«Росгеология» компанияси билан Ўзбекистонда геологоразведка ишларини ўтказиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бунинг учун Rosgeo Uzbekistan шўъба корхонаси ташкил этилиб, унга Ўзбекистон бош вазирининг собиқ маслаҳатчиси, собиқ иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев раҳбар этиб тайинлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 июнь куни Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида иштирок этишини тасдиқлади. Марказий Осиё давлатлари, Молдова, Сербия ва Хорватия раҳбарлари ҳам таклифномаларни қабул қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишини тақиқлаш, ҳеч ким суд қарорисиз мулк ҳуқуқидан маҳрум қилишга ёки уни чеклаб қўйишга ҳақли эмаслиги қонунда мустаҳкамланмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Боткен вилояти губернатори Алишер Абдураҳмонов иштирокида амалий учрашув ўтказилди. Унда, Қирғизистон делегацияси мамлакат ҳудудидан Сўх тумани ҳамда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига аҳолининг эркин бориб-келишида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммолар бўлмаслигини таъкидлаб ўтди.
Давлат гранти асосида ўқиётган талабаларни 3 йилга камбағаллик даражаси юқори бўлган ҳудудларга ишлаш учун йўналтириш таклиф қилинди.
Тахиатош тумани ҳокими лавозимида ишлаган Фархат Алламбергенов Қорақалпоғистон Республикаси прокурори этиб тайинланди.
АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга 15 мингта коронавирус тестини ўтказишга мўлжалланган реагентларидан иборат ёрдамнинг биринчи қисмини етказиб берди. Яна 10 мингта тест реагентлари бир неча ҳафта ичида Ўзбекистонга олиб келинади.
Қозоғистоннинг бир қатор шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Иштирокчиларнинг асосий талаблари давлат томонидан кредит бўйича амнистия эълон қилиниши, чет эл фуқароларига ер сотиш амалиётни тақиқлаш ва сиёсий фаолларни озод этиш бўлди. 100 нафардан ортиқ намойишчилар ҳибсга олинган.
Президент Фарғона вилояти раҳбарлари ва аҳолиси билан учрашувда энг муҳим масалаларни муҳокама қилишга чақирди. Сўх туманидаги воқеаларга тўхталиб, улар қирғиз халқи билан дўстона муносабатларга таъсир қилмаслиги кераклигини таъкидлади. «Вазмин, сабр-тоқатли, меҳр-оқибатли бўлишимиз зарур», — деди президент ва тумани аҳолсининг ҳаётини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларга тўхталди.
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида бир қатор лойиҳаларни кўздан кечирди. Шунингдек, вилоятда қамбағал аҳоли билан ишлаш тизими бўйича амалга ошириладиган ишлар билан ҳам танишди.
8 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилди.
Халқ таълими тизимида масофавий таълимни ривожлантириш мақсадида «Online Maktab» лойиҳаси давом эттирилиши режалаштирирлмоқда. Тегишли қарор лойиҳасига кўра, 1 августдан телевизион видеодарсларни тасвирга олиш йўлга қўйилиши кутилмоқда ва 1 сентябргача ягона марказлашган maktab.uz платформаси яратилади.
Шавкат Мирзиёев бош вазир биринчи ўринбосари Ачилбай Раматовга чегарадош ҳудудларга бориб у ердаги муаммоларни ўрганишга топшириқ берди. Алоҳида урғу чегарадош ҳудудлардаги камбағалликни камайтириш ва аҳоли яшаш даражасини ривожлантиришга қаратилади.
Канада ҳукумати Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш учун 185 минг АҚШ доллари ажратади.
Шавкат Мирзиёев Туркиянинг «Каlyon» компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Тошкент шаҳрининг транспорт концепцияси билан танишди. Концепцияда устуворлик пиёдалар, велосипедлар ва жамоат транспорти ҳаракатига берилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона аҳолисининг ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига жўнаб кетди.
1 июлдан хорижий авиакомпаниялар ўз йўловчилари тўғрисидаги маълумотларни ДХХнинг чегара қўшинларига мажбурий равишда тақдим этади. Маълумотлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг стандарт форматида берилиши белгиланган.
40 нафардан ортиқ Фанлар Академиясининг ёш олимлари кўп қаватли уйлар учун биринчи тўловни 2019 йил ноябрда тўлаб беришган. Сергели туманидан ажратилиши керак бўлган уйлар юзасидан, Сенат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимига сенатор сўрови юборди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон хорижлик сайёҳларни қабул қилишни Туркия билан бир вақтда бошлашини маълум қилди. «Қаерда бизни қабул қилишга тайёр бўлса, биз ҳам тайёр бўламиз. Биз дарров самолётларимизни учирамиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Сўх туманидаги барча муаммоларни бартараф этиш учун 1 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу масала бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Cўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратилади, улар олий ўқув юртларига имтиҳонларни ўз она тиллари — тожик тилида топширишлари мумкин бўлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг