Ўзбекистон «Чегарасиз репортёрлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида 24 поғонага кўтарилиб, 133-ўринни эгаллади. Бундай кескин ўзгариш рейтинг методологиясининг янгилангани билан боғлиқ. Мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият олдингидек «мураккаб» дея баҳоланмоқда.
Президент ўзининг байрам табригида Рамазон ҳайити дунё аҳлини ўзаро дўст ва биродар бўлиб, тотувлик ва ҳамкорликда яшашга даъват этишини таъкидлади. «Юртимизда барқарорликни таъминлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қадимий ва ўлмас қадриятларга таянган ҳолда тараққиёт сари жадал одимлаш — давр талабидир», — деди у.
Ўзбекистон ўтган йил августида мамлакатга учиб келган ҳарбий самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтаришни режалаштирмаяпти, чунки улар АҚШ мулки ҳисобланади ва бу масала расмий Вашингтон томонидан ҳал қилиниши керак. Бу ҳақда «Америка Овози»га берган интервьюсида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди.
Президентнинг тегишли фармонига асосан Шохрух Аминов бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Сирдарё ҳамда Навоий вилоятларида прокурор лавозимида фаолият юритган.
9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар ва Ленинград қамалидаги асирларга 15 млн сўмдан тўланади.
Самарқандда жамоат транспортини ривожлантириш учун 2023 йил охиригача 40 та янги, жумладан, 5 та экспресс йўналиш очиш, марказий кўчаларда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратиш, 180 та электробус харид қилиш режалаштирилмоқда. 1 июлдан бошлаб шаҳар жамоат транспорти вилоят буджети ҳисобидан субсидияланади. Икки туманни Самарқанд билан электропоезд орқали улаш таклиф қилинмоқда. «Йўлларни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал қилиб бўлмайди. Жамоат транспортига устувор аҳамият бериш керак», деди Шавкат Мирзиёев
Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг фикрича, тижорат банкларида амалга оширилаётган коррупцион ҳолатлар ислоҳотларга соя солмоқда. Шунингдек, у битта банкда жиноят содир қилган банк масъулининг бошқа бир банкка бориб ишга жойлашиши нотўғри эканлигини айтиб ўтди.
Ўзбекистонда Фаластиннинг қайта тайинланган элчиси Жавад Муҳаммад Авад ўз фаолиятини бошлади. Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов элчидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.
Эндиликда инсон аъзолари трансплантацияси учун беморга қариндош бўлмаганлар ҳам донорлик қилиши мумкин. Тирик донорни ундан аъзосини ва (ёки) тўқималарини олиш учун розилик беришга мажбурлаш тақиқланади.Ўзбекистон фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлолмайди. «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бош прокуратура тизимида Зомин ва Бахмал табиатини муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ва ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилади.
Қирғизистон ташқи ишлар вазири лавозимига номзод Жээнбек Кулубаев Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида яна 3−4 та назорат-ўтказиш пунктлари очилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу масала икки давлат бош вазирлари учрашувида кўтарилган.
2012 йилдан буён ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланди. ТИВ раҳбарининг вазифаларини бажариш Владимир Норов зиммасига юклатилди.
Ҳукумат қарори билан Аъзам Абдуллаев Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўзкомназорат») бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. «Ўзкомназорат»нинг аввалги раҳбари айрим ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан лавозимидан четлаштирилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев техникумлар бўйича дастур ишлаб чиқиш топшириғини берди. Бунда аграр соҳадаги барча техникумлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилиб, улардаги ўқув дастурлар, методология, дарсликлар ва амалиёт тизими буткул қайта кўриб чиқилади.
Сенатда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.
Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими Сайфиддин Низомов мактаб ўқувчиларини керак бўлса уриш мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, «аввал ўқитувчилар болаларни калтаклашган ва бу уни ҳозиргача келишига ёрдам берган». Туман ҳокимлиги матбуот хизмати «ижтимоий тармоқларда вазият бошқача талқин қилинганини» маълум қилди.
Президент 4 та ҳудуддан ташқари барча вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати берди. Шунингдек, давлат раҳбари қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқлигини таъкидлади. Мутасаддиларга туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш энг устувор вазифа этиб белгиланди.
Президентнинг тегишли қарори билан Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев ва Ботиржон Шахриёров туризм ва маданий мерос вазирига ўринбосар этиб тайинланди.
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Муса Жаманбаев иш бошлади. Элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов қабул қилиб олди.
Киев ва унинг атрофида ишлаган 11 нафар ўзбекистонлик март ойи бошида бедарак йўқолган эди. Ўшандан бери қариндошлари улар билан боғлана олмади. Элчихона уларни қидирмоқда. «Газета.uz» бедарак йўқолганлардан бирининг укаси билан суҳбатлашди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг