Қўқон аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди. 20 март куни аэропорт биринчи техник парвозни қабул қилди, мунтазам парвозлар эса 1 апрелдан бошланади. Аэропорт 2001 йилдан бери фуқаролик самолётлари учун ёпилган ва ҳарбий ҳаво кучлари томонидан фойдаланилган.
Президент Тошкент шаҳридаги ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли «Мурувват» интернат уйига ташриф буюрди. Бу ерда 299 нафар бола васийликка олинган, 334 нафар ходим ишлайди. Шавкат Мирзиёев болалар билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаётда ўрин топишига шароит ва кўмак кўрсатилишига ишонтирди.
Логопед Дилором Жабборованинг дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга уринган ҳолати ўрганилиб, усул «илмий асосланмаган ва педагогика қоидаларига зид» деб топилди. Шунингдек, у алдаш ва одамлар ишончини суиистеъмол қилишда айбланиб, фирибгарлик бўйича жиноий иш очилди.
Юнусобод туманида BMW ҳайдовчиси рул бошқарувини йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетди. Ҳайдовчи ва йўловчи шифохонага ётқизилди.
«Гап йўқ. Маслаҳат» ҳажвий кўрсатуви бошловчиси Олим Ҳожишарипов хасталик сабаб 58 ёшида вафот этди.
Бўка туманида аёл қарамоғига топшириб кетилган жиянини дарс тайёрламагани учун ўласи қилиб калтаклади. У жароҳати сабаб уч кун ўтиб шифохонада вафот этди. Аёл қамоққа олинган. Қизнинг ота-онаси Россияда экани аниқланди.
Марказий сайлов комиссияси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Зайниддин Низомхўжаев таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан «Хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланди.
Россиялик журналист ва спорт шарҳловчиси Василий Уткин 52 ёшида вафот этди. Ўлимининг дастлабки сабаби сифатида ўпка эмболияси — ўпка артериясида ҳосил бўлган тромб кўрсатилмоқда.
АҚШ ҳукумати саратон касаллигини келтириб чиқарувчи асбест минералидан фойдаланиш тўлиқ тақиқланишини эълон қилди. Ҳар йили мамлакатда 40 мингга яқин одам асбест билан боғлиқ касалликлардан вафот этади.
Данияр Камиловнинг Petroleum Technology Group компаниясига тегишли 80 та «Ўзбекнефтгаз» ёқилғи қуйиш шохобчаларининг нархи камида 100 миллион долларни ташкил қилиши мумкин (ер нархидан ташқари). Давактив ва «Ўзбекнефтгаз» ҳалигача келишув тафсилотларини ошкор қилмади.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги «Дилбулоқ» маҳалласида бўлиб, маҳалла «еттилиги» ва аҳоли томонидан ташкил этилган корхоналар фаолияти билан танишди. Шунингдек, фуқароларни яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклади. Фото.
АҚШда асли ўзбекистонлик эркак аввал собиқ хотинини, сўнг ўзини отиб ташлади. Улар Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчилари бўлган. Собиқ турмуш ўртоқлардан 10 ва 12 ёшли икки фарзанди қолди.
Тошкент 2023 йилда дунёнинг ҳавоси энг ифлос пойтахтлари рейтингида 22-ўринни эгаллади. IQAir маълумотларига кўра, шаҳарда PM2,5`нинг ўртача йиллик даражаси ЖССТ тавсияларидан 5−7 баравар юқори бўлган.
Ўзбекистон давлат банкларини хусусийлаштириш яна кечиктирилиши мумкин, деди Fitch Ratings директори ўринбосари Павел Каптел. Уларнинг сотувдан олдинги тайёргарлик ишлари ҳамон давом этмоқда. Давлат акцияларини ўз вақтида сотиш халқаро молия ташкилотларининг банклар капиталига киришига ҳам боғлиқ.
Бухоро вилоятида мансабдор шахслар болаларни автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилишни ташкил этиш қоидаларини қўпол равишда бузган, деб хабар қилди Бош прокуратура. Ҳолат юзасидан «Мансабга совуққонлик билан қараш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. ЙТҲда икки ўқувчи ва ҳайдовчи ҳалок бўлганди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сув сарфини ўлчаш учун бир-бирига ҳисоблагич ўрнатади. Томонлар маълумотларни онлайн тарзда алмашиб боради. Аввалроқ Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида ҳам худди шу мақсадда гидропостлар ўрнатилган эди.
Бухоро вилояти Когон туманида юк машинаси ва автобус иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган яна бир ўқувчи вафот этди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари шифохонага бориб, ўқувчилар билан учрашди.
Дронларни ноқонуний олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун қўлланган жазоларни енгиллаштирувчи қонун жорий жазонинг номутаносиблигини тан олади. Фуқаролар ва сайёҳларнинг эътирозлари асосли деб ҳисобланади. Энди биринчи қоидабузарлик учун озодликдан маҳрум қилиш эмас, жарима жазоси қўлланади.
БМТ Ғазо секторининг шимолий ҳудудларида яқин икки ой ичида оммавий очарчилик бошланишини башорат қилмоқда. БМТ раҳбари буни «мутлақ техноген фалокат» деб атади ва Исроил ҳукуматини анклав аҳолисига инсонпарварлик ёрдамидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини беришга чақирди.
Қозоғистонда нефть маҳсулотларини автомобиль транспортида олиб чиқишга қўйилган тақиқ яна олти ойга узайтирилади. Сўнгги чеклов 2022 йил июль ойида жорий қилинганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг