилади, эсдалик совғалари чоп этилади ва тарғибот ишлари олиб борилади.
«Ўзавиация» Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпаниясига Ўзбекистонга парвоз қилишга рухсат берди. 15 март куни авиаташувчи Туркистон ва Самарқанд ўртасида қатновларни бошлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг