Ўзбекистон Афғонистон Маслаҳат лоя жирғасининг 400 нафар толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлашини маълум қилди. Афғонлараро музокаралари шу ҳафта ичида бошланиши мумкин.
Холмўмин Ёдгоров Судьялар олий кенгаши раиси этиб тайинлангани муносабати билан Олий суд раиси ўринбосари лавозимидан озод қилинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлади.
Бахтиёр Шомуродов Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳокими лавозимини тарк этди. Вақтинчалик унинг вазифасини ҳокимнинг биринчи ўринбосари Мурод Исабоев бажаради.
Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган йиғилишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Рахмат Маматов, шунингдек унинг ўринбосарлари Ботир Парпиев ва Азизбек Икромовга ҳайфсан берилди. Бош вазир кам таъминланган оилаларга бир марталик молиявий ёрдамни кечиктирган айрим маҳалла раисларининг ҳаракатларини танқид қилди.
Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида ярим йиллик фаолияти бўйича ҳисобот берган ташқи ишлар вазири, жумладан, пандемияси сабабли хорижда қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга қўлдан келганча ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлар экан, бу борада камчиликлар ҳам борлигини тан олди. «Консулхонага ҳужум қиламиз, ўт қўямиз, консулни осамиз, деган гаплар ҳам бўлди», — деди у.
Сенаторлар янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» ги қонунни маъқуллашди. Унда, жумладан, одам савдосидан жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар махфийлиги кафолатланди. Шунингдек, одам савдосига қарши курашда ННТлар ваколат ва вазифалари белгиланди.
Сенаторлар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Муса Ерниязов ва коронавирусдан вафот этган бошқа фуқароларнинг хотирасига бир дақиқа сукут сақлашди.
Транспорт вазири Элёр Ғаниев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ўз лавозимидан озод этилди. У Транспорт вазирлигини 2020 йилнинг январь ойидан бошқариб келаётган эди.
2020/2021 ўқув йилида ОТМларга кириш имтиҳонлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда кунига икки марта — ҳаво салқин вақтларда ўтказилиши белгиланди.
Ўзбекистон Жаҳон банки қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга ажратган 500 млн доллардан 87 млн долларини агросекторда илм-фан ва технологияларни ривожлантириш, 70 млн долларини эса фитосанитария ва сертификатлаш хизматларини кўрсатувчи агромарказларга йўналтиради. Яна 200 млн доллар ҳудудлар ўртасида тақсимланиб, кооперативлар ва кластерларни ривожлантиришга сарфланади.
12−13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми видеоконференция шаклида ўтказилади. Унда президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси муҳокама қилинади.
Аюбхон Раджиев Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори этиб тайинланди.
Тожикистон парламентининг қарори билан 11 октябрь мамлакатда президент сайловлар куни деб эълон қилинди.
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Ботирбек Исабеков эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. У бошқармага 2019 йилнинг июнь ойидан раҳбарлик қилиб келаётганди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ливан Республикаси президенти Мишель Аунга Байрутда юз берган кучли портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Шаҳардан Тошкент вилоятига 1010 га, вилоятдан пойтахтга 10196 га ер майдони ўтказилиши режалаштирилмоқда. Президент пойтахт ва Тошкент вилояти туманлари ҳудудларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқди.
«Биз карантинни қанча узоқ вақт давом эттирсак, одамларни шунчалик қийнаб қўямиз», — деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. У зудлик билан коронавирус билан касалланган барча беморларни қамраб оладиган даволаш тизимини йўлга қўйишни буюрди.
Президент Шавкат Мирзиёев бош вазир ўринбосарига тез орада вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши кутилаётган Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия фармацевтика компанияларидан вакцинани харид қилиш ва мамлакат аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Бухоро халқаро аэропорти директори, собиқ сенатор Тоҳир Баҳронов вафот этди. Унга коронавирус ташҳиси қўйилган эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг