Россия Украина, Туркия ва БМТ билан дон шартномасини 60 кунга узайтиришга рози бўлди. Мазкур битим 2022 йил июль ойида тузилган ва ноябрь ойида узайтирилган эди.
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг «Офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами» мавзусида навбатдан ташқари саммитида иштирок этиш учун Туркияга боради.
Тошкентда кузатилган узлуксиз ёғингарчиликлар туфайли Олмазор туманидаги қариялар уйининг девори қулаб тушди. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмади. Фақатгина девор олдида турган Nexia 3 автомобили шикастланган.
Олий Мажлис Сенати Конституциявий қонунни ва уни умумхалқ референдумига қўйишни маъқуллади. Қонун уч кун ичида матбуот ва бошқа ОАВларда эълон қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон Конституциявий судининг қарорида референдумда қандай саволга жавоб бериш сўралиши маълум бўлди. Қолаверса, Конституция янгилангандан сўнг, давлат амалдорлари ушбу лавозимларга бошқа фуқаролар билан тенг равишда сайланиши ва тайинланиши мумкинлиги тушунтирилди.
Андре Карстенс Нидерландиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси (қароргоҳи Остона шаҳрида) этиб тайинланди. ТИВда унинг ишонч ёрлиқлари қабул қилинди.
Uzbekistan Airways 23−31 март кунлари 12 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар учун маҳаллий авиақатновларга 21 фоизлик чегирма эълон қилди. Чегирма Ёшлар туризми ҳафталиги ўтказилиши муносабати билан тақдим этилмоқда.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Менглибой Муродов 80 ёшида вафот этди. Адиб «Менинг бола қалбим», «Кўнгилдаги қўшиқлар», «Умидли дунё» китоблари муаллифи ҳисобланади. «Гуноҳ» романи мустақилликнинг 17 йиллигида ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» танловида 3-ўринга лойиқ кўрилган.
Ўзбекистон президенти Сурхондарёдаги Бойсун-Денов йўналиши бўйлаб йўл сифати юзасидан фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олиб, сифатсиз йўлда Malibu ҳайдади. Шавкат Мирзиёев бу йўлларда ҳаракат қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Савид Иматов Сирдарё вилояти прокурори лавозимига тайинланди. У бунга қадар Қорақалпоғистон прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Экспертлар Сув хўжалиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш ишларини қониқарсиз деб баҳолади. Бунга раҳбарларнинг ушбу йўналишда шахсий ташаббуси етарли эмаслиги ҳам сабаб бўлган. Энг яхши натижа Солиқ қўмитасида қайд этилди.
Тўрақўрғонлик эркак ўзини Шимолий Фарғона каналига ташлаб, ҳалок бўлди. 54 ёшли фуқаронинг нега бундай қилгани ҳозирча номаълум. Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.
Қонун билан электр, иссиқлик, газ ёки водопроводдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланиш ўғирлик деб белгиланди. МЖтК ва ЖКга киритилган ўзгартишларга кўра, энди ушбу жиноятни содир этганлар 6 млн сўмгача жаримага тортилиши ёки 5 йилга қамалиши мумкин.
Тармоқларда жиззахлик икки фуқаро ЙПХ ходимлари ҳақида суратга олган ҳазиломуз видео тарқалди. ИИВ маълум қилишича, уларнинг бири 15 сутка, бошқаси эса 10 суткага қамалди.
Тижорат банклари 14 март куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 365 — 11 400 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 430 — 11 480 сўм.
Олмазор туманида Epica, 2 та Cobalt ва Matiz тўқнашиб кетди. ЙТҲ оқибатида 2 ҳайдовчи ва йўловчилар жароҳатланди.
14 мартдан UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғида Аи-92 бензини бир литри учун 7500 сўмдан сотилмоқда. Шу вақтгача унинг нархи 9000 сўм атрофида эди.
Хатирчи тумани халқ таълими бўлими мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди. Улар 43,6 млн сўм миқдоридаги рағбатлантириш ва иш ҳақларини ноқонуний ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.
АҚШда теракт уюштирган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов умрбод озодликдан маҳрум қилинди. У 2017 йилда Нью-Йоркда юк машинасида 8 нафар инсонни босиб кетиб ўлдирган ва ўнлаб одамларни жиддий жароҳатлаганди.
Бир йил аввал Сирдарё вилояти прокурори этиб тайинланган Санжар Мавлонов ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилди. Унинг жиноят устида қўлга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар рад этилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг