ЖССТ уйда COVID-19 билан оғриган беморларни парвариш қилишнинг асосий қоидаларини эслатди. Жумладан, вирус юқтирган беморни изоляция қилиш, у жойлашган хонани шамоллатиб туриш ва унга фақатгина ниқоб билан кириш керак. COVID-19 билан касалланган одамга тинчлик, кўп суюқлик ва тўғри овқатланиш тартиби лозим.
Шавкат Мирзиёевнинг КХШТ давлат раҳбарлари саммитида меҳмон сифатида иштирок этиши, UzAuto Motors`га янги бош директор тайинланиши, Қўрғонтепа тумани прокурорининг ўз лавозимидан озод килиниши — «Газета.uz»нинг 23 августдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Режаббоев ўз лавозимидан озод килинди. Аввалроқ, у туман ободонлаштириш ходимларини ўзининг участкасида ишлатгани айтилган эди.
Аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида 1hls иловаси ишга туширилган эди. Уни мобил телефонига юклаб, кунлик қадамларни ҳисоблаш ва улар учун электрон ҳамёнга пул тўплаш мумкин. Иловани юклаб олиш ва ундаги пулни банк картасига қандай ўтказиш — «Газета.uz» қўлланмасида.
Қаршидаги манзил-колонияда 19 ёшли маҳкум лезвия билан қорнини ва қўлларини 3−4 маротаба тилиб, ўзига енгил тан жароҳатлари етказди. Бош прокуратура колония ходимларига иш қўзғатилганини рад этди, бироқ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани маълум қилинди.
Тошкент вилоятида Юқоричирчиқ тумани ҳокимига тегишли бўлган машина 16 ёшли қизни уриб юборди. Олинган жароҳатлар туфайли қиз касалхонага олиб кетилаётганда вафот этган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Шанба куни республика бўйлаб ўтказилган хайрия ҳашарида 3 млрд 193 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Шундан 189 млн сўмдан ортиғи «Маҳалла» фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ажратилган, дейилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳисоботида.
Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати +38 даражада бўлиши кутилмоқда. 27 августдан бошлаб ҳарорат аста-секин пасаяди.
Ижтимоий тармоқларда мактаб тарғибочилари уйма-уй юриб, «Миллий тикланиш» партиясининг президентликка номзоди Алишер Қодировни қўллаб-қувватлаш учун мажбурий равишда имзолар йиғаётгани айтилмоқда. Ҳолатга Алишер Қодиров муносабат билдириб, имзо йиғишда мажбурлаш бўлмаслиги кераклигини таъкидлади ва партия фаолларининг босимига учраганлардан депутатнинг Telegram-ботига хабар беришни сўради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва USAID қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган меморандум имзолади. USAID шунингдек агробизнесни ривожлантириш бўйича лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1 млн АҚШ доллари ажратди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасалари муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14,9 млрд сўмга, яъни 5 млрд 643 миллион сўм қимматроққа дори воситалари харид қилганини аниқлади. «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
22 августдан 5 сентябргача давом этадиган «АрМИ — 2021» Халқаро армия ўйинларидан аввал ўтказилган матбуот анжуманида мусобақада қатнашадиган иштирокчиларнинг барчаси коронавирусга қарши эмлангани маълум қилинди. Таъкидланишича, хорижий иштирокчилар уйига қайтиб кетишидан олдин ҳам тўлиқ текширувлардан ўтади.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Фарғона вилояти Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари Топиболди Холдоров 79 ёшида вафот этди.
Ташқи сиёсий вазият туфайли Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси виза бўлими номаълум муддатгача ёпиқ бўлади.
Данғара туманида маст ҳолатда бўлган ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia автомобили ағдарилиб кетиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди.
Ўзбекистон ҳукумати Jurabek Laboratories компаниясида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC 2001 ва «Спутник V» вакциналарини давлат рўйхатидан ўтказишга розилик берди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартишлар асосида муаллифлик ҳуқуқининг муаллиф вафотидан кейин амал қилиш муддати 50 йилдан 70 йилга узайтирилмоқда.
Тошкент ҳокимлиги ва пойтахт ИИББ ЙҲХББ Нурафшон айланма йўли бўйлаб 12 та чорраҳага «ақлли светофорлар» ўрнатади.
PDP Academy «Unicorn» таълим гранти доирасида 210 та талабани пулсиз ўқитади ва IT-компанияларда иш билан таъминлайди.
Тест синовларида тана ҳарорати юқори бўлгани ва COVID-19`га чалингани туфайли қатнаша олмаган абитуриентлар учун 23 август куни қўшимча тест синовлари ташкил этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг