Сирдарё вилоятида икки фуқаро ижтимоий тармоқларда экстремистик ва террорчилик материалларини тарқатганликда гумон қилинмоқда. Улардан бири Telegram`да виртуал гуруҳ очиб, ақидапарастликни тарғиб қилувчи аудио ва видео материалларни жойлаштиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳукумат қарори билан ҳоким ёрдамчилари ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга масъул бўлган республика вакилларига ипотека кредити учун уй-жой нархининг 50 фоизигача — бироқ 150 млн сўмдан ошмаган миқдорда субсидия тўлаб берилади. Қолаверса, уларга мукофот пули, маошига устама тўлов, уй ижараси ва шахсий машинасида юргани учун бензин пули, чипталар учун конпенсация ҳам берилади.
Жума куни Навоийдаги «Янги ҳаёт» савдо мажмуасида 52 ёшли фуқаро 3 ёшли набираси билан 5 ва 4 қават оралиғидаги эскалаторда мувозанатни йўқотиб, 1 қаватга тушиб кетди. Эркак воқеа жойида вафот этди, болакай эса шифохонага ётқизилди.
Антикоррупция агентлиги Шахмат федерацияси билан боғлиқ молиявий операцияларни ўрганиб, федерацияга 2020−2021 йилларда бюджетдан маблағлар тўғридан-тўғри ажратилмаганини аниқлади. 2021 йилда фақат Туризм ва спорт вазирлиги 6 та тадбир учун федерацияга 2,8 млрд сўм маблағ берган. Агентлик Шахмат федерацияси ННТ бўлгани боис, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш учун ҳужжатларни Адлия вазирлигига юборди.
Жума куни 191 кишининг коронавирусга топширган тест таҳлили мусбат натижани кўрсатди, бу 5 январдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Шу куни 3 киши ковид асоратлари оқибатида вафот этди. 42 кишида эса пневмония аниқланди.
Тошкентда Эйнштейн портрети ва унинг формулалари акс эттирилган девор бўяб кетилди. Асар муаллифи, таниқли кўча рассоми Inkuzart бунинг учун Чилонзор ҳокимига «миннатдорчилик» билдирди. Чилонзор тумани ҳокимияти бино сносга тушгани боис граффики бўялгани ва рассом учун бошқа «қулай жой тавсия этилади».
Сергелидаги бузиладиган 409 та ёғоч уй, иккига ажратилган Туризм ва спорт вазирлиги, 1 ноябргача Тошкентда ишга тушадиган пуллик йўл бўйи «парковкалари», «Етти ўлчаб бир кесиб» трамвайлар маршрутлари аниқланиши, пойтахтга олиб келинадиган 18 метрли «гармошкали автобуслар», Наврўзда кетма-кет 5 кун дам оладиган ўзбекистонликлар ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 18 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида маҳалла давлатнинг асоси экани, у обод бўлса, мамлакат обод бўлишини таъкидлади. «Кўраяпсизлар, замон таҳликали бўлиб турибди. Қийинчиликсиз оила бўлмаганидек, қийинчиликсиз давлатнинг ўзи йўқ. Биз ҳам сабр билан, илм билан, меҳнат ва ҳаракатимиз билан режаларимизни амалга ошираяпмиз», — деди у.
Президент қарорига кўра, 2025 йилгача пойтахтда 1063 та янги автобуслар ҳаракатланишни бошлайди. Улардан 53 таси 2023 йилда ҳаракатга тушириладиган катта сиғимли 18 метрли автобуслар бўлади. Ушбу «гармошкали автобуслар» пойтахтнинг 11 та магистрал йўналишида ҳаракатланади.
Тошкентда 2025 йилгача 11 та кўчада тезюрар автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирда фақат Фарғона йўли кўчасида автобуслар юриши учун мўлжалланган, бироқ машиналар ҳам юраверадиган йўлак мавжуд. Транспорт бошқармаси раҳбари Анвар Жўраев камералар ўрнатган ҳолда йўлакларнинг автомобиллардан ҳолилиги таъминланишини маълум қилди.
Дам олиш кунларида қуруқ ва бироз булутли об-ҳаво кузатилади. Ҳаво баҳорги қийматларга қадар исийди, якшанба куни термометр устуни +17 даражага кўтарилади.
«Газета.uz» коммунал тўловларни ташкилот кассаларига бормасдан, тўлов иловалари Click, PayMe ва Apelsin орқали тўлаш ҳақида қўлланмани тақдим этади.
Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги «Дўстлик» маҳалласига ташрифи давомида кўп қаватли уйнинг деворига чизилган «Дўстлик рамзи» муралига эътибор қаратган. «Бу мурал ҳам одамнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади», деган президент.
Президент фармонига кўра, Наврўзда ҳафтасига беш кун ишлайдиган ходимлар кетма-кет беш кун дам олади.
Қўқон шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти ғояларини тарғиб қилишда гумонланаётган шахс қўлга олинди. У олдин ҳам «Ҳизб ут-Таҳрир» сафида фаолият олиб борганлиги учун икки марта жазо муддатини ўтаб чиққан.
Ўзбекистонда Туризм ва маданий мерос ҳамда Спортни ривожлантириш вазирликлари ташкил этилди. Депутатлар томонидан туризм вазири сифатида Азиз Абдуҳакимов, спорт вазири сифатида эса Адҳам Икрамов номзодлари маъқулланди.
«Ўзтрансгаз» республикада кузатилган совуқ об-ҳаво туфайли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида чекловлар жорий этилишини маълум қилди. Жумладан, Фарғона водийсидаги АГТКШлар фаолияти 18 февраль куни 14:00 дан 19 февраль 06:00 гача вақтинча тўхтатилди.
1 ноябргача Тошкентнинг Амир Темур, Нукус, Миробод, Шевченко ва бошқа кўчаларида (жами — 11 та) автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик автомобиль тўхташ жойлари ташкил этилади. Шунингдек, 5 йил ичида 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши режалаштирилган.
Пайшанба куни Ўзбекистонда 272 та ҳолатда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу олдинги кунга нисбатан 31 тага кўп. Шу вақтгача саккиз кун кетма-кет пасайиш кузатилаётганди.
«Газета.uz»га маълум бўлишича, 2021 йилда бир ойлик ҳарбий хизматга бориш учун тўловларни тўлиқ амалга оширган чақирилувчи карантин чоралари сабабли 27 ёшга тўлишидан олдин ҳарбий хизматга сафарбар қилинмаган. У Мудофаа вазирлигидан ҳарбий хизматни ўташга рухсат беришни сўрамоқда, чунки 2020 йилда вазирлик худди шундай вазиятдаги 27 ёшдан ошганларга ҳарбий хизматга рухсат берган. Депутат Расул Кушербаев бундай форс-мажор ҳолатларда масала фуқаро фойдасига ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг