Қиш мавсумига тайёргарлик кўришга улгурмаган пазандалар учун Zira.uz саҳифаси бақлажонли ва қовоқчали икралар, сабзавотли қайла, лечо, бақлажонни помидорли қайлада пишириш ҳамда сабзавотларни қиш учун музлатиб қўйиш усуллари ва рецептларини тақдим этади.
«Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси Ўзбекистонда автомобилларини тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни ташкил этишга келишиб олди. Келгусида двигателлар, электромоторлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Аввалроқ томонлар Ўзбекистон бозори ўрганилаётгани ҳақида хабар берган эди.
ХТВга йил охирига қадар 3, 6, 7 ва 10-синфлар учун янги дарсликларни ишлаб чиқиш топширилган эди, бироқ жадвалдан илгарилаб кетилгани сабабли ўқувчилар сентябрданоқ уларни қабул қилиб олишни бошлайдилар. Шу билан бирга, қоғоз нархлари ошиб кетгани боис ҳукуматга қўшимча маблағ зарур бўлмоқда.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлардаги ҳамкасблари билан учрашувда сўзлаган нутқида 2022 йил январида Қозоғистонда ва июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар РФ томонидан Ғарбнинг «рангли инқилобларга уриниши» сифатида баҳоланишини айтди.
ДХХ тўртта ҳолатда жами 9740 та «Регапен» ва 2990 та «Тропикамид» психотроп дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди.
Ўзбекистонда Қирол Абдулазиз университети билан ҳамкорликда янги марказ ташкил этилади. Батафсил муҳокамалар университет делегациясининг октябрь ойида Тошкентда ўтказиладиган InnoWeek-2022 доирасидаги ташрифи чоғида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.
Навоийдаги иссиқхоналарга табиий монополия бўлган «Навоий ИЭС» 1 Гкал иссиқлик энергиясини 166,1 минг сўм ўрнига — 227,5 минг сўм қиммат нархда етказиб бергани аниқланди. Натижада 70 дан ортиқ тадбиркорга қарийб 8,0 млрд сўм зарар етказилди. Суд Антимонополия қўмитаси кўрсатмасини қаноатлантирди.
Бухоронинг Шофиркон туманида фуқароларга ишсизлик нафақаси тайинлатиб беришни ваъда қилган икки гумонланувчи ушланди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг собиқ инспектори ва унинг таниши 13 нафар фуқаронинг 700 доллар ва 6 млн сўмини ўзлаштирган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Пойтахт кенгаши Тошкентда юзни таниб олиш ва назорат қилиш тизимини жорий этишни маъқуллади. ИИВнинг Киберхавфсизлик маркази маълумотларига кўра, тизим аҳоли саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва оммавий тартибсизликларни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Эпидемиолог Лола Умарова йил бошидан бери 10 киши куйдирги юқтириб олганликда гумонлангани, фақат бир ҳолатда — Юнусобод туманида яшовчи фуқарода касаллик тасдиқланганини маълум қилди. СЭС бу хабарни рад этиб, мазкур маълумот ҳозирда ўтказилаётган ўқув-тактик машғулоти учун берилганини қайд этди.
Иштихон туманида фермер хўжалиги раҳбари хориждан наслли чорва молларини сотиб олиш учун ажратилган 780 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирганлиги айтилмоқда. Ангрен шаҳрида эса балиқчилик учун ажратилган 490 млн сўм имтиёзли кредит маблағи талон-торож қилинган.
Самарқанд аэропорти 14−16 сентябрь кунлари тижорий йўловчи ва юк ташувчи рейсларни қабул қилмайди. Шу кунлари шаҳарда ШҲТ саммити бўлиб ўтади.
Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳидан Қуръоннинг қўлёзма нусхасини ўғрилаган икки нафар шахс ушланди. Улар китобни Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида сақлаб келгани айтилмоқда. Китобга зарар етказилмаган. Ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
19 август куни Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегациясини кутиб олиш мақсадида соат 18:00 дан 23:00 гача бўлган вақтда пойтахтнинг бир неча кўчалари автомобиллар ҳаракати учун ёпилади.
18 август куни Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган V Ислом бирдамлиги ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон термаси жами 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медалини қўлга киритиб, жамоавий ҳисобда иккинчи ўринни эгаллади.
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлади. У мазкур мукофотга сазовор бўлган биринчи инсон бўлди.
Ўзгидрометнинг маълумотларига кўра, 20−22 август кунлари Ўзбекистон совуқ антициклон таъсирида бўлади. Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразмда ҳаво ҳарорати +11 даражагача, бошқа вилоятларда эса +12 …+13 даражагача пасаяди.
Тошкент аэропортининг маҳаллий ва халқаро терминаллари ўртасида бепул автобус қатнови йўлга қўйилди. Автобус ҳар куни соат 5:00 дан 23:30 гача ишлайди.
Ислом бирдамлиги ўйинларида совриндор бўлган спортчиларга «олтин» учун 5 минг, «кумуш» учун 3 минг ва бронза медаль учун 2 минг доллар берилади. Спортчиларнинг мураббийларига эса мос равишда 2,5 минг, 1,5 минг ва 1000 доллардан топширилади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 17 август куни шом намози вақтида Кобулдаги масжидда содир этилган ва 21 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактни қоралаб баёнот берди. ТИВ ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг