Электромобилни уйда қувватлантириш учун тунги тарифлар, «Яшил макон» доирасида экилмай, қўшиб ёзилган 1 млн кўчат, 10 июнь — Цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни, Қозоғистондаги рейдларда ушланаётган ўзбекистонликлар ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
«Ҳудудий электр тармоқлари» электр энергиясининг кунлик нормаси 6,6 кВт/соатни ташкил этиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
11 июнь куни «Саидазиз медгородок» номи билан танилган Саидазиз Саидалиев, шунингдек, яна 28 кишига нисбатан суд жараёни бошланади. Улар Жиноят кодексининг товламачилик, фирибгарлик, безорилик, жиноий уюшма ташкил этиш каби жами 14 та моддаси бўйича айбланмоқда.
Бош прокуратура «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилганини аниқлади. Шунингдек, 441 та ҳолатда 580 минг туп кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган.
IT Park University`нинг аълочи талабалари май ойида Испанияда амалиёт ўтади. Улар ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб берди, шунингдек, бир қатор тренинг ҳамда семинарлардан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида ерости кабелида юз берган ёнғиндан сўнг паспорт ва манзил билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда узилишлар кузатилмоқда, деб хабар қилди Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ИИББ. Шунингдек, яқин атрофдаги аҳоли пунктларида электр энергияси вақтинча узилган.
Бекобод туманидаги «Дўстлик» каналидан Сирдарё вилоятида туғилган 14 ёшли йигитнинг жасади топилди. Терговга қадар текширув кетмоқда.
Ўзбекистонда ўтган май ойида ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам ҳарорат ўзининг рекорд қийматларига яқинлашмади, +25…+30 даража атрофида бўлди. Кўплаб ҳудудлар бўйича ой энг нам май ойлари бешлигига кирди, ёғингарчилик меъёрдан 1,3−2,8 марта кўп бўлди.
Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳарорат +41 даражагача кўтарилади. Сўнгра +32…+35 даражагача пасайиши кутилмоқда. Бундай ҳарорат июнь ойи иқлимий меъёридан 1−2 даражага юқори. Айрим тоғли ҳудудларда кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, жойларда чаг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
ИИВ биноси яқинидаги ерости туннелида ёнғин содир бўлди. «Электр симлари туташи»га 9 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилди ва у 1 соатда бартараф этилди. Тошкент метрополитени ёнғиннинг метро тизимига боғлиқмаслиги, қурилмалар нормал ҳолатда ишлаётганини қўшимча қилди.
Душанба куни эрталаб Тожикистонда содир бўлган зилзила Сурхондарё вилоятида ҳам сезилди. Вилоят туманларида сезилиш кучи 2 баллни ташкил қилди.
Юқори Чирчиқ туманида юк машинаси Чирчиқ дарёсига тушиб кетди. Оқибатда йўловчи вафот этди, ҳайдовчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Тармоқларда ҳодиса пойга сабаб юз бергани айтилмоқда.
ССВ ёз фаслида офтоб уриши, халқ тилидаги дам ўтиши ҳолати кўп учрашини инобатга олиб, ундан сақланиш бўйича бир неча тавсиялар берди. Кўпроқ суюқлик ичиш, ёпиқ жойларда бўлиш, очиқ рангли либослар ва бош кийим кийиш шулар жумласидандир.
Тошкент шаҳрида барча мозаикали турар жой бинолари реклама баннерларидан тозаланади, деб хабар қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда пойтахт ҳокимлиги. Дастур бошланган 2021 йилдан буён жами 70 та (шундан 40 таси икки ой ичида) панно рекламалардан халос этилди.
Хива шаҳрида 11 ёшли болани девор босиб қолди. Оқибатда бола тос суяги синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Ҳодиса бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда, ҳолатни болалар омбудсмани назоратга олди.
Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ичида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган Lada Largus машинасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 2 нафар йўловчи ҳар хил даражадаги куйиш билан касалхонага ётқизилди.
10 июндан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси янги виза олиш тизимини ишга туширади. Ариза берувчилар энди суҳбатга ёзилишдан олдин виза тўловларини амалга ошириши керак бўлади.
Шанба куни тунда Telegram мессенжери фаолиятида глобал ва узоқ давом этган носозлик юзага келди. Муаммолар Ўзбекистон, Россия, АҚШ ва Европа давлатларида кузатилди.
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида Captiva билан тўқнашув оқибатида 39 ёшли пиёда ҳалок бўлди. Ҳайдовчи маст эди. Машина дўкон девори олдида ўтирган эркакни босиб кетган.
Чилонзор тумани суди Telegram орқали ноткоин йиғиб, уни 800 минг сўмга сотган 24 ёшли ТерДУ талабасини 10 суткага қамаш тўғрисида ҳукм чиқарди. Криптоактивлар айланмасидаги қонунчиликни бузишда айбланган сурхондарёлик йигит бу иши ноқонуний эканини билмаганини таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг