Қозоғистон суди мамлакат фуқаросини «Вагнер» ХҲК таркибида Украинадаги урушда қатнашгани учун 6 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилди — у ёлланиш моддаси бўйича айбдор деб топилди.
Шоядбек Бабаев Андижоннинг Пахтаобод туманига ҳокими этиб тайинланди. У бунгача Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган.
Қонунчилик палатаси Ўзбекистонга дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун жазоларни юмшатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳозирда бунинг учун жиноий жавобгарлик бор, лекин келажакда биринчи ушбу ҳуқуқбузарлик учун фақат маъмурий жавобгарлик бўлиши кўзда тутилган.
Тожикистонда мамлакат Жиноят кодексига вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жазони кучайтирувчи ўзгартиришлар киритди.
Каромидин Гадоев Ўзбекистоннинг Малайзиядаги янги элчиси бўлди. У шу пайтга қадар ТИВнинг БМТ ва бошқа халқаро сиёсий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь — 2 декабрь кунлари БМТнинг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясида иштирок этиш учун Дубайда бўлади. Давлат раҳбари ялпи сессияда нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда декабрь ойи қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланади. Ой охиригача ҳарорат кечаси −6…+8 даража, кундузи +2…+18 даража атрофида бўлиши кутилмоқда. Вақти-вақти билан ёғингарчиликлар кузатилади.
Тошкент шаҳридаги аҳоли ва ташкилотлар учун чиқинди тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати нархи 1,5−1,6 бараварга — уйда яшовчи ҳар бир киши учун ойига 4500 сўмдан 7500 сўмга, бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун 53 986 сўмдан 89 966 сўмгача ошади.
Расмийлар Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтини Сергели туманига кўчириш ҳамда уларни бирлаштириш лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Келгусида бошқа олийгоҳларни ҳам сиғими ва илмий салоҳиятидан келиб чиқиб, босқичма-босқич катталаштириш (бирлаштириш) режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Етакчилар кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожланиб, кенгайиб бораётганини қайд этди.
«Ўзкимёсаноат»нинг маълум қилишича, Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб яшил водороддан минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу билан ўғит ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни қисқартириш ва ҳар йили қарийб 33 млн метр куб табиий газни иқтисод қилиш мақсад қилинган.
Qanot Sharq авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдан Самарқандга учган самолёт Қозоғистон Ақтўбе аэропортига фавқулодда қўнди. Ҳолатга йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб бўлди. Самолёт яқин вақт ичида яна учиб кетиши кутилмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси Исроилни Суриядаги Голан тепаликларини тарк этишга чақирувчи резолюцияни яна қабул қилди. Ҳужжатни 91 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади.
10 декабрдан Тошкент−Сариосиё йўналишида янги йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади. Шу пайтгача бўлган Тошкент−Термиз−Сариосиё йўналишида ҳам поездлар қатнови давом этади.
Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун қабул қилди. Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» сурат ва видеоларини интернетга жойлаганлик учун жазолаш тўғрисидаги банд ҳам ўрин олган.
2023 йилда 2 ГВт, 2024 йилда эса яна 4 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. Президент улар учун кабел, генератор, инвертор, трансформаторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича топшириқ берди ва электротехника тармоғига 100 млн доллар ажратилишини маълум қилди.
Чоршанба тонгида Янгиҳаёт туманида 132-сонли автобус юк машинаси билан тўқнашди. Дастабки маълумотга кўра, ЙТҲ оқибатида 3 нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган. Автобус ва юк автомобили техник шикастланган.
Президент энг кўп истеъмол қилинадиган 50 та дорини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш орқали фармацевтика соҳасида маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказиш топшириғини берди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги улушини 40 фоизга ошириш, шунингдек, оригинал дорилар яратишни бошлаш режалаштирилмоқда.
Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш юзасидан шартнома бўйича ишлар якуний босқичда эканини таъкидлади. «Шартнома юзасидан ишлар анча қизғин давом этмоқда, умуман олганда, биз шартнома имзолашдан йироқда эмасмиз», — деди у.
Ўзбекистонда «Ёшлар учун минг китоб» лойиҳасини амалга оширилиб, унинг доирасида жаҳонда машҳур 1000 та китоб ўзбек тилига таржима қилинади. Экспертлар кенгаши ҳар йили китобларнинг дастлабки рўйхатини шакллантиради, аҳоли бу рўйхатдан овоз бериш йўли орқали якуний рўйхатни шакллантириб беради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг