Сенат «снос» тўғрисидаги қонунни қуйи палатага қайтариши кутилмоқда. Сенаторларнинг фикрича, қонунни қайта кўриб чиқишга 7 та моддадаги камчиликлар ва очиқ қолган масалалар сабаб бўлмоқда. Депутат Расул Кушербаев эса бу нотўғри эканлигини айтиб, қонун қайтгудек бўлса, Қонунчилик палатаси ҳужжатни президентга тўғридан-тўғри киритиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Ўзбекистон халқ артисти Тўтихон Юсупова 86 ёшда ҳаётдан кўз юмди.
18 март куни шифокорлар билан учрашадиган президент, Бухорода қулаган қалъа деворини таъмирлашга 1 млрд сўм, Украинадан эвакуация қилинган талабаларнинг ўқиши кўчирилиши, Марказий Осиё президентлари неча ёшда лавозимга сайлангани ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 15 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
14 март куни Россия бош вазири Михаил Мишустин шакар ва дон экспортини вақтинча тақиқлаш бўйича фармонни имзолади. Унга кўра, шакар маҳсулотлари экспорти 31 августгача амал қилади. Шунингдек, дон маҳсулотларини ЕОИИ мамлакатларига олиб чиқиш ҳам 30 июнгача тақиқланди. Шакар экспортининг чекланиши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри (бироқ оз миқдорда) таъсир қилса, дон экспортининг чекланиши Қозоғистон орқали билвосита таъсир қилиши мумкин.
18 март куни Шавкат Мирзиёев 10 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари билан учрашув ўтказади. Очиқ мулоқотга улардан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган.
Ҳисоб палатаси Тошкент тиббиёт академияси биноси қурилишида 22,4 млрд сўм маблағ самарасиз сарфланганини маълум қилди. Бундан ташқари, 9 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси 16,7 млрд сўмлик маошга сохта «ведомост» ларни расмийлаштириб, ўзлаштиргани аниқланди.
Ҳисоб палатаси оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган 2,8 трлн сўмлик кредитлар муаммоли ҳолатда эканини маълум қилди. Жумладан, Навоий вилоятида мазкур дастур бўйича ўзаро алоқадор уч фуқарога 51 та кредит шартномаси билан ажратилган 867 млн сўм кредитлар мақсадсиз ишлатилган.
Сенатнинг 24-ялпи йиғилишида Меҳнат кодексини тасдиқлаш, киберхавфсизлик ва реклама тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилади. Шунингдек, сенаторлар омбудсман, ТИВ, ИИВ ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайдилар.
Самарқанд вилоятида иссиқхона қуриш учун ажратилган ер майдонини 60 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар сўралган пулнинг 20 минг долларини олаётганда ушланди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
2021 йилда 2 млн сўмгача ойлик оладиган сони камайиб, 2−4, 4−5 ва 5 млн сўмдан зиёд маош оладиганлар сони ортди. Хусусан, 5 млн сўмдан ортиқ иш ҳақи олувчилар сони бир йил аввалгига нисбатан 209 минг кишига кўпайиб, 513,2 минг нафарга етган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқотда, жумладан, икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Россиянинг «Первый канал» телеканали муҳаррири Марина Овсянникова «Время» дастури жонли эфири вақтида Украинадаги урушни тўхтатиш ва пропагандага ишонмасликни сўраб чиқди. Мазкур ҳолатга ўзбек жамоатчилиги вакиллари ҳам муносабат билдирди. Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев «қўрқувни қандай қилиб енгди экан?» дея савол билан юзланган бўлса, Davletovuz «ҳақиқат учун курашувчи ҳамма жойда топилади», дея таъкидлади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 117,09 сўмга кўтарилиб, 11 150,12 сўмни ташкил қилди. Евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Бухородаги XVI асрга оид «Талипоч қалъа дарвозаси» деворини таъмирлаш учун Туризм ва маъданий мерос вазирлиги томонидан 1 млрд. сўм маблағ ажратилди. Деворнинг бир қисми тинимсиз ёмғир ёғиши туфайли қулаб тушган эди.
15 мартдан Украинадан қайтган талабалар ўқишини соддалаштирилган тартибда кўчириш бошланди. Ҳужжатлар ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан қабул қилинмоқда.
Ўзгидромет 16−19 март кунлари кутилаётган кучли ёғингарчиликлар туфайли Ўзбекистоннинг 9 вилоятида сел келиш хавфи ҳақида маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедовни сайловда қозонган ғалабаси билан табриклади.
15 март куни Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 250 нафар ўзбекистонлик олиб келинди. Жами 26 та авиарейсда 5884 фуқаро эвакуация қилинди.
Туркманистонда бўлиб ўтган президентлик сайлови якунлари эълон қилинди. Унга кўра, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳаммедов 72,9 фоиз овоз билан президентликка сайланди.
ДХХ, ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Пахтачи туманларида ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахсларни қўлга олди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг