Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви, Ўзбекистон муфтийси ва Тошкент шаҳри бош имом-хатиби тайинланиши, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис бўлиши — «Газета.uz»нинг 19 октябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов Коррупцион жиноятларни содир этган шахсларнинг реестри тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Юнусобод тумани ва «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасига тайинланди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди.
Келаётган якшанба, 24 октябрь куни президент сайлови ўтказилади. Сайловдан олдинги пойтахт қиёфаси — «Газета.uz» фоторепортажида.
Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистонни тарк этишига тақиқ қўйилганини маълум қилди. МИБнинг маълум қилишича, фуқарода 3 нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундирувига оид 3 та ижро ишлари мавжудлиги аниқланган ва унинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган.
Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида беморнинг ўғли маст ҳолатда «тез ёрдам» шифокорини дўппослаб, унга оғир тан жароҳати етказди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Зўравон беш йилгача муддатга қамалиши мумкин.
Ҳукумат қарорига кўра, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади. Шунингдек, педагогика йўналишларининг 3-курсида таҳсил олаётган талабаларга мактабларда дарс бериш ҳуқуқи берилди.
Шавкат Мирзиёев пойтахт сайловчилари билан учрашувда Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўплигини маълум қилди. Президент қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологияларни жорий қилиш зарурияти ҳақида ҳам гапирди. ЎзЛиДеП номзоди келгуси йилда ҳар бир туманда сайилгоҳ ҳамда шаҳар бўйича 25 та «яшил ҳудуд» ва аллеялар ташкил этилишини таъкидлади.
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокимлиги қошида 575 та маҳаллани ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан (жами қарийб 600 млн доллар) ажратилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллаларни обод қилиш учун 2 млрд сўм ажратиш амалиёти «ўз самарасини берган».
Фарғона вилоятида декабрь ойида «Central Asia Motors» корхонасида 4 та енгил ва 8 та юк электромобиллари тест режимида ишлаб чиқарилади. Корхона тўла қуввати билан ишга тушгач, йилига 10 минг электромобиль ишлаб чиқариши кутилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 40 фоизи экспорт қилинади.
Депутатлар паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний валюта айирбошлаш, йўловчиларни лицензиясиз ташиш ва суғурта полисини олмаганлик учун жарималарни бир неча бараварга камайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган Марк Риз Ўзбекистон томони беш ойдан бери президент номидан ваъда қилинган пул мукофотини тўламаётганини маълум қилди. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари учун роман таржимасининг 1000 нусхасини сотиб олишга ваъда берилганини, бу ҳам бажарилмаётганини таъкидлади. Давлат тилини ривожлантириш бошқармаси вакили «масала кун тартибида», деб изоҳ берди.
Автоблогер Бобур Ғаниев ҳуқуқ -тартибот идоралари ходимларини ҳақорат қилгани ва уларнинг талабларини бажармагани учун 15 кунга қамалганидан сўнг YouTube-каналидаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. У ўз қарорини тадбиркорлик билан шуғулланиши ва канални сақлаб туришга улгурмаслиги билан изоҳлади. Видеомурожаат пайтида у қўлга олинаётганда ва ҳибсдалигида эгнида бўлган устки кийимини ёқиб юборди.
Ҳукумат Ўзбекистонда алоҳида таълимга муҳтож бўлган болалар учун инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатларни тасдиқлади. Жумладан, умумтаълим мактабларида алоҳида таълимга муҳтож бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфларни очиш тартиблари белгиланди.
Президентнинг ўз белгиси ва штандарти бўлиши, янги имзоланган қарор ва фармонлар, президент сайлови тарихида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган биринчи теледебат — «Газета.uz»нинг 18 октябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ертўладад дўконлар, киоскалар, дўкончалар ва бошқа фаолият турларини амалга ошириш мумкин. Ертўлалар фақат квартира эгаларининг розилиги билан ажратилади.
10 кун оралиғида пойтахт тез ёрдам хизматига бемор болалар бўйича келиб тушган чақириқлар сони 13 минг 820 тага етди. Октябрь ойида болалар бўйича шаҳар тез ёрдамга бўлаётган кунлик мурожаатлар ўртача 1300−1500 тани ташкил қилмоқда.
Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари 1,5 млрд сўм маблағни талон-торож қилгани айтилмоқда. Уларга «қамоқ» ва «уй қамоғи» эҳтиёт чоралари қўлланилган. Прокуратура жиноят ишини судга оширди.
АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга 526 500 доза Pfizer/BioNTech вакцинасини етказиб берди. Ой охиригача мамлакатга ушбу вакцинадан яна 274,5 минг доза олиб келинади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг