Президент фармони билан фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимоясини, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларини интернет орқали жонли эфирга узатиш белгиланди.
Шерзод Бўриев Шаҳрисабз шаҳрига ҳоким этиб тайинланди. У бунга қадар Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Президент фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилди. 1 декабрдан «Ҳаж»га бориш учун навбатда турганлар, болаларни «боғча»га қабул қилиш бўйича аризалар навбати ва яна 3 турдаги маълумотлар ҳам очиқ эълон қилинади.
«Антиструмин» препарати билан боғлиқ жиноий иш доирасида 3 нафар шифокор аёлнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотларнинг тарқатилиши терговнинг холис ва объектив ўтказилишига тўсқинлик қилмоқда, дея хабар берди Бош прокуратура.
Янги Зеландияда 2008 йилдан кейин туғилганларга сигарет сотишни тақиқлаш бўйича қонун бекор қилинди. Ҳукумат буни солиқларни камайтириш мақсадида қилингани билан изоҳлади.
Япония ҳукумати Қорақалпоғистоннинг Нукус тумани тиббиёт бирлашмасига қарийб 100 минг долларлик ультратовуш текшируви аппарати совға қилди.
Тошкент ҳайвонот боғига Жанубий Африкадан 3 та зебра, 3 та жирафа боласи, оқ Бенгал йўлбарси ва оқ шер олиб келинди. 2022 йилнинг август ойида у ердаги Алатау лақабли жирафа нобуд бўлганди.
Наманганда уч нафар тиббиёт ходими болаларнинг йоддан заҳарланиши билан боғлиқ иш бўйича эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Врачлар ассоциацияси эҳтиёт чорасини енгилроғига ўзгартиришни сўраб, президентга хат йўллади.
iTicket.uz Тошкентдаги Humo Arena`да бўлиб ўтган санъаткор Jah Khalib`нинг концертига кўпчилик учинчи шахс ёки сайтлардан қалбаки чипталар сотиб олгани учун кира олмаганини маълум қилди. Чипталарни расмий манбалар орқали сотиб олганларга пул қайтарилади, деди компания.
Булоқбоши туманидаги конда 46 ёшли эркакнинг устига тош юмалаб, босиб қолди. Оқибатда у воқеа жойида вафот этди.
Термиз шаҳри ҳокими Ўктам Тўраев чиқинди ташиш билан шуғулланувчи корхона раҳбарини 15 суткага қаматишга урингани хабар қилинди. Ҳокимлик эса буни рад этиб, тадбиркорга чиқиндилар ўз вақтида йиғиштириб олинмагани ва шаҳарни ободонлаштириш қоидалари бузилгани учун жарима қўлланганини билдирди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси DV-2023 (Грин кард) дастури орқали иммиграцион визаларни тақдим этиш бўйича дунёда 7-ўринни эгаллади. Бу мавсумда лоторея ютуғининг 5,5 мингдан зиёдроғи ўзбекистонликларга чиққан, берилган визалар сони эса 3100 дан кўпроқни ташкил этган.
Самарқанд шаҳрида жанжал бўлаётгани юзасидан келиб тушган чақириққа кўра хонадонга борган профилактика инспектори уй эгалари томонидан калтакланди. Шунингдек, унга тегишли машина ойналари синдирилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 2 фуқаро қамоққа олинди.
Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида «яшил водород»ни «пилот» тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш лойиҳаларига старт берилди.
Қўшиқчи Jah Khalib концерти вақти Humo Arena мажмуасидаги тартибсизликлар вақтида фуқаролар жароҳатлангани ва вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳолатлар бўйича хабар келиб тушмаганини маълум қилди ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.
Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида икки давлат ўртасида 12 млрд долларлик келишувлар имзоланди. Шунингдек, яна 11 млрд долларлик лойиҳа ва дастурларни илгари суришга келишилди. Шавкат Мирзиёев вазирни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Ўзбекистонда 29 ноябрь куни баъзи жойларда ёмғир ёғади, шамол кучаяди. Ҳаво ҳарорати пасайишни бошлайди ва иш ҳафтасининг иккинчи ярмида кечаси +7, кундузи +15 даражагача илиқ, шимолда кечаси -5 даражагача совуқ, кундузи +10 даражагача илиқни ташкил этади.
2024 йилдан тадбиркорлар ўртасида «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» танлови ўтказилади. Ғолиб 100 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланади ва унинг фаолияти 2 йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди.
Шаҳрисабз туманида 14 ёшли қизни 7 ой давомида жинсий қулликда сақлаб келгани айтилган аёл қамоққа олинди. Ижтимоий ҳимоя агентлиги қиз отасининг қарамоғида бўлгани, онаси эса чет элда эканини билдирди. «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази қизнинг саломатлигини тиклаш ишларини олиб бормоқда.
Жамил Шарапов Ўзбекистоннинг Нью-Йоркда бош консули вазифасини бажаришга киришди. У шу пайтга қадар ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг