Қонунчилик палатаси спикери ўрибосари Раҳим Ҳакимов палатанинг барча органлари бу йилги фаолиятида президент ташаббусларини биринчи галдаги вазифа сифатида белгилаб, уларни оғишмай амалга ошириши лозим бўлишини таъкидлади.
Президент фармони билан 2025 йил 1 июлдан юридик шахсларга нисбатан ядровий хавфсизлик талабларини бузганлик учун жарималар қўлланилиши жорий этилади. Шунингдек, Ўзбекистон тўртта халқаро шартномага қўшилиши режалаштирилмоқда.
Жиззах шаҳрида қутқарувчилар кир ювиш машинасининг қуритиш қисмида қисилиб қолган болани қутқарди. Бола жароҳатланмаган.
10 январдан Тошкент — Хўжакент йўналишидаги электропоездлар Жанубий вокзалдан ҳаракатлана бошлайди. Улар шу пайтгача Шимолий вокзалдан юрган.
АҚШ Конгресси вице-президент Камала Ҳаррис раислигида Дональд Трамп ғалаба қозонган президентлик сайловлари натижаларини тасдиқлади. Овозларни сертификатлаш расмиятчилик саналса-да, жараён 2021 йилда Трамп тарафдорларининг Капитолийга бостириб кириши билан ёдда қолган.
«Украинада президентлик сайлови ҳарбий ҳолат тугаганидан сўнг дарҳол ўтказилади», — деди Владимир Зеленский. «Ёки парламент қонунчиликни ўзгартириши керак», — деган президент қонун уруш шароитида сайлов ўтказишни тақиқлашига ишора қилди ва жамият бунга қарши эканини билдирди.
2015 йилдан бери Канада бош вазири ва Либерал партия етакчиси бўлиб келган Жастин Трюдо истеъфога чиққанини эълон қилди, бу ҳукуматда тартибсизликлар кучайган паллада юз берди. Трюдо партия янги номзодни танлагунча лавозимида қолади. Истеъфодан сўнг Трамп Канадага 51-штат бўлишни яна таклиф этди.
Наманганда фуқаро ва унинг онасини Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига юбориш эвазига 10 минг доллар олган шахс қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳаж ва Умра зиёратлари билан боғлиқ яна 4 та ҳолатни аниқлади.
Душанба куни Навоий вилояти Томди туманида 3,6 магнитудали ер силкиниши қайд этилди.
Нью Йоркнинг марказий кўчаларида тиғиз вақтларда йўл ҳақи тўлаш жорий этилди. Ҳали АҚШнинг ҳеч бир шаҳрида бундай қоида киритилмаганди. Манҳеттенга кириш нархи — кунига 9 доллар. Шаҳар ҳукумати шу тариқа тирбандликка қарши курашмоқчи ва жамоат транспортини ривожлантириш учун маблағ йиғмоқчи.
5 январь куни Лос-Анжелесда «Олтин глобус»нинг 82-мукофот топшириш маросими бўлиб ўтди. «Бруталист» ва «Эмилия Перес» энг яхши фильм деб топилган бўлса, «Сёгун» ҳамда «Уддабуронликлар» энг яхши сериал бўлди. Деми Мур «Субстанция» фильмидаги ижроси учун энг яхши актриса совринини қўлга киритди.
Ўзбекистонда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, жумладан, электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, мосламаларни республика ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқишга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокатга учрашига «Россия Федерацияси вакиллари» айбдор эканини айтди. У Россиядан айбдорларни жазолашни ҳамда «инсоний хулқ-атвор»ни талаб қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 январдан қисқа муддатли таътилга чиқди.
Фарғонада энага зинадан йиқилиб тушган икки ёшли қарамоғидаги қизчани касалхонага олиб бормади. Бола оғир жароҳат олган. Хавф остида қолдириш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Айиқ билан машғулот ўтказган боксчи Шаҳрам Ғиёсов 1 млн 125 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Спортчи ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб узр суради. Экология вазирлиги жонивор Фарғона ҳайвонот боғига топширилганини билдирди.
Денов туманида юпун кийинган ўқувчилар маданият бўлими топшириғи билан совуқ об-ҳавода кўприк очилишига жалб қилинди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича Маданият вазирлигига тақдимнома киритди. Мактаб директорларига «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланди.
Тармоқларда Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган болалар билан тўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарлар асоссиз эканини қайд этиб, ҳолатга изоҳ берди.
ҲАМАС ўз қўшинларини Ғазо ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаш эвазига 34 нафар исроилликни озод қилишга розилигини билдирди. ОАВ маълумотларига кўра, ўтган ҳафта Қатарда томонлар келишув бўйича музокараларни қайта тиклаган.
Андижоннинг Марҳамат туманидаги хонадонда газ чақнади. Оқибатда бир оиланинг тўрт аъзоси турли даражада тан жароҳати олди, улардан бири вафот этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг