Ўзбекистон АҚШнинг янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва олий даражадаги ташрифни ташкил этишни режалаштирмоқда, дейилади 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида. Мамлакат АҚШ билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни ҳам кўриб чиқмоқда.
Ўзбекистонда, 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасидан маълум бўлишича, Канадада бош консулхона очиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Бразилия, Аргентина ва Америка қитъасининг бошқа давлатлари билан алоқаларни ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидан қўшни давлатларга янги автобус қатновлари ташкил этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, Бухоро — Туркистон, Тошкент — Уфа, Нукус — Урумчи йўналишлари йўлга қўйилади. Транспорт вазирлиги қатновларни амалга ошириш истагидаги ташувчиларга ҳамкорлик таклиф қилди.
Тошкент вилояти Янгийўл туманида назорат рейд тадбири вақтида 4 нафар номаълум шахс туман экология бўлими бошлиғи ва бош мутахассисига жароҳат етказди. Улар машинасида йўлни тўсиб, инспекторлар фаолиятига тўсқинлик қилди. Ходимларга шифохонада биринчи ёрдам кўрсатилди, ИИБ вазиятни ўрганмоқда.
Ҳукумат қарори билан туристик кластерларни ташкил этиш тартиби тасдиқланди. Туроператор — меҳмонхона — транспорт хизматларини кўрсатадиган, меҳмонларни сақлаш ва ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиш учун шароити мавжуд тадбиркорлар туристик кластер мақомини олишга ариза юбориши мумкин.
Депутатлар мажбуриятлар реестрини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унда суд ва бошқа ҳужжатлар бўйича мажбуриятларини бажара олмайдиган қарздорлар маълумотлари бўлади. Бунда жорий этилган чекловлар мажбурият бажарилгунга қадар ўз кучида қолади.
Дания, Гренландия ва Канада бош вазирлари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг ушбу ҳудудлар устидан назорат ўрнатиш истагини билдирган баёнотларига изоҳ берди. «Гренландия Гренландия халқига тегишли», — деб жавоб берди гренланд ҳукумати раҳбари.
ЖССТ метапневмовирус бўйича изоҳ бераркан, у янги вирус эмаслигини таъкидлади. У кенг тарқалган бўлиб, қиш ва баҳорда айланиб юради ва шамоллашга ўхшаш респиратор аломатларни келтириб чиқаради. Вирусли инфекция учун одатий профилактика чоралари — қўлларни ювиш ва хонани шамоллатиш.
БАА Исроил ва АҚШ билан Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан кейин Ғазо секторининг келажаги бўйича ёпиқ музокаралар олиб бормоқда, деб ёзди Reuters. Абу Даби Фаластин маъмуриятини ислоҳ қилиш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш тарафдори.
2024 йилда 263,9 млрд сўмлик 234 та давлат хариди ноқонуний ўтказилгани аниқланиб, натижалари бекор қилинди, деб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мониторинг хулосаларини эълон қилди. Уларнинг аксарияти ССВ, Транспорт вазирлиги ҳиссасига тўғри келди.
Қонунчилик палатасида қишлоқ хўжалигини суғурталаш жамғармасини ташкил этиш бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат билан суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Олий суд экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ва Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган контентлар рўйхатини янгилади. Улар орасида Telegram, YouTube, Instagram`даги ва аудио, видео ва матн форматдаги материаллар бор.
Дональд Трамп Гренландия ва Панама канали АҚШ назоратига ўтиши кераклиги, бунинг учун ҳарбий куч ишлатишни истисно қилмаслигини айтди. У, шунингдек, Канадани Қўшма Штатларга қўшиш учун «иқтисодий куч» билан таҳдид қилди. АҚШнинг сайланган президенти яна нималар деди — «Газета.uz» обзорида.
Ҳукумат қарори билан аттракционлар хавфсизлиги бўйича техник регламент ва уларнинг давлат реестрини юритиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Хавфсизлик талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати асосан тўртта идора томонидан амалга оширилади.
Қорақалпоғистон иқтисодиёт ва молия вазири этиб Нуруллан Эрлепесов Умирзакович тайинланди.
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат раҳбарлари уч давлат чегаралари туташган нуқтада умумий чегара участкалари чизиғи масаласи бўйича учрашув ўтказди. Улар ушбу йиғилиш «халқлар ва мамлакатлар фаровонлиги йўлида минтақа тақдирини ўнлаб йиллар давомида белгилаб беришига» ишонч билдирди.
23 декабрь куни Бўстонлиқ туманида 4 ёшли қиз онасининг калтаклаши оқибатида шифохонага ётқизилганди. Бола 15 кун ўтиб тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши қарори билан 2025 йил февраль ойидан аҳоли ва юридик шахслар учун иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти тарифлари нархи оширилмоқда. Рўйхат.
Ўзбекистоннинг халқаро захиралари декабрь ойида 290 млн долларга камайиб, 2024 йил якунига кўра 41 млрд 181,6 млн долларни ташкил этди. Йил давомида олтин нархининг кўтарилиши фонида резервлар қиймати 6,6 млрд долларга кўпайди.
Депутатлар электрон сигареталар (тамакини иситиш тизимлари эмас, вейплар) муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Соғлиқни сақлаш вазири бундай сигареталар ёшлар орасида кенг тарқалганини айтиб, уларнинг зарари ҳақида маълумот берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг