Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровнинг таъкидлашича, «блэкаут» вақтида иситиш тизими ишламаган кунлар учун тўловлар, албатта чегириб ташланади. Унинг сўзларига кўра, Тошкентда иситиш тизими 27 январь куни тунгача аввалгидек ишлай бошлайди.
Самарқанд вилоятида келгуси 5 йилда камида 8 млрд АҚШ долларлик 5,5 мингдан ортиқ инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши ва бунинг натижасида 250 мингдан ошиқ доимий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Вилоят ҳокими 8 минг кмлик йўлларга асфальт ётқизилиб, вилоятда лой йўллар умуман қолмаслигини таъкидлади.
Ўзгидромет 28−29 январь кунлари Ўзбекистон бўйлаб шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши ҳақида огоҳлантирди. Бу кунларда жойларда ёмғир ёғиб, айрим ҳудудларда қорга айланиши мумкин.
Энергетика вазирлиги соат 16:00 да барча ҳудудларда электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланиши режалаштирилганини маълум қилди. Ҳозирда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан ташқари барча ҳудуд тўлиқ электр энергия билан таъминланган.
Ҳукумат қарорига асосан Ўзбекистон аэропортларида авиаспоттингга расман рухсат берилди. «Агар илгари аэропортдан километр узоқликда туриб ҳам самолётларни суратга олиш тақиқланган бўлса, энди аэропортлар эшикларини очиб, дўстона муносабатда бўлади», — деди Uzbekistan Airports бошқарув раиси Раъно Жўраева.
Андижондаги МЧЖлардан бирининг раҳбари 6 гектар майдонда қуриладиган савдо комплексидаги дўконларни ўз компанияси қураётганлигини таъкидлаб, улардан 10 тасини сотиш учун фуқародан 117 минг доллар сўраган, ундан 60 минг долларини олган вақтида қўлга олинган. Самарқандда эса адвокат ўзига ижарага берилган 4 гектар ерни 23 минг доллар эвазига бошқа фуқарога сотишга уринган. ДХХ Жиззах ва Хоразмда ҳам ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳрига турли вилоятлардан ишлаш мақсадида келган 30 нафар фуқаро «Тавҳид ва жиҳод катибати» ташкилоти тарафдорлари сифатида гумонланиб, қўлга олинди.
2020 йилдаги Сардоба фожиаси ва Бухоро вилоятида юз берган табиий офатдан сўнг, Қонунчилик палатасида «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда кўриб чиқилмоқда.
Урганч шаҳридаги чиқиндихоналардан бирида қиз жинсига мансуб чақалоқнинг мурдаси топилди. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, у она қорнида 5,5−6 ой яшаган ҳамда «унинг ўлимига етилмаганлик ва ҳаётга лаёқатсизлик сабаб бўлган». Қолаверса, чақалоқ қонидан ҳомиладорликни жарроҳлик аралашувисиз эрта тугатишда қўлланиладиган дори воситаси қолдиқлари топилган.
Чоршанба куни коронавирусга топширилган тест натижалари 1117 кишида мусбат натижани кўрсатди. 2 нафар бемор эса оламдан ўтди. Қолаверса, 125 кишида пневмония аниқланди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкентдаги барча қозонхоналар фаолияти тиклангани, бироқ, газ босими пастлиги учун қозонхоналар етарли иссиқликни кўп қаватли хонадонларга бера олмаётганини маълум қилди.
Эрталабки 9:00 дан Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан ташқари, бошқа ҳудудлардаги шаҳарлараро йўналишлар бўйлаб, шунингдек, аксарият вилоятларда газ қуйиш шохобчалари ишлай бошлайди. 28 январдан эса бутун республикада шохобчалар фаолиятини тиклаш режа қилинган.
Бугунги кунда аҳолининг кундалик ҳаёт тарзи, иқтисодиётнинг қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг узлуксиз фаолияти бевосита электр энергияси таъминоти билан боғлиқ. Электр энергияси таъминотидаги кенг кўламли узилишлар жамиятга ва иқтисодиётга жуда катта зарар келтиради. «Газета.uz» мақоласида блэкаутлар ва уларнинг иқтисодий зарарлари ҳақида сўз юритилади.
Аҳоли саросимага тушмагани учун миннатдорчилик билдирган Шавкат Мирзиёев, кечгача электр энергия ва газ таъминоти тўлиқ тикланишини айтган Энергетика вазирлиги, пора билан қўлга тушгани айтилган мансабдорлар, «блэкаут» ортидан озиқ-овқат нархи кескин ошмаслиги, фаолияти чекланган газ «заправкалар», ҳудудларда ҳаракатдан тўхтаган жамоат транспорти ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 26 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаев электр энергия ва газ таъминотидаги узилишлар ортидан бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, етарли миқдорларда озиқ-овқат маҳсулотлари захираси яратилган, улар муқобил энергияга уланган музлатгич ва омборхоналарда сақланмоқда. Иссиқхоналар эса бир неча кун ичида табиий газ билан таъминланади.
Самарқандда уч нафар фуқарони 60 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатишга ваъда қилган эркак қўлга олинди.
Таниқли ёзувчи, драматург ва сценарист Шароф Бошбеков 71 ёшида оламдан ўтди. У «Темир хотин», «Масхарабоз», «Фарҳод ва Ширин» каби фильмлар, «Чархпалак» видеофильмининг сценарийларига муаллифлик қилган.
«Ҳудудгазтаъминот» корхонаси Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида газ таъминоти босқичма-босқич тикланаётганини маълум қилди. Аҳолидан: «газ плиталарини, иситиш ва сув иситгич асбобларини ҳамда дудбуронларни пухта текшириш» сўралди. Электр жиҳозларини ёқишдан олдин хонада газ ҳиди йўқлигига ишонч ҳосил қилиш ва фақат шундан кейингина электр энергиясидан фойдаланиш кераклиги эслатиб ўтилди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Абдулла Азизов «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинланди.
Газ қуйиш шохобчаларидаги вақтинчалик чекловлар сабаб Самарқанд ва Наманган вилоятларида жамоат транспорти ҳаракати тўхтаб қолди. Қорақалпоғистонда эса автобуслар шохобчаларда юзага келган узун навбатларда қолиб кетмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг