9 июль куни Тошкент метрополитени Қурбон ҳайити куни муносабати билан ўз фаолиятини соат 04:00 дан бошлайди.
Чоршанба куни Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Камилов БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Мулоқотда минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш, Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси ўтказилиши ҳамда конституциявий ислоҳотлар масалалари муҳокама қилинган.
Президент лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида янги тизимни эълон қилди. Ҳудудларнинг бош ва мастер режаларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилмоқда. Улар 3 босқичда ташкил қилинади. Бош архитектор лавозими жорий этилди, шаҳарсозлик қоидаларидан 147 та норма ва бошқалар чиқариб ташланмоқда.
ЖССТ сўнгги икки ҳафта ичида дунёда COVID-19 билан касалланиш сезиларли даражада ошганини эълон қилди. Асосан омикрон штаммининг мавжуд кичик турлари тарқалди, аммо янгилари ҳам аниқланган. Ташкилот бустер вакцинациянинг аҳамиятини эслатди.
Қорақалпоғистонда 30 гектар майдонда «Нукус технопарки» махсус саноат зонаси ташкил этилади. Энергия тежамкор экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш технопарк фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлади. Унга маҳаллий ва хорижий инвесторлар жалб этилади.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни дастлабки имзолаш маросими ўтказилди. Ушбу ҳужжат 1996 йилда қабул қилинган битимнинг ўрнини эгаллаши ва томонларнинг ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Метронинг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишидаги 7-бекати йўл ўтказгич ўрнатилиши сабабли 11 июлдан 18 июлга қадар ёпилади. Қолаверса, 11 июлдан августга қадар йўналишдаги поездлар соат 05:00 дан 23:00 гача ишлайди.
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида 37 киши «нонбургер» дан заҳарланди. Уларнинг 17 нафари шифохонага ётқизилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда уяли алоқа ва Интернет «сохта янгиликларни тарқатиб, душман кайфиятдаги кучлар фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уринганлари» сабабли чекланганини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги намойишларда ўз яқинларини йўқотган оилаларга ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари воқеаларда иштирок этган барча томонлар ҳаракатига адолатли баҳо беришни топширди. Куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, жиноий жавобгарлик таъминланиши айтилди.
Баҳрайнда бўлиб ўтаётган спорт курашлари бўйича U20 Осиё чемпионатининг биринчи кунида ўзбекистонлик полвонлар тўртта — битта олтин, иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритди.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 27,73 сўмга қимматлаб, 10 887,87 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса яна пасайди.
Мусулмонлар идораси Қурбон ҳайити намози вақтларини эълон қилди. Ҳайит намози Тошкент шаҳрида соат 05:20да, бошқа ҳудудларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.
ССВ вазири Беҳзод Мусаев диплом ва малакаси йўқ шахс ёш болани қийнаб, массаж қилган ҳолатга муносабат билдирди. Вазир ота-оналардан «рухсатнома ва малакага эга бўлмаган кимсаларга фарзандларининг тақдири ва саломатлигини ишониб топширмасликларини» сўради.
Жорий йилда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари очиқ ҳавода ўтказилади, деб хабар берди Давлат тест маркази.
9 ва 10 июль кунлари пойтахт автобуслари якшанбалик, 11 ва 12 июль кунлари эса шанбалик жадвал асосида ҳаракатланади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Қорақалпоғистондаги воқеаларни шаффоф ва мустақил тергов қилиш кераклигини таъкидлади ва интернетга уланишни чекламасликка чорлади.
6 июль куни Тошкент шаҳар ИИББга Яшнобод туманидаги Zo‘r TV телеканали биноси миналаштирилгани тўғрисидаги хабар келиб тушди. Ҳудуд ўрганилганда, хабар тасдиқланмади. Бошқарма тергов олиб бормоқда.
Хорижда ишга жойлаштиришни ваъда қилаётган хусусий бандлик агентликларининг аксарияти фуқароларни алдайди, дея хабар берди Меҳнат вазирлиги. Ўзбекистонда атиги 6 та хусусий агентлик хорижда ишга жойлаштириш учун лицензияга эга, яна 3 тасининг фаолияти тўхтатилган.
Жиззах вилоятида «Huaxin» ўзбек-хитой қўшма корхонасида механизатор бўлиб ишловчи хитойлик фуқароси Ман Минг заводда кучукка шавқатсиз муносабатда бўлгани аниқланди. Зафаробод туман ИИБ уни маъмурий жаримага тортди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг