Тошкентда бўлиб ўтадиган мусиқа фестивалида Gayazov$ Brother$, Minelli ва HammAli & Navai чиқишлари кутилмоқда.
Гулистондаги истироҳат боғида 16 туп тол ва терак дарахтлари кесилиб, 5 туп дарахтга жиддий зарар етказилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқ давлатлари парламентларининг аёл раҳбарлари саммити якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди. Саммит COVID-19 пандемияси оқибатлари, гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини парламентар даражада белгилаш мақсадида ўтказилди.
Шимолий Корея ядро қуроли тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, «душман кучлар» томонидан ҳужум таҳдиди юзага келганда, улардан превентив фойдаланишга рухсат берди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин КХДРнинг ядровий мақоми энди «қайтариб бўлмайдиган» эканлигини айтди.
Стратегик ривожланиш агентлиги негизида президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди. Агентлик алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш таклифларини ишлаб чиқади ва унинг бажарилишини назорат қилади. Унинг бош директори ва ўринбосарлари президент томонидан тайинланади.
Нукусда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Сенат аъзолигига сайланди.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов давлат-хусусий шерикликда ётоқхоналар қуриш нима сабабдан оқсагани ҳақида гапирди. Вазир тадбиркорлар ётоқхона қуришдан манфаат йўқлигини ва қурмасликларини айтганини қайд этди. Ҳозир эса талаблар ўзгариб, ётоқхоналар қурилаётганини таъкидлади.
Владимир Норов ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланди. У 27 апрелдан буён ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Asia Alliance Group мулкчилик таркибидаги ўзгаришлар натижасида Камо Тумасовнинг устав капиталидаги улуши 85 фоизни ташкил этди.
Президент фармони билан таъсирчан солиқ механизми натижасида ҳосил бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ️мавжуд солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек, солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишларини тугатиш белгиланди.
Ўзбекистон ва БААнинг Mubadala ва TAQA компанияси ўртасида «Талимаржон ИЭС»ни бошқарадиган қўшма корхона ташкил этиш бўйича битимлар имзоланди. Инвестицияларнинг умумий ҳажми $1 млрд бўлиб, шундан $700 млн жалб этилган кредитларни тўлашга йўналтирилади.
Stroymart дўконлар тармоғи икки йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда ўзбек эстрадаси юлдузлари ва блогерлари иштирок этишди. Ҳамда тадбирда Skyworth EV6 электромобилнинг ғолиби аниқланди.
Дам олиш кунлари Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келади, ҳарорат +23…+28 даражагача тушади. Якшанба куни кузги салқин қайд этилади, айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Сурхондарё вилояти ва Фарғона водийсида шамол тезлиги 20−23 м/с га етиши мумкин.
ДХХ Фарғонадан Тошкентга келаётган фуқаро машинасида психотроп дори воситалари борлигини аниқлади. Гумонланувчи «Регапен» ва «Тропикамид» таблеткаларини вояга етмаган қизи орқали олиб ўтмоқчи бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон Марказий банки 9 сентябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 10 977,60 сўм этиб белгилади. Шунга кўра, тижорат банклари ҳам ўзларининг таклифларини ўзгартирди.
Ўзбекистондаги ОТМларда таълим олаётган 211 минг нафар талабанинг турар-жойга эҳтиёжи бор, шундан фақат 91 минг талаба ётоқхонага жойлашиши мумкин. «Турар-жойга эҳтиёжи бор талабаларнинг 47 фоизи ётоқхоналар билан таъминланган», — деди Абдуқодир Тошқулов.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабалар ижара субсидиясининг шартномасиз варианти устида иш олиб борилаётганини айтди. Унга кўра, ижара субсидиясини кимларга беришни талабалар гуруҳда ўзи ҳал қилади. Илмий кенгаш тасдиқлагач, субсидия талабаларнинг пластик карталарига ўтказиб берилади.
Шавкат Мирзиёев қирол Карл III`га йўллаган ҳамдардлик мактубида Елизавета II`ни 70 йилдан ортиқ вақт давомида «мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган буюк давлат арбоби эди» деб атади.
Андижоннинг Пахтаобод туманидаги 38 мактабда ўқувчиларнинг йўлакда оёқ кийимсиз юргани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Вилоят ХТБ баёнотига кўра, ушбу ҳолатнинг таълим сифатига умуман таъсири йўқ. Воқеа сабаб мактаб директори ва ўринбосарига интизомий чора қўлланди.
Давлат экология қўмитаси Самарқанд туманидаги корхона «Дарғом» каналига 1 тонна нефть маҳсулотларини оқизиб юборганини аниқлади. Бунинг ортидан 1,2 млрд сўм компенсация тўлови ундирилиши, қолаверса, корхона фаолияти тўхтатилиши мумкин. Ҳужжатлар тайёрланиб, судга юборилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг