Молия вазири Тимур Ишметов «2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш бўйича муҳокамада бюджет тақчиллиги 3%дан 4%га оширилишини маълум қилди. Аввалроқ ҳукумат лимитга мослаша олмаётгани учун депутатлардан бюджет тақчиллигининг чекланган миқдорини оширишни сўраганди.
Тошкентда трамвай йўлларини қурадиган Франция компанияси, ёқиб юборилган 34,2 минг қути тамаки, яна дарахткушлик, «ТТЗ»дан «Машинасозлар» метросигача экспресс автобус, 800 млн еврога 17 та самолёт сотиб олиниши, $40 млрддан ошган ташқи савдо айланмаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ҳукумат қарори билан Стратегик ривожланиш агентлиги раҳбарининг барча ўринбосарлари, хусусан, Рустамхон Азизов, Азиз Гафуров ва Алексей Сим ўз лавозимидан озод этилди. Ушбу агентлик сентябрь ойида президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги сифатида қайта ташкил этилган эди.
23 ноябрь куни E гуруҳидан жой олган Германия — Япония баҳсида 1:2 ҳисоби қайд этилди. Япония «камбэк» амалга оширди ва иродали ғалабага эришди. F гуруҳидаги Марокаш — Хорватия баҳсида эса ҳисоб очилмади — 0:0.
Европарламент Россия қўшинларининг Украинадаги тинч аҳолига нисбатан ваҳшийликлари учун Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олди. Шунингдек, депутатлар Европа кенгашини Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва «Қодировчилар» полкини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишга чақирди.
Икки қизни Индонезияга фоҳишалик қилиш учун юборишни режалаштирган икки фуқаро 5 йилу 1 ойдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Андижон вилояти Жалақудуқ туманида оёқлари комбайннинг янчувчи қисмига кириб кетган 35 ёшли эркак шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Франциянинг Alstom машинасозлик компанияси Тошкентда трамвай йўлларини қуради. Лойиҳа қиймати 167,4 млн еврога баҳоланмоқда. Линиялардан бири «Дўстлик» метро станциясидан бошлаб, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ўтиши мумкин.
Январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 40,1 млрд долларни ташкил этди. Жумладан, экспорт ҳажми қарийб $15,5 млрдга (+23,8%), импорт эса $24,6 млрдга (+21,2% га) етди. Ҳисобот даврида — $9,1 млрд қийматида пассив сальдо қайд этилди.
Ўзбекистонга АҚШдан 131 тонна озиқ-овқат ёрдамининг йиллик партияси етказилди. Кундалик калория ва оқсил миқдорини оширишга мўлжалланган сабзавот ва дуккакли ўсимликлардан иборат озуқавий аралашма силга чалинган беморларни даволаш муассасалари ҳамда «Саховат» ва «Мурувват» уйларига тарқатилади.
Франция Ўзбекистонга умумий қиймати салкам 800 млн еврога тенг 12 та Airbus А320neo ва А321neo самолётлари, шунингдек, 5 та ATR 72−600 самолётларини етказиб беради. Бундан ташқари, иккита Airbus H145 вертолётини харид қилиш режалаштирилган.
Марказий банк 2023−2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий ва муқобил сценарийларини тақдим этди. Регулятор асосий эътибор иқтисодиётда нархлар барқарорлигига эришишга қаратилишини таъкидлаб, пул-кредит сиёсатида инфляцион таргетлаш жараёни давом этишини қайд этди.
Яккасарой туманида 2003 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia-3 34 ёшли пиёдани уриб юборди. Жабрланувчи касалхонага олиб кетилаётган вақтда вафот этди.
Наманган вилояти Поп туманида она ва унинг вояга етмаган фарзанди ҳамда меҳмонга келган қайнона ис газидан заҳарланиб вафот этди. Ноябрь ойининг ўзида ис газидан 9 киши ҳалок бўлди.
NASA`нинг Orion космик кемаси Ойга учиб бориб, Ернинг сунъий йўлдоши атрофидан айланиб ўтди. Мазкур Artemis I миссияси одамларни Ойга олиб чиқиш, унда узоқ муддат қолиш ва Марсга кейинги парвозларни амалга ошириш лойиҳасининг бошланиши бўлади. Кейинги парвозда уни одамлар бошқариб бориши мумкин.
Кўчмас мулк бозори таҳлили йил бошидан буён сотиш ҳажмининг 9,2 фоизга ўсганини кўрсатди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ўртача нархи қарийб 20 фоизга ошди. Экспертларнинг фикрича, уй-жой ижарасига бўлган талабнинг ортиши октябрь ойида савдо ҳажмининг бироз пасайишига хизмат қилди.
Чоршанба куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги қурилиши тугалланмаган IT-парк биносининг 21-қаватида пенопласт қолдиқлари ёниб кетиб, 5 кв.м майдонни зарарлади. ФВБ ёнғинни 10 дақиқада ўчирди. Воқеадан ҳеч ким жароҳат олмади. Ҳозир унинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланяпти.
Тошкентдаги «Дўстлик» боғи яқинида Vinera Tower компанияси қурилиш учун ҳудуддаги 6 туп дарахтни рухсатномасиз бошқа жойга кўчириб, уларни нобуд қилгани маълум бўлди. Бунда табиатга 218,3 млн сўм зарар етказилгани аниқланди. Компания олдин ҳам дарахт кесгани учун 430,5 млн сўм жарима тўлаган.
Оққўрғонда тадбиркор кредитга олинган 100 та қорамолни сотиб, 2,3 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Тошкент шаҳрида эса корхона раҳбари банк кредити эвазига олинган металл маҳсулотларни 2,1 млрд сўмга сотиб, ҳужжатларни сохталаштиргани маълум бўлди. Гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
23 ноябрь, чоршанба кунидан бошлаб «ТТЗ» — «Машинасозлар» метроси йўналишида ҳаракатланувчи автобуслар иш бошлади. Автобуслар фақат 4 та бекатда — «ТТЗ» бозори, «Буюк Ипак йўли» метроси, Шифокорлар малакасини ошириш институти, «Ашхобод» боғи бекатларида тўхтайди. Йўл ҳақи 2500 сўмни ташкил этади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг