«Ўзбекнетгаз» томонидан Устюрт ҳудудида 5 та янги газконденсат кони очилиб, улар сони 25 тага етказилди. Мазкур ҳудуддаги умумий захиралар ҳажми 395,6 млрд куб метр табиий газ, 96 млн тонна нефть ва 14,6 млн тонна газ конденсатини ташкил қилмоқда.
Қирғизистоннинг Аксий туманида экин майдонларда Марокко чигирткаси кескин кўпайиб кетаётгани айтилмоқда, бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ҳам хавф туғдириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу вазият назоратга олингани ва тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Таъкидланишича, жорий йилда қўшни давлатлардан 50−60 минг гектарга чигирткалар учиб ўтиш хавфи бор, шу боис Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззахда кимёвий ишлов ишлари олиб борилмоқда.
Хитой пандемия билан боғлиқ хавотирли вазият туфайли футбол бўйича Осиё кубоги-2023 мусобақасига мезбонлик қила олмаслигини маълум қилди. Мусобақанинг янги мезбони яқин кунларда аниқланади.
Халқ таълими вазирлиги 1 августга қадар мактабларда ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини қайта кўриб чиқади. Унда мактаб ва ота-онанинг таълим ва тарбияда иштироки, масъулияти ҳамда мажбуриятлари акс эттирилади. Қолаверса, 2023−2024 йилларда мактабларда эскирган компьютер синфларини янгилаш учун жами 400 млрд сўм ажратилади, интернет тезлиги 100 Мбит/с гача оширилади.
Абдурасул Абдурахманов Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бўйича бошқармасида фаолият юритган.
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Ташриф давомида давлат раҳбари БААнинг янги сайланган президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашиб, унга президент Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Хоразм вилоятида одамларни уриб, дўппослаб келганликда гумонланаётган 3 нафар шахс қўлга олинди. Гумонланувчиларга тегишли автомашиналардан пичоқ ва темир бита топилган.
Москва биржаси яқин вақтда савдо қилинадиган валюталар рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, ўзбек сўми билан савдоларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинмоқда, деб хабар беради РБК. Бундай қарорнинг кўриб чиқилиши ғарб санкциялари, доллар савдоси ҳажмининг камайиши ва Россиядаги валюта назорати билан боғлиқ. Ушбу механизм параллель импорт учун ҳам қўлланилиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетди. Давлат раҳбари 13 май куни вафот этган БАА президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг таъзия маросимида иштирок этади. Ташриф давомида мамлакатнинг янги президенти билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи БАА президенти этиб сайлангани билан табриклади.
Наманган вилоятининг Норин туманида ўз томорқасида 57 туп кўкнори етиштираётган фуқаро аниқланди.
Давлат орган ва ташкилотларида кадр сиёсатини юритишни баҳолаш бўйича 10 та индикатордан иборат рейтинг жорий қилинади ва у ҳар 6 ойда эълон қилиб борилади. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бунинг ёрдамида давлат идораларидаги вакансиялар тўлдирилиши ва муддатларга риоя қилиниши, ходимларнинг қўнимсизлик даражаси ҳамда иш муҳитини баҳолашни режалаштираяпти.
БАА Федерал Олий кенгаши бир овоздан шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи амирлик президенти этиб сайлади. У 13 май куни вафот этган шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг укаси ҳисобланади.
Апрель бошида 8 нафар шри-ланкалик Тошкентдан Лондонга учишга уринганида рейсдан тўхтатиб қолинди. Экспертиза улардаги 2та Италия ва 6 та Франция паспорти қалбаки эканлигини аниқлади. Хорижлик фуқароларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Оксана Чусовитина тасвирланган граффитига етказилган зарарни тўғрилаш сўралган пойтахтдаги мураллар муаллифи Хасан Майчеев воқеа аслида қандай бўлганини сўзлаб берди. У бошқаларнинг ишини бузиш нияти бўлмаганлигини айтиб, ҳамкасбидан узр сўради. Шанбага ўтар кечаси Inkuzart граффитидаги ўзининг логосини ўчириб ташлади.
Ҳукумат қарори билан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга жариманинг 20 фоизи миқдорида пул мукофотини тўлаш тартиби белгиланди. Фуқаролар терминал мавжуд эмаслиги, нақд ва карта орқали тўловда тафовут, товарларни қалбаки маркировкалаш ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш каби ҳолатларни аниқласа Soliq мобил иловаси орқали хабар бериши мумкин.
Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида автобус ЙТҲга учраши оқибатида жабрланган 23 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Вафот этган икки фуқаро жасади яшаш манзиллари — Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди. Шанба куни жароҳат олганларнинг яна бири оламдан ўтди.
Учкўприк тумани ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Саъдулло Истамовнинг ўрнини эгаллади.
Қовурилган гулкарам, газ печи ҳамда пишлоқли клярда пиширилган гулкарам, товуқ гўшти билан тайёрланган котлетлар, гулкарамли крем шўрва — Zira.uz гулкарамдан тайёрланадиган таомлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Тошкент вилоятида жанжал оқибатида қайнона келинини пичоқлаб қўйди, у касалхонада вафот этди. Келиннинг уч нафар фарзанди бор эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг