Оҳангарон туманида сомондан бўшаган ерлар ёқиб юборилганини ўрганиш учун борган инспектор калтакланди. Ходимга куч ишлатган фуқарога нисбатан жиноят иши очилди. Инспекторнинг аҳволи яхши деб баҳоланмоқда.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманида мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркор икки дона чинор дарахтини кестириб ташлади. Оқибатда табиатга 204 млн 105 минг сўм зарар етказилди.
UzAuto Motors компанияси Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари учун барча шартномалар тўлангани, йил охиригача 50 мингдан ортиқ автомобиль эгаларига топширилишини маълум қилди. 2024 йилдан эса автомобиллар шартнома тузилган кундан бошлаб уч ой ичида етказиб берилиши ваъда қилинмоқда.
Ўзбекистон қийноққа қарши ўзининг мустаҳкам позициясига эга, деди омбудсман Тошкент шаҳри ИИББда гумонланувчининг ўлганига муносабат билдираркан. Унинг сўзларига кўра, жиноят учун жазо муқаррар, лекин бу жазо суд орқали тайинланиши керак.
Қирғизистон сув камайиши фонида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига суғорма сувни етказиб беришни тўхтатди. Қозоғистон Экология вазирлиги ҳудуд далаларида сув тақчиллиги сабабли «ноқулай вазият» юзага келгани, мамлакатда суғориладиган ерлар инвентаризациядан ўтказилиши ҳақида хабар берди.
Veolia Energy Tashkent компанияси пойтахтдаги иссиқлик тармоқларида техник аудит ўтказмоқда. Бу маълумотлар иссиқлик тармоқларининг техник ҳолатини аниқлаш имконини беради ва Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича инвестиция дастурини оптималлаштиради.
Туркманистон Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» бўйича баёнотлардан хавотирда. Уларда иттифоқ кенгайиши мумкинлиги айтилган, аммо кимлар ҳисобига экани тушунарсиз, Туркманистон қувурлари орқали эса бошқа давлат гази транзити режалаштирилмаган, деди «Туркмангаз» расмийси.
Суд инсон ҳалок бўлган ЙТҲни содир этганликда айбланган «Уммон» гуруҳининг собиқ солисти Зоҳид Рисқиевга нисбатан шартли равишда 2 йил синов муддати бериб, озодликда қолдирди, қолаверса, уни 3 йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Тижорат банклари 14 август куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 980−12 020 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 12 050−12 120 сўм.
Қибрай туманида дарахтга урилган 18 ёшли Spark ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди, бир йўловчи шифохонага ёткизилди. Воқеага йўлнинг хавфли бурилиш қисмида ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши сабаб бўлган.
Nemolchi.uz лойиҳаси 3−5-синф ўқувчиларини ахлоқсиз ҳаракатлар қилишга мажбурлаган ва 2 йилга озодликдан маҳрум этилган мактаб психологи Азад Гасанов муддатидан олдин озод этилгани ҳақида хабар берди. Тошкент шаҳри таълим бошқармаси эса у ҳозирда ҳеч қайси мактабда ишламаётганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар ИИББда тергов вақтида фуқаро вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ички ишлар ходимлари мансаб ваколатидан четга чиқиш ва қийноққа солишда гумонланмоқда.
Душанба, сешанба кунлари ҳарорат кундузи +27…+32 даража бўлади. Бу август ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан 2−4 даражага паст. Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво аста-секин чекиниб, ҳарорат кўтарилади ва кундузи +37 даража атрофида бўлади.
14 август куни соат 20:00 гача Тошкентнинг Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларининг айрим жойларида газ, Шайхонтоҳур, Олмазор ва Чилонзор туманларининг баъзи ҳудудларида эса иссиқ сув ўчирилади.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги ички ишлар бўлимида қўлга олинган шахс вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИББ маълумотига кўра, ўта оғир жиноятларда гумон қилинган эркак баённома расмийлаштириш чоғида ҳушини йўқотган ва вафот этган.
Президент Тошкент, Фарғона ва Бухоро вилоятларида ўнлаб раҳбарлар ишдан олинганидан ҳар бир ҳоким хулоса қилиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, кенгаш халқ овозига айланиб, жойларда ким ишдан кетиши борасида таклиф бериши керак.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта 42 метрли тўсини қулагани акс этган видео пайдо бўлди. Улар юк машинаси устига тушганини кўриш мумкин.
Данғара туманида оҳак цехи 1 млрд 54 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Фуқаро 18 та ностандарт газ ёндиргичларини ер ости газ қувурига улаб олган.
Олтинкўл туманидан ўтган Қорадарёдан 11 ёшли ўғил бола жасади топилди. Ҳолат бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланган. Вилоят ФВБ навбатчи диспетчерлик хизматига сувда чўкиш бўйича хабар келиб тушмаган, дейилади бошқарма хабарида.
Фарғона вилоятида содир бўлган икки ЙТҲ оқибатида икки йўловчи вафот этди. ЙТҲларнинг ҳар иккиси ҳам Damas иштирокида содир бўлган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг