Тошкентдан Андижонгача пулли йўлни қуриш бўйича тендер, дорилар учун 2 фоизлик божхона божлари, 2017 йилдан бери илк бор пасайган туғилиш кўрсаткичи, электрлаштирилган уйлар учун имтиёзли тарифлар ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида
1 июндан бошлаб Ўзбекистонда мамлакатдан чиқиб кетаётган юк транспортлари учун электрон навбат тизими йўлга қўйилиши керак. Бу чегарани кесиб ўтиш вақтини тезлаштириши ва юк ташиш ҳажмини ошириши зарур.
Ўзбекистонда электрлаштирилган уйлар учун имтиёзли тарифларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Аввалроқ у 1 январдан газсиз уйлар учун электр энергиясига чегирма жорий этилишини айтганди, аммо бу амалга ошмади.
Кичик ҳалқа автомобиль йўлидан эски ТошМИ яқинидаги Махтумқули кўчасига тушиш йўлининг реконструкцияси якунланди. Махтумқулидан КҲАЙга чиқиш ўнгга бурилиш орқали ташкил этилди. КҲАЙга чиққанда ҳам ўнгга, ҳам чапга бурилиш имконияти мавжуд. Аввалги Махтумқулидан КҲАЙга чапга бурилиш энди ёпиқ.
Ўзбекистоннинг учта ҳудудида қўшни давлатлардан олиб келинган гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилди. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Фарғонанинг Риштон туманида кулолчилик тарихига оид музей ташкил этилади. 1 апрелга қадар музейга ажратилган бинонинг тоифаси ўз фаолиятига тўлиқ мослаштирилади.
Ўзбекистонда фармацевтика соҳасининг биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишларидаги стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур жамғармаси ташкил этилади.
Фарғона политехника институти ва ТАТУ Фарғона филиали негизида Фарғона давлат техника университети ташкил қилинади. Яна учта олийгоҳ негизида эса Қўқон давлат университети очилади.
2024 йилда Ўзбекистонда 2023 йилга нисбатан туғилиш 3,7 фоизга камайиб, 926,4 мингта бола туғилди. Бу 2017 йилдан бери туғилишнинг биринчи марта камайиши ҳисобланади. Бундан ташқари, ўлимлар сони кетма-кет икиинчи йил кўпайди, никоҳларда эса 2022 йилда бошланган пасайиш давом этмоқда.
Рақобат қўмитасига 2024 йилда электрон тижорат соҳасига оид 1328 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 81,9 фоизи ижобий ҳал этилган. Муаммоларнинг аксарияти маиший техниканинг нуқсонли экани билан боғлиқ.
Миробод туманида автобус ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилди. ЙТҲ оқибатида тан жароҳат олганлар йўқ.
Сешанба куни Тошкент ҳавоси йил бошидан бери энг ифлос даражага етди. Аҳоли кун бўйи ижтимоий тармоқларда бу ҳаводан нафас олиш хавфсизми, каби саволларни берди. Аммо доимгидек на жавоб, на маслаҳат, на бирор тавсия тақдим қилинди.
2025 йилда Ўзбекистонда аҳоли хонадонлари, кичик бизнес ва ижтимоий соҳа объектлари энергия истеъмолининг камида 40 фоизи муқобил энергия манбалари — қуёш панеллари ва қуёш коллекторларини ўрнатиш ҳисобига қопланади. «Бу вазифанинг бажарилиши сўзсиз таъминланади», — деди бош прокурор ўринбосари.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш бўйича лойиҳа менежери, россиялик Илья Пуц олти ойдан бери иш ҳақи тўламагани учун Enter Engineering устидан шикоят қилди. Чилонзор тумани бандлик бўлими ёрдами билан унга 57 минг доллар тўлаб берилди.
Uzbekistan Airways`нинг Тошкентдан Нью-Йоркка учган рейсида ўғил чақалоқ туғилди. Жараёнга йўловчилар орасида бўлган шифокор-акушер ва жарроҳ ўз ёрдамини кўрсатди. Шу сабабли экипаж Исландиянинг Кефлавик шаҳридаги захира аэродромига мажбурий қўнди.
Ўзбекистонда 3−18 ёшдаги ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Йил якунигача хизматлар билан 2 мингга яқин ногиронлиги бўлган болалар қамраб олинади. Бу уларнинг оналари учун ишлаш ва таълим олиш имкониятини яратади.
Сенаторлар ҳайдовчиларни тайёрлаш, имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномани бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Авторақамларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, бериш, улардан фойдаланиш ёки қалбакилаштириш ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.
Президент Нукус ва Наманган давлат техника университетлари ташкил этиш тўғрисидаги қарорларни имзолади. Университетларда юридик шахс мақомисиз Илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилади.
Учтепа туманидаги тикувчилик корхонасининг омборида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса 4 соатда бартараф этилди. ФВБга кўра, ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар аниқланмоқда.
Лукашенкони сайловдаги ғалаба билан табриклаган Мирзиёев, мансабдорларнинг жиноятидан кўрилган 3,6 трлн сўм зарар, Тошкентда очиладиган Туркий давлатлар халқаро университети, бир йилда 57 фоиз ошган метрополитен йўловчилари сони ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг