Тошкент кўчаларини салкам 140 мингта чироқ ёритади, бир ойда 29,5 млн кВт соат ёки 13 млрд 279 млн сўмлик электр энергияси сарфланади. Тунги вақтларда чироқларни ўчириб қўйиш орқали 25% электр энергияси тежалмоқда, дея қайд этди «Тошшаҳарнур» ДУК. Бу 4400 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг.
Ўтган 9 ой давомида 704,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфлангани маълум бўлди. Хусусан, халқ таълими тизимида 47 млрд сўм, соғлиқни сақлашда 30 млрд сўмга яқин қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. «Бундай ҳолатлар йилдан-йилга ошиб бормоқда», — дейилади қуйи палата хабарида.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида маст эркак шаръий никоҳида бўлган хотинини «нега мени ҳақорат қиласан», дея калтаклади. Оқибатда аёл олган тан жароҳати билан воқеа жойида вафот этди.
Урганч халқаро аэропорти қуюқ туман ва кўриш масофаси 300 метрдан кам бўлганлиги сабабли 3 та авиарейсни қабул қила олмади. Москва — Урганч йўловчи рейслари Навоий ва Бухородаги муқобил аэропортларга йўналтирилди.
Наманган вилоятида Malibu ва ВАЗ 2101 машиналари тўқнашди. Оқибатда ВАЗ 2101 ҳайдовчиси шифохонада вафот этди.
Индонезиянинг Ява оролида бўлган 5,6 магнитудали зилзила сабаб Cианжур шаҳрида 162 киши ҳалок бўлди, 300 нафардан ортиқ одам жароҳатланди. Уйлари зарар кўрган 13 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Бино ва мактаблар вайрон бўлди. Қутқарувчилар ҳозир вайроналар остида қолиб кетганларни қидирмоқда.
Тармоқларда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги маҳалла раиси қиморхона очгани айтилган хабар тарқалди. Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси раис ваколати муддатидан олдин тугатилганини маълум қилди.
22 ноябрь куни банкларда доллар 11 260 сўмдан сотилмоқда, сотиб олиш курси эса 11 240 — 11 175 сўм оралиғида.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Германия туристик ассоциацияси президенти Норберт Фиебиг билан учрашув ўтказди. Унда Германиядан Самарқандга тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борилди.
Ўзбекистон ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида 2025 йилгача бўлган стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди. У 1 миллиард евродан ортиқ лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни назарда тутади.
Паркент туманида қизлар йигит талашиб жанжаллашгани айтилмоқда. Тошкент вилояти ИИББ ҳолат ёзда содир бўлгани ва ариза келиб тушмаганини маълум қилди. Видеода ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлгани туфайли маъмурий баённома тузилиб, қонуний чора кўриш мақсадида ЖИБ Паркент тумани судига юборилди.
B гуруҳидаги иккинчи қарама-қаршилик: АҚШ — Уэльс учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилди. 1-таймда Либерия президенти,1995 йилги «Олтин тўп» соҳиби Жорж Веанинг ўғли Тимоти Веа АҚШни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 2-таймда Гарэт Бэйл пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди.
A гуруҳидан жой олган Сенегал ва Нидерландия терма жамоалари ўртасидаги қарама-қаршилик нидерландларнинг 0:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиннинг асосий қисми позицион ҳужумлар билан ўтди ва Нидерландия фақат ўйиннинг охирига келибгина ҳисобда олдинга чиқиб олишди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти ва Росатомнинг «ТВЭЛ» компанияси ўртасида институт ҳудудида жойлашган бинолардан бири ва паст активли чиқиндиларни сақлаш омборхонасини ни эксплуатациядан чиқаришда ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартнома имзоланди.
Францияга келган Шавкат Мирзиёев, ўзи ва 3 боласини сувга ташлаганига қамоққа олинган аёл, Қозоғистоннинг янги президентини «ишончли ғалаба» билан табриклаган Мирзиёев, Сурхондарёдаги йўлтўсарлар, «Аёллар дафтари»даги бошпанасизларга ижтимоий уй берилиши ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 27-конференциясида иқлим офатларидан жабр кўрган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш жамғармасини ташкил этишга қарор қилинди. Шу билан бирга, қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиш ва глобал исишни Цельсий бўйича 1,5 даража оралиғида ушлаб туриш зарурати масалалари очиқ қолди.
Молия вазирлиги ҳисоботига кўра, январь-июнь ҳолатига давлат қарзи 26 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 35,1%) ташкил этди. Январь-июнь ойларида давлат ташқи қарзи портфели таркибидаги валюта курсларининг ўзгариши (япон иенаси, СДР ва евро) қарз қолдиғининг камайишига олиб келди.
Доҳада ЖЧ-2022 B гуруҳидаги илк учрашув 6:2 ҳисобида якунланди. Ўйинга ҳакам жами 24 дақиқа (14+10) қўшиб берди. Англия терма жамоаси Эронни йирик ҳисобда мағлуб этиб, ҳозирча гуруҳда пешқадамга айланди.
Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташриф билан келди. У Эммануэл Макрон билан учрашиб, Лувр ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг қадимий маданияти кўргазмаларининг очилишида иштирок этади. Ташриф доирасида 14 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти 4 та ҳолатда жами 7,2 млрд сўм кредит маблағларини ўзлаштирган шахсларни қўлга олди. Кредитларнинг асосий қисми чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш учун олинган. Ҳозирда гумондорларга нисбатан тегишли моддалар билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг