Конституцияга ўзгартириш киритишни таклиф қилган партиялар, динни терроризм ва экстремизм билан боғлаш хатолигини айтган Содиқ Сафоев, Ўзбекистонга учиб ўтиши мумкин бўлган чигирткалар, Сурхондарёда калтакланган ўқувчи ортидан 5 кишининг ишдан кетгани, янги йил куни «ўт ўчиргич»ни портлатганларга ўқилган суд ҳукми, Сурхондарё ҳокимига ўринбосар бўлган ДХХ ходими ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 16 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Марказий банк имтиёзли кредитлаш амалиётининг макроиқтисодий самарадорлиги пастлиги ва ушбу амалиёт самарали пул-кредит сиёсати учун жиддий муаммолардан бири эканлигини қайд этди. 2019 йилдан бошлаб уларни бозор фоизларига яқинлаштириш учун ставкалар кўтарила бошлади, бироқ, МБ асосий ставкаси ўсиши билан ўртадаги фарқ яна ошди.
Антимонополия қўмитаси 3 ой ичида 10 та ҳолатда инсофсиз рақобатга йўл қўйилганини аниқлади, қолаверса, тил бириктириш ва картель келишувлар бўйича жами 4 та ҳолат ўрганиб чиқилди. Натижада монопол корхоналар тартибга солинадиган нархларни нотўғри қўллаши ортидан олган 3,6 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромади истеъмолчиларга қайтарилди. Давлат харидлари доирасида эса 985 та рақобатга зид ҳолат аниқланди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат этиб сайланди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев терроризм ва экстремизмни дин билан боғлаш зинҳор мумкин эмаслигини таъкидлади. «Ўрнашиб қолган стереотиплар ва янглиш фикрларга қарши курашиш — умумий вазифамиздир», — деди у. Сенаторнинг сўзларига кўра, халқаро терроризмнинг тубида иррационал, олдинги даврлардан мерос қолган дунёқараш ётибди, уларга қарши кураш эса маънавият, талим ва мулоқот эвазига олиб борилиши лозим.
Қибрай туманида фуқаро «Микрокредитбанк» Тошкент вилояти филиали кредит бўлими бошлиғи билан 1 млрд сўм кредит маблағини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Шунингдек, Сурхондарёнинг Узун ва Денов туманларида ҳам фуқаролар имтиёзли кредит маблағларини талон-тарож қилгани атилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Фарғонага сафари чоғида «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишини бориб кўрди. Бу ерда қарийб 300 та кўп қаватли (7 дан 25 қаватгача) уйлар, ҳиёбон ва кўл, мактаб ва болалар боғчалари, саноат зонаси ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилган. Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов массивни қурилаётганлари орасида «энг яшил ва экологик массив» деб атади. Коммуникация эса махсус туннелдан ўтказилади.
Сурхондарёдаги 4-мактабда ўқувчи калтакланиши 27 апрель куни содир бўлгани ва бунинг ортидан мактаб директорининг икки ўринбосари, синф раҳбари ва инглиз тили фани ўқитувчиси ишдан бўшатилгани маълум қилинди. Ижтимоий тармоқларда видео тарқалгач, мактаб директори ҳам лавозимидан озод қилинди. Бандихон туман ИИБ калтак еган ўқувчи ва унинг айрим синфдошлари безорилиги юзасидан ҳам суриштирув ўтказмоқда.
1 январь куни тонгда пойтахтдаги «Самарқанд дарвоза» мажмуаси яқинида «ўт ўчиргич» мосламасини портлатган 8 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Айбланувчиларнинг энг каттаси 25 ёш, энг кичиги эса — 19 ёшда. Жабрланувчи фуқаро воқеа оқибатида оёғидаги бир бармоғидан айрилганини айтди. Судланувчилардан бири эса «ўт ўчиргич»ни қандай ясагани ҳақида сўзлаб берди.
Марғилонда фуқарони уч йил давомида алдаб, АҚШ ёки Жанубий Кореяга ишга жўнатишига ишонтириб, 12 700 доллар маблағини қўлга киритган шахс ушланди. У 500 долларни қайтариб, ўз айбига иқрор бўлгани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Финляндия НАТОга аъзо бўлиш қароридан сўнг, худди шу мақсадни Швециянинг ҳукмрон партияси ҳам билдирди. Иттифоққа қўшилмаслик Швецияни заиф аҳволга солиб қўяди, деган фикрда бош вазир Магдалена Андерссон.
Жаҳон банки прогнозига кўра, Россияга қарши санкциялар ва Украинадаги инқироз МДҲ давлатлари, шу жумладан Ўзбекистонда пул ўтказмаларининг қисқаришига олиб келади. Шунингдек, 2022 йилда Россия ЯИМ тушиши ва рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиши мигрантларнинг бандлиги ва даромадларини камайтириши мумкин, бу эса МДҲда қашшоқлик муаммосини янада кучайтиради.
ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» фракцияси аъзолари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқишди. Партия депутатлари ислоҳотлардан келиб чиқиб, Конституцияни бугунги реал воқеликка мослаштириш зарур деб ҳисоблайди. Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Конституцияга 10 дан ортиқ ҳолат бўйича ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди.
16−17 май кунлари Ўзбекистонда қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳарорат +30 даражагача исийди. 18−19 май кунлари Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийсида қисқа муддатли ёмғирлар бўлиши кутилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёнинг Бандихон туманидаги 4-мактабда инглиз тили ўқитувчиси дарсга тайёрланмай келган ўқувчини калтаклагани акс этган видеолар тарқалди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан ўқитувчига нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди. ХТВ эса ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралади.
Беруний туманида автомактаб ходими 4 кишини ўқув жараёнларига қатнаштирмасдан, танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришига ишонтиргани айтилмоқда. Бунинг эвазига у 800 доллар ва 16 млн сўмни олганида қўлга тушган.
«Ўзбекнетгаз» томонидан Устюрт ҳудудида 5 та янги газконденсат кони очилиб, улар сони 25 тага етказилди. Мазкур ҳудуддаги умумий захиралар ҳажми 395,6 млрд куб метр табиий газ, 96 млн тонна нефть ва 14,6 млн тонна газ конденсатини ташкил қилмоқда.
Қирғизистоннинг Аксий туманида экин майдонларда Марокко чигирткаси кескин кўпайиб кетаётгани айтилмоқда, бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ҳам хавф туғдириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу вазият назоратга олингани ва тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Таъкидланишича, жорий йилда қўшни давлатлардан 50−60 минг гектарга чигирткалар учиб ўтиш хавфи бор, шу боис Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззахда кимёвий ишлов ишлари олиб борилмоқда.
Хитой пандемия билан боғлиқ хавотирли вазият туфайли футбол бўйича Осиё кубоги-2023 мусобақасига мезбонлик қила олмаслигини маълум қилди. Мусобақанинг янги мезбони яқин кунларда аниқланади.
Халқ таълими вазирлиги 1 августга қадар мактабларда ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини қайта кўриб чиқади. Унда мактаб ва ота-онанинг таълим ва тарбияда иштироки, масъулияти ҳамда мажбуриятлари акс эттирилади. Қолаверса, 2023−2024 йилларда мактабларда эскирган компьютер синфларини янгилаш учун жами 400 млрд сўм ажратилади, интернет тезлиги 100 Мбит/с гача оширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг