Бош прокуратура Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар хронологиясини маълум қилди. Тахминан 300 киши Нукусга киришдаги постда 50 нафар гвардиячидан рация, дубинка, шитларни тортиб олгани ва Нукус халқаро аэропорти, маҳбуслар Реабилитация маркази, шаҳар ИИБ биноларига ҳужум уюштиргани айтилмоқда.
Нукусдаги намойишлар факти бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда Қорақалпоғистонда «барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади».
1−2 июль кунлари Нукус шаҳридаги бўлиб ўтган намойишлар оқибатида 18 нафар фуқаро вафот этди, 243 киши, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими турли жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилди. Тартибсизликларда қатнашган 516 нафар фуқаро ҳибсга олинди.
Ўзбекистонга Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва нам ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига 5 июлдан бошлаб барча ҳудудларда ҳаво ҳарорати +30 даражагача пасаяди. Айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши ҳамда момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Чирчиқда Олимпия захиралари коллежи ўқитувчиси ҳамда талаба Жисмоний тарбия ва спорт университетига абитуриентни ўқишга киритиш эвазига 4500 доллар олганликда гумонланмоқда. Шу каби ҳолат Юқоричирчиқда ҳам кузатилди, гумондор 4500 долларни олганида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланди.
Қонунчилик палатаси депутатлари Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Қолаверса, Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати 15 июлга қадар узайтирилди.
Қорақалпоғистондаги фавқулодда ҳолат сабабли ўрнатилган комендантлик соатларида Нукус аэропортининг фаолияти вақтинча чекланади. Шу боис якшанба куни қолдирилган рейс йўловчилари душанба куни кундузи манзилига етказилиши маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев мамлакат халқига мурожаатида маълум кучлар «конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида… вазиятни беқарор этиш ва издан чиқаришга уринишаётганини» таъкидлади. Қорақалпоғистоннинг мақоми ўзгармаслигини яна бир бор айтиб, сўнгги йилларда минтақада рўй берган ўзгаришларни санади.
Шавкат Мирзиёев Нукус аҳолиси билан суҳбатда ташқи кучлар таъсири остида одамлар қўлига милтиқ олиб, Миллий гвардия ходимларини отганини маълум қилди. У президент сифатида Қорақалпоғистонда тинчлик ўрнатилиши ва ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига кафолат берди.
Ўзбекистон Миллий гвардияси Қорақалпоғистон аҳолисидан фавқулодда ҳолат режими ва комендантлик соатига (
Президент Қорақалпоғистондаги намойишларда айрим кимсалар органлар ходимларига ҳужум қилиб, аёвсиз калтаклагани, қўриқланадиган ҳудудларга бостириб киришга уринганини таъкидлади. «Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари орасида қурбонлар бор», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қозоғистон ТИВ қўшни қардош Ўзбекистондаги воқеаларни ташвиш билан қабул қилгани ва мамлакат раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Якшанба куни Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида видеоселектор ўтказди ва барча туманлар билан мулоқот қилди. Йиғилишда Қорақалпоғистон коменданти Рустам Жўраев вазият тўлиқ назоратга олинганини таъкидлади. «Вазият барқарорлашган, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда», — дейилади хабарда.
3 июль куни «Нукус — Бейнеу — Нукус» йўналишидаги 647/648-сонли ҳалқаро йўловчи поездининг ҳаракати техник сабабларга кўра бир рейсга бекор қилинди, деб маълум қилди «Ўзтемирлйўлйўловчи».
Ўзбекистон президенти Қорақалпоғистон мақоми бўйича Конституцияга ўзгартишлар киритилмаслигини маълум қилгач, интернет деярли ишламаётган ҳудуд аҳолиси бу ҳақда SMS орқали хабардор қилинди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутатларининг ўзлари Конституцияда республиканинг мақомини ўзгартиш таклифини киритгани ва тасдиқлагани ҳамда аҳолининг норозилиги ҳақида хабар бермаганини танқид қилди. «Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди», — деди у.
Ўзбекистон президенти бир кун аввал борган Нукусга яна учиб кетди. Қорақалпоғистонда тундан бери фавқулодда ҳолат жорий этилган.
Президент фармони билан Қорақалпоғистонда 3 июль куни соат 00:01 дан 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.
«Қорақалпоғистоннинг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистоннинг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарур, деб ҳисоблайман», — деди Шавкат Мирзиёев Нукусда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг