Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мухолифат жамият барқарор ривожланишининг асосий факторларидан бири эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бугун Ўзбекистоннинг жамияти мухолифат бўлишидан манфаатдор. Сенатор мухолифат табиий тузилиши кераклигини айтиб, «ҳокимият берилмайди, ҳокимият учун курашиш керак» деган ақидани эслади. У ОАВларини ҳозирги кунда ниҳоятда муҳим мухолифат деб билишини қайд этди.
Ҳукумат қарори билан талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар жойлар қурилади. Бунинг учун вилоят ҳокимлари томонидан 0,5 гектаргача ер жойлардан ажратилади. Республика бўйлаб жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилади.
Марказий банк маълумотларига кўра, саккиз ой давомида хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4,9 млрд долларни ташкил қилган. Бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга кўпроқ.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 687 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 5 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, пайшанба куни 159 кишида пневмония қайд этилди, 2 нафар пневмония бемори вафот этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни толиблар билан мулоқот қилишга ва уларни мунозарага жалб қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу Афғонистонда «кўп азоб чекаётган одамлар билан бирдамликни кўрсатиш учун керак».
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмланганлар тўғрисидаги статистик маълумотларни тақдим қилди. Унинг сўзларига кўра, оммавий вакцинациялаш бошланганидан бери (1 апрелдан) жами коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг бор-йўғи 285 таси ёки тахминан 0,3 фоизи эмланганлар ҳиссасига тўғри келади.
Бакалавр бочқичи талабалари учун ҳар бир ОТМга биттадан президент стипеднияси берилиши белгиланди. Магистратура ва докторантура талабалари учун президент стипендияси квотаси икки баробарга оширилди.
КХШТнинг ўз кучларини замонавий қурол ва техника билан жиҳозлаётгани, КХДР ташкил этилганининг 73 йиллигига бағишланган ҳарбий парад, Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Пахтакор туманида 6 ёшли бола асфальт ётқизиш машинаси остида қолиб кетди. Оқибатда бола воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан оғир техника воситаси тегишли бўлган фирма раҳбарига маъмурий баённома тузилган ва жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистонга 1 млн 200 минг дозадан ортиқ Pfizer/BioNTech ва 600 минг дозадан ортиқ AstraZeneca вакциналари олиб келиниши кутилмоқда.
Марказий банк берган маълумотларга кўра, август ойи якунлари бўйича йиллик инфляция уч-тўрт ойдан буён деярли ўзгаришсиз қолиб 11,1 фоиз даражасида шаклланмоқда. Шунингдек, банклараро пул бозоридаги депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари апрель ойидаги 14,2 фоиздан июль ойида 8,7 фоизгача пасайди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,77 сўмга пасайиб, 10 668,09 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курс ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеПнинг сайловолди съездида «Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаслик» ни таъкидлади. Президент шунингдек, «Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва ЕОИИ билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича қадамлар қўйилишини» маълум қилди.
Самарқанд вилоятида бир қатор корхоналар газ тармоғига ноқонуний улангани аниқланди. Ўғирликдан етказилган зарар 2,8 млрд сўмга баҳоланмоқда.
ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Афғонистон билан «дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори» эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш мамлакат иқтисодиётини тиклашга самарали имконият яратади.
ЎзЛиДеПнинг навбатдаги съездида партиядан президентликка номзод сифатида Шавкат Мирзиёев тасдиқланди. Номзод олдинги президент сайловида илгари сурилган дастурдаги вазифалар ижросига тўхталиб, ўзининг 2021 йил сайловолди дастури ҳақида маълумот берди.
Президентлик сайловларидаги ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни октябрдаги сайловларда фаол иштирок этишга чорлади. «Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи — Сизнинг қўлингизда. Келажак учун масъулият эса барчамизнинг зиммамизда», — деди у.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури ҳақида гапира туриб, ўтган йиллар давомида нафақат ўзбек халқи балки мамлакат ҳам тубдан ўзгарганини таъкидлади. «Бугунги халқимиз — кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам, кечаги Ўзбекистон эмас», — деди у. Амалга оширилаётган ишлар вақтида президент ўз халқидан куч олишини маълум қилиб, улар олдида таъзим қилди.
Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзодларни кўрсатиш бўйича янги тартибни жорий қилишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, ҳудудий кенгашда энг кўп депутатлик ўрни олган партия гуруҳлари ҳокимликка ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин бўлади.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури доирасида келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, 7 мингдан зиёд янги боғча қуриш орқали мактабгача таълимдаги қамровни 80 фоизга етказиш, мактабларни ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқиш, 1,2 млн ўқувчи ўрнини яратиш, қолаверса, олий таълим қамровини 50 фоизга, хусусий олийгоҳлар сонини эса 50 тага етказиш, 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналарини барпо этиш режалари маълум қилинди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг