Криминология тадқиқот институти жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида шартнома асосида пулли хизматлар кўрсата бошлайди. Институт экспертлик, илмий-тадқиқот, ноширлик, матбаа хизматларини тақдим этади. Нархлар бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланади.
Ўзбекистонда энди тегишли соҳадаги давлат экспертлик ва олий таълим муассасалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлигини ўрганади. Бунда хулосалар тавсиявий хусусиятга эга бўлади, улар инобатга олинмаганда келишмовчиликлар жадвали тайёрланади.
Олийгоҳларда регистратор офислари очиб, олий таълим ва илм-фан хизматларини қамраб олган ягона рақамли тизим жорий этиш режалаштирилмоқда. Дуал таълимда иштирок этаётган корхоналар рағбатлантирилади. Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманган техника университетлари ташкил этилади.
Telegram`даги «Nazorat Uz» канали маъмурлари овқатланиш тармоқлари раҳбарларидан катта миқдорда пул талаб қилганликда гумонланмоқда. Улар ошхонада суварак чиққани акс этган видеолар борлигини айтиб, тадбиркорларни қўрқитган. Ҳолат юзасидан уч кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда экологик маркировка белгиси тасдиқланди. Экология вазирлиги «Яшил белги» тизимини тартибга солиш бўйича ваколатли органи ҳисобланади ҳамда унга бир қанча вазифалар белгиланди.
Ўзгидромет 23−27 январь кунлари Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди.
Тошкентда адвокат 26 ёшли фуқаронинг 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини енгиллаштириш учун 20 минг доллар олганда ушланди. У 15 минг долларни шу ишга алоқадор бошқа шахс — банк юристига топширган. Ҳуқуқшунос ҳам тезкор тадбирда қўлга олинган.
Ўзбекистонда Cyber university давлат университети ташкил этилади. Олийгоҳ рақамли технологиялар ва киберхавфсизлик соҳасида кадрлар тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади.
Миграция агентлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан Japan Career портали ишга туширилди. Унда Япониядаги меҳнат миграцияси, таълим ва яшаш имкониятлари ҳақида ўзбек, рус ва япон тилларида маълумотлар бериб борилади.
Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳрида миллийликни тарғиб қилишга доир қарор имзолади. Унга кўра, миллий либослар ва миллийликни тарғиботини ўз ичига олган «Миллий Тошкент» лойиҳаси амалга оширилади. Шаҳардаги давлат ишхоналари ходимларига миллий либосларда юриш тавсия этилади.
Тошкент шаҳрида яшовчи бир гуруҳ шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келгани аниқланди. Тезкор тадбирлар давомида 130 млн сўмдан ортиқроқ қийматга эга дорилар мусодара қилинган.
Ўзбекистонда жиноят содир этилган маҳаллаларда илмий ташкилот ва таълим муассасалари томонидан илмий ёндашувлар асосида ўрганишлар ўтказилади. Миллий гвардия бошлиқлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарларига криминоген вазият оғир маҳаллалар номма-ном бириктирилади.
Трампни табриклаган, Эрдоғанга таъзия йўллаган Шавкат Мирзиёев, кескин қимматлаган картошка ва бунга вазирлик изоҳи, камбағал оиладагиларни касбга ўқитишда ваучер тизими, дарахт экканлик учун субсидия ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидан Тошкентдаги Қибрай туманигача 300 метрлик ерости қувури орқали Аи-92 маркали бензин ташиш билан шуғулланганлар ушланди. Икки ўзбекистонликка жиноят иши қўзғатилди, уларнинг қозоғистонлик шериги бўйича қўшни давлат ҳукуматига мурожаат қилинди.
Япония Ўзбекистонга Тошкентда Неврология ва инсульт маркази қуриш ва жиҳозлаш, шунингдек, Самарқанд ва Бухородаги тиббиёт муассасаларини ускуналар билан таъминлаш учун 147,3 миллион доллар миқдорида кредит ажратди.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида «ГАЗель» белгиланмаган жойдан ўтаётган пиёдани уриб кетди, оқибатда у ҳалок бўлди. Машина бошқарувни йўқотиб, BYD ва Matiz билан ҳам тўқнашди. Аҳоли мазкур ҳудудда пиёдалар ўтиш жойи йўқлигини таъкидламоқда ва масъуллардан ҳаракат хавфсизлигини яхшилашни сўрамоқда.
Олот туманида ноқонуний саксовул кесиб, олиб қочмоқчи бўлганлар ушланди. Таъқиб қилиш вақтида улар инспекторларнинг машинасига қасддан шикаст етказган. Суд уларга 41,6 млн сўм жарима жазоси тайинлади. Машинага етказилган зарар ҳам қопланди.
Касбий кўникмалар марказларида 2025 йил 1 мартдан аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими йўлга қўйилади. 1 апрелдан эса 12 та янги касб йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Ўзбекистонда 1 июлдан «Экофаол фуқаро» платформасига ўзи эккан дарахти тўғрисида маълумотлар киритган камбағал оилалар аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ҳар 100 та дарахт учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида субсидия ажратилади.
Қонунчилик палатаси депутатлари жиноят ишини юритиш чоғида шахсни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, шахсни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин уни тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг