Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлигида иш бошлади. У вазир Азиз Абдуҳакимовнинг маслаҳатчиси бўлади. Бу лавозим унга президент администрацияси томонидан таклиф қилинган.
Нукус воқеалари иши бўйича 16 йилга қамалган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси Ринат Тажимуратов «Газета.uz»га берган интервьюсида суд иши ва апелляция бериш режалари ҳақида гапирди. Унинг айтишича, айблов «тўлиқ ютқазди», акасининг айби ва ташқи кучларнинг эҳтимолий таъсирини исботлай олмади.
Тошкент шаҳри Оила ва хотин-қизлар бошқармаси Янгиҳаётда 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилганидан сўнг ота-оналарга мурожаат қилди. Бошқарма улардан фарзандларининг мактабга бориш-келишида ҳамроҳлик қилишни ҳамда доимо алоқада бўлишни сўради.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан умумий ўрта таълим тўғрисидаги электрон шаҳодатномаларни бериш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди. Энди битирувчилар шаҳодатномани электрон платформадан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали бепул юклаб олади.
2 февралдан барча ҳудудлардаги «заправка»лар фаолияти босқичма-босқич тикланади. АГТКШлар фаолияти маҳаллий ҳокимликларнинг рўйхати асосида йўлга қўйилади. Чекловлар газ қувурларида босимнинг кўтарилиб боришига мос равишда ўзгартириб борилади.
Январь ойида Ўзбекистонда охирги уч йилдаги энг паст ойлик инфляция қайд этилди — 0,82%. Сут ва тухум нархи ошиши секинлашди, шакар ва сариёғ кетма-кет тўртинчи ой арзонлади. Пиёз нархи эса ой давомида кескин ошган — 44,7% га.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Словакиянинг янги элчиси Виктор Борецкийни қабул қилди. Аввалги элчи ўз миссиясини декабрь ойида якунлаганди.
2−5 февраль кунлари Қамчиқ ва Тахтақорача довонларида қор ёғиб, яхмалак юзага келиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 6 та вилоятидаги тоғли ҳудудларда қор кўчиш хавфи мавжуд.
The Bank of New York Mellon`да «Агробанк»нинг ҳисобварағи очилди. АҚШ банки билан ўрнатилган муносабат жаҳон молия бозорида банкнинг мақомини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш мақсадида янги — 152-сонли автобус йўналиши ташкил этилди. Шунингдек, 10 дан ортиқ йўналиш ҳаракатларига ўзгартириш киритилиб, қисқартирилди ёки узайтирилди.
Янгиҳаёт туманида бедарак йўқолган 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилди. Мазкур ишда гумонланувчи 29 ёшли эркак ушланди. У марҳуманинг хонадонида аввалроқ таъмирлаш ишларини амалга оширгани маълум бўлди.
Ўтган йили Чилонзор ва Яккасаройда рўй берган шов шувли ҳолатларга қарамасдан Мирзо Улуғбек туманидаги яна ўнлаб дарахтлар илдизи шикастлантирилди. Айбдорлар жаримага тортилди.
Президент қарори билан ҳунармандчилик ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади.
Рустам Юсуповга Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси вазифасини вақтинча бажариш юклатилди. Бунгача у ўз аризасига кўра ишдан бўшаган собиқ раҳбар Анвар Умаровнинг биринчи ўринбосари эди.
1 февралдан Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилди. Бунга қўшни мамлакат ҳудудида темир йўлдаги техник ишлар ўз вақтида битмагани сабаб бўлди.
Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига учиб кетди. Ундан сўнг Фарғона ва Наманган вилоятларига ташриф буюради. Ташриф давомида давлат раҳбари ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишади.
Ўзбекистондан 2022 йилда 8,8 минг киши доимий яшаш мақсадида хорижга кўчиб кетган. Таҳлилларга кўра, бу кўрсаткич сўнгги 5 йилда сезиларли камайган. 2022 йилда мамлакатни тарк этганларнинг асосий қисми Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонга борган.
Тижорат банклари 1 февраль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 215 — 11 280 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 325 сўм.
Шайхонтоҳур тумани Кичик ҳалқа автомобиль йўли кўчасида тўхтаб турган Captiva ёниб кетди. Оқибатда бир нафар фуқаро куйиш жароҳати билан шифохонага олиб кетилди. Ҳозирда ёнғин юзага келишининг сабабларига аниқлик киритилмоқда.
2022 йил давомида республика бўйича 3116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Хусусан, улар талон-торож қилиш, фирибгарлик, порахўрлик каби жиноятларни содир этган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 12 млрд сўм зарар етказилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг