Тошкент марказида йўл ўтказгич қуриш бўйича баҳсли қарор, унга жамоатчиликнинг муносабати, пойтахтда канализацияда заҳарланиб вафот этган 3 киши, Нью-Йоркда отиб ўлдирилган 15 ёшли ўзбекистонлик йигит жанозасида нутқ сўзлаган шаҳар мэри ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тошкентнинг Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қурилиши мумкин. Фаоллар бу жойга кўприк эмас, «одамлар дам оладиган жамоат макони, шаҳар муҳити керак»лигини таъкидлаяпти. Муштарийлар 2022 йилги реконструкциядан сўнг Навоий кўчасида тирбандлик муаммоси камайганини ҳам эслатди.
Нурафшон шаҳрида 57 ёшли ишчи канализация қудуғига тушиб, тозалаш ишларини олиб бораётганда газдан заҳарланди. Уни қутқариш учун тушган яна 3 киши ҳам ҳушидан кетган. Оқибатда 3 киши воқеа жойида вафот этди. 1 киши жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Деҳқонобод туманида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 2532 туп тожик каврагининг илдизи кесилди. Зарар миқдори 1,2 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган. Бу яқин орада Экология вазирлиги томонидан қайд этилган учинчи ҳолатдир.
19 августдан Тошкент-Благовешченск-Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар амалга оширилади. Парвозлар ҳар ҳафта шанба кунлари амалга оширилади.
Хитойнинг CAMC Engineering компанияси Қашқадарё вилоятидаги лойиҳаларга сармоя киритишни режалаштирмоқда. Улар орасида Китобда сайёҳлик зонаси ташкил этиш, осма дор йўли қуриш ва бошқалар бор.
Самарқанд вилоятида кўчма радар орқали аниқланган тезликни ошириш бўйича белгиланган жарима Олий суд томонидан бекор қилинди. Чунки ЙПХ ходими радардаги тезлик кўрсаткичи билан ҳайдовчини таништирмаган ва унинг талаби билан мосламанинг сертификати кўрсатмаган.
Шавкат Мирзиёев қарийб 6 йилдан бери қурилиши кетаётган «Тошкент-Шарқий» бизнес авиацияси аэропортига ташриф буюрди. Ҳозир унинг учиш-қўниш йўлаги ва VIP-терминал биноси қуриб бўлинган. Президент ҳудудда яна бир терминал қуришни ва аэровокзал лойиҳасини қайта кўриб чиқишни буюрди.
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат бироз кўтарилиб, жанубда ва чўл ҳудудларда +41…+43 даражагача етади. Кейинги ҳафта эса иссиқ ҳаво кириб келиши кучайиб, ҳарорат яна 1−2 даражага кўтарилади.
Президент қарори билан Янги Тошкент шаҳридаги ер участкалари «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали сотилади ёки ижарага берилади.
2023−2024 ўқув йили учун давлат ОТМларига ўқишга ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1 млн 18 минг нафарни ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб 200 мингтага кам. Талабгорларнинг энг кўпи Миллий университетни танлаган — 36 782 нафар.
Интерпол қидирувига берилган, тақиқланган экстремистик материалларни тарқатишда айбланган эркак Кореядан Ўзбекистонга депортация қилинди.
Ўзбекистон президенти «Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш зарурлигини» қайд этди (унинг матбуот хизмати келтирган иқтибос). Бу шаҳарда пиёдалар устуворлигини таъминлаш ҳақидаги тамойилга зид бўлган баҳсли қарордир. «Газета.uz» лойиҳани очиқ муҳокама қилишга чақиради.
Кутилаётган +44 даража иссиқ ҳарорат, блогер Asad Algo ўлими юзасидан очилган жиноят иши, АҚШда отишмада вафот этган 15 ёшли ўзбекистонлик йигит, Тошкентнинг айрим кўчаларида кечаси йўл чироқлари ўчирилиши, йўл объектларида 400 га яқин қоидабузарлик ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида 2 мингдан ортиқ дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланди. Табиатга етказилган зарар 3,6 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Тошкентда автомобиллар пиёдаларни сиқиб чиқармоқда: тротуар, бекатлар, йўл четларига машина қўйиш одатий ҳолга айланди. ЙҲХББ бунга жиддий эътибор қаратмаяпти. 8 ой аввал пулли тўхташ жойларини жорий этиш режалаштирилган эди, бироқ расмийлар ислоҳотларни кечиктирмоқда. «Газета.uz» муносабати.
Боёвут туманида февраль ойида ит тишлаган 64 ёшли эркак қутуриш касаллигига гумонланиб, шифохонага ётқизилди. Бироқ фуқаро муолажаларга қарамай вафот этди. Марҳум яшаган манзилда штаб тузилиб, эпидемиологик суриштирув ишлари бошланди.
Денов туманидаги I-ХII асрларга оид археологик ёдгорликка 13 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Туман фермер хўжаликларига ер участкаларини бериш комиссияси объектни фуқарога боғдорчилик учун бериб юборган.
21−23 июль кунлари республиканинг барча ҳудудларида чет тилидан ижодий имтиҳоннинг ёзма қисми (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзма иш) бўлиб ўтади. Абитуриентлар бинога имтиҳон бошланишидан 1 соат аввал паспорт ва рухсатнома билан келиши керак.
Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши сабабли 20 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрининг айрим кўчалари ёритиш тизимида чеклов киритилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг