БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Ўзбекистон президентига йўллаган мактубида сув тошқинидан жабрланган Ўзбекистон халқи ва қўшни Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Гуттериш глобал миқёсда ўт очишни тўхтатиш бўйича у эълон қилган даъватни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Алишер Усмонов жамғармаси томонидан ажратилган 5 млн доллар сув тошқини натижасида эвакуация қилинган Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги 30 мингдан ортиқ кишига бўлиб берилади. Эвакуация қилинган 5202 та оиланинг ҳужжатлари тўлиқ тўплангандан сўнг, уларга белгиланган 422 минг тенге (1000 АҚШ доллари) берилади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг видеоконференция шаклидаги учрашвида иштирок этиши маълум бўлди. Конференцияда COVID-19 коронавирус пандемияси шароитидаги ҳамкорликнинг ҳолати, истиқболлари ва Афғонистондаги сиёсий вазият муҳокама қилинади.
Сенат Сардоба сув омборидаги техноген офат бўйича ҳукуматга парламент сўрови юбормайди. Сенат раиси Танзила Норбоева жиноят иши очилгани ва ушбу масала шахсан президент назоратида эканини таъкидлади.
Ўзбекистонда ташкил этиладиган Коррупцияга қарши кураш агентлиги мустақил ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи мақомида бўлади. У парламент аъзолари, президент админстрацияси, ҳукумат аъзолари ва бошқа мансабдор шахслар ишини ҳам ўрганади. «Маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганиш даражасига чиқилади», — дея маълум қилди бош прокурор.
«Биз ҳозир бировдан қочиб ёки бировга қарши бу ерга [ЕОИИга] аъзо бўлиб кираётанимиз йўқ». Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ЕИҲ ва ЕОИИ билан ҳамкорлик ўртасидаги «принципиал фарқни» айтиб ўтди. ТИВ ўринбосари Илҳом Неъматов ЕОИИда қатнашиш бошқа давлатлар билан муносабатларнинг ёмонлашишига олиб келмаслигини таъкидлади.
Сенат кўпчилик овоз билан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлигини маъқуллади. 100 сенатордан 91 нафари овоз беришда иштирок этди. Улардан 71 нафари қарорни маъқуллади, 16 киши «қарши», 4 киши бетараф бўлди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари раҳбари Мақтаарал тумани Мирзакент посёлкасида янги микрорайон қурилишини бошлаб берди. Бош вазирлар илк турар жойлар пойдеворларини қўйиш маросимида қатнашди.
Архив маълумотларининг очилиши ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки тўғрисидаги маълумотларни аниқлаштириш имконини берди. Президентнинг маълум қилишича, фронтга қарийб 2 миллион ўзбекистонлик сафарбар қилинган, 538 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 158 мингдан зиёди бедарак йўқолган.
Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида содир бўлган тошқин сувлари 10 та маҳалла фуқаролар йиғинлари (23 та аҳоли пунктлари) ҳудудларидаги 4 711та турар ва 277 та нотурар жой объектларига ҳамда 30 718 га экин майдонларига зарар етказган. Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун 2500 дан ортиқ техника жалб этилган.
АҚШ ҳукумати Сардоба сув омбори ўпирилишининг оқибатларини бартараф этиш учун 100 минг доллар ажратади. Ушбу маблағ сув омбори ўпирилиши натижасида ўз уйларидан кўчирилган муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бошқа зарур воситаларни тарқатиш учун Ўзбекистонга мазкур инқироздан қутулиш ва қайта тикланишда ёрдам беришга йўналтирилади.
Сурхондарё вилоятида 73 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Captiva трактор билан тўқнашди. Тракторда ўтирган (йўловчи) 13 ёшли ўсмир жароҳат олиб, кейинроқ шифохонада вафот этди.
Акмал Мирзаев Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали суҳбатда яқинлашиб келаётган байрам — фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклаб, икки мамлакат фахрийлари ва халқларига соғлик-омонлик тиладилар.
Дональд Трамп унинг Эронга қарши ҳарбий ваколатларини чеклайдиган АҚШ Конгресси резолюциясига вето қўйди. Мазкур резолюция «қонунларни нотўғри талқин қилишга асосланган, ҳақоратли ва АҚШ ўзининг иттифоқчилари ва шерикларини ҳимоя қилиш ваколатларига катта зарар етказган бўлар эди», деди Оқ уй раҳбари.
Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр бошчилигидаги делегация фавқулодда вазият юзасидан Ўзбекистон билан умумий ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш мақсадида Сирдарёга ташриф буюрди. Уларни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари С.Умурзоқов ва вилоят хокими Ғ.Мирзаевлар кутиб олишди. Делегация вертолёт авиацияси ёрдамида Сирдарё сув омбори атрофи ҳудудларини кўздан кечирган.
Ўзбекистон сув тошқини оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш учун Қозоғистонга 209 нафар шахсий таркиб, 169 та қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва ёнғин-қутқарув техникаларидан иборат қўшимча куч ва воситалар жўнатди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси видеоконференцалоқа шаклида ўтказилади. Унда 20 та масала, шу жумладан 10 та қонун кўриб чиқилади. ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи ҳам муҳокама қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони бузилиши қўшни қозоқ халқига ҳам зиён етказганига муносабат билдирди. «Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз», — деди давлат раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ва сув тошқинлари айбдорлари, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беришини маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг