14 май куни христианлик динининг ота-оналарни хотирлаш тадбирлари ўтказилиши сабаб Тошкент шаҳридаги 3-сонли қабристон томон 2 та бир кунлик автобус йўналишлари ташкил этилади. Бу учун 8 та MAN автобуслари ажратилади, улар 7:00 дан 18:00 гача ҳаракатланади, йўлкира ҳақи — 5 минг сўм.
Ҳозирда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 37 та йўналиш бўйича 196 та автобус қатнови йўлга қўйилган ва йил бошидан буён 173 минг йўловчи ташилган. Транспорт вазирлиги йил охиригача яна 10 та янги халқаро автобус йўналиши очилишини маълум қилди.
Ўзбекистон Жанубий Корея ҳукумати билан узоқ музокаралар ўтказиб, ўзбекистонликларни мавсумий ишларга жалб қилиш бўйича келишувга эришди. 2021 йилда Корея кўплаб фуқаролар меҳнат шартномаларини бузгани ва белгиланган муддатда мамлакатни тарк этмагани учун ишга қабул қилишни тўхтатганди.
Jurabek Laboratories «Док-1 Макс»дан жабрланганларга 75 млрд сўмдан ортиқ маблағни 3 йил ичида тўлаб беришга тайёрлигини билдирди. Бунинг эвазига Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари Сардор Кариевни озодликка чиқаришни сўрамоқда.
1−2 июнь кунлари Зомин миллий табиат боғида Zaamin Ultra 2024 халқаро ультрамарафони бўлиб ўтади. Югуриш масофалари 2, 10, 21 ва 50 километрни ташкил қилади.
Йил бошидан буён Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 13,3 мингдан ортиқ меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган. Асосан мактаб ва боғчаларда ҳуқуқбузарликлар сони ортган. Қарийб 2700 нафар мансабдор шахс жаримага тортилган, шундан 166 та иш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Чилонзор туманида BYD Han автомашинасини гувоҳномасиз бошқарган 22 ёшли ҳайдовчи ЙПХ инспекторини қасддан уриб юборди. Ходим иккала сон суяги синиши ташхиси билан касалхонага ётқизилди.
Шеробод туманида Tracker ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги юк машинасига урилди. Оқибатда 59 ёшли ҳайдовчи ва 4 нафар йўловчи аёл воқеа жойида вафот этди. Тармоқларда ЙТҲга йўлдаги чуқурлик сабаб бўлгани айтилмоқда.
13 май соат 11:44 да Қирғизистонда магнитудаси 3,9 га тенг бўлган зилзила юз берди. Ер силкиниши кучи Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Косонсой туманларида ҳам сезилди.
Январь-март ойларида Ўзбекистонга 1 млн 519,3 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди, бу ўтган йилнинг шу даврига қараганда 2,1 фоизга юқори. Келувчиларнинг энг кўпи Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқароларидир.
Ўзбекистонда ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати кўтарилиб, 33−36 даражагача, жанубий ва чўл ҳудудалардаги айрим жойларда 38 даражагача иссиқ бўлади. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳарорат 25−30 даражагача пасаяди.
Хоразм вилояти Шовот туманида яшовчи эркак хотини билан уни сеҳр-жоду қилганликда айблаб, жанжаллашган. Жанжал вақтида эркак хонада турган болта билан хотинига 17 маротаба зарба берган. Аёл воқеа жойида вафот этган. Суд эркакни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Тошкентда фуқаронинг банк картасидан 11,7 млн сўм пул ўғирланди. Аниқланишича, бу жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи 20 ёшли йигит содир этган. У бошқаларга Telegram орқали турли ҳаволалар жўнатиб, уларнинг банк карта маълумотларини қўлга киритган ва пул ечиш билан шуғулланиб келган.
Янги Наманган туманида 68 ёшли эркакнинг 7 ёшли қизга нисбатан қилган ҳаракатлари қайта малакаланди ва эркак жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш моддаси юзасидан қамоққа олинди. Унинг яна бошқа бир қизга нисбатан ҳам шундай ҳаракатлар қилгани ҳақидаги хабарлар ўрганилмоқда.
Мирзо Улуғбек туманида 20 ёшли йигит бошқарувидаги Malibu 45 ёшли пиёдани уриб юборди. Эркак ҳодиса жойида вафот этди.
Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш такомиллаштирилади: ҳимоя ордерисиз ҳам ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатилади, вақтинчалик шелтер ва 24/7 ишловчи бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади, зўравонлик қилганлар реестри юритилади. Батафсил.
1992 йилда қабул қилинган «Тошкент аэропортини кўчириш ҳақида»ги ҳукумат қарори 1 сентябрда ўз кучини йўқотади. Бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан бекор қилинаётган 493 та қарордан бирида назарда тутилган. 32 йил аввал қабул қилинган ҳужжатда аэропорт пойтахтдан 45 км узоққа кўчирилиши белгиланганди.
Элчи Ашраф Ходжаев Қатар таълим вазири Бусаина бинт Али Ан-Нуаймий билан учрашди. Улар Қатар университетларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар ажратиш, икки давлат мактаб ва ОТМлари ўртасида алмашинув, қўшма илмий изланишлар олиб бориш каби масалаларни муҳокама қилди.
Қибрай туманининг Университет ва Салар кўчалари чорраҳасидаги устунга радар ўрнатаётган муҳандисни ток урди. 26 ёшли йигитнинг вафоти юзасидан махсус комиссия тузилди.
Ўзбекистон томонидан кўрсатилган «Туркистон альбоми (1871−1872)» ва «Худойберган Девоновнинг Хоразм воҳаси фотосуратлари (1879−1937)» ЮНEСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг