Тошкент шаҳрининг Миробод туманида номаълум эркак ит ва мушукларни пневматик қурол ёрдамида отганлиги айтилмоқда. Ҳолат юзасидан терговгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган Шавкат Раҳмонов Наманган вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Адил Атаходжаевнинг ўрнини эгаллади.
Халқ таълими вазирлиги кечки тадбирларга педагог ходимлар ва ўқитувчиларни мажбурий жалб этиш тақиқлангани ҳақида ҳудудий бошқармаларни огоҳлантирди. Таъкидланишича, ушбу тунги тадбирлар уюшмаган ва 18−30 ёш орасидаги фуқароларга мўлжалланган. Аввалроқ, Андижон вилоятидаги мактабларда кечаси соат 22:00 га қадар тадбирлар ўтказилаётгани хабар қилинганди.
Ҳафта мобайнида Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, бир неча кун давомида тунги совуқлар ҳам сақланиб қолади. Душанба кунги ёмғир ва қордан кейин бошқа ёғингарчилик кутилмайди. Ҳафта охирида эса ҳаво бироз исиши мумкин.
Андижондаги портлашда ҳалок бўлган қурбон Қирғизистон фуқароси эканлиги аниқланди. ФВВ портлаш оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган эди. Воқеа гувоҳлари ҳалок бўлганлар сони бир кишидан кўпроқ бўлганлигини таъкидлаган эди.
Адлия вазирлиги мактаблардаги кадр хизмати ходимининг лавозим разрядларини пасайтириб кўрсатиш оқибатида ойлик маош 16 млрд сўмга камроқ тўлаб берилганини аниқлади. Ҳозирга қадар кўрилган таъсир чоралари натижасида эса фақатгина 3 млрд сўм маош тўланишига эришилган.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида «Malibu» ҳайдовчиси 45 ёшли фуқарони уриб юборди. Бунинг оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Якшанба куни 322 кишининг коронавирус инфекциясига топширган ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди — бу шанба кунги кўрсаткичга (439 та) қараганда 117 тага кам. Қолаверса, шу куни ковиддан 3 киши вафот этди, 61 кишида эса пневмония аниқланди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни Чимёнда қор кўчиши хавфидан огоҳлантириб, эҳтиёт чораларини кўриш билан бирга «Диққат! Қор кўчкиси хавфи мавжуд» белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўради.
Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов «Авиасозлар» саройини тўлиқ реконструкция қилиш бошланганини маълум қилди. Сарой атрофида маданий-истироҳат боғи барпо этилади. Президент икки йил аввал саройни реконструкция қилишни буюрган эди.
Ўзгидромет хабарига кўра, 13−14 февраль кунлари республикада баъзи жойларда шамол кучайиши, айрим туманларда чанг-тўзонли қор ёғиши, 15−17 февралда кечаси ҳаво ҳарорати -4− -7 даражагача совуққа тушиши кутилмоқда. 14 февраль куни республика бўйлаб жойларда шамол 17−22 м/с гача, Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона вилоятларининг айрим туманларида 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.
ФВВ хабарига кўра, 13 февраль куни пойтахтнинг Яшнобод тумани Янгиобод кўчасида жойлашган «Янгиобод» бозор ҳудудида ёнғин содир бўлди. Ёнғин оқибатида бозор ҳудудидаги расталарнинг 120 квадрат метрига зарар етган. Ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ҳозирда ҳодиса сабаблари аниқланаётгани айтилди.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Андижонда узр сўрашга мажбурланган ўқитувчилар билан учрашди. У мазкур ҳолатни «устоз шаънини ерга уриш» деб баҳолаб, бунга йўл қўйган мутасаддиларга чора кўрилишини маълум қилди. Аввалроқ, ХТВ узр сўраш тадбири туман ҳокимлиги ташаббуси эканлигини тасдиқлаганди.
Жума куни Қашқадарё вилояти Муборак туман ИИБ бошлиғи процессуал тартибда ҳибсга олинди. У 50 минг доллар пора билан ушлангани айтилган Миришкор тумани ҳокими ўринбосарига шерикликда гумонланмоқда. Бундан ташқари, Муборак туман ИИБ ходимлари 3та ўғрилик, 3та безорилик, биттадан талончилик ва фирибгарлик жиноятини яширгани ҳамда ОАВда ёлғон ахборот тарқатгани аниқланди.
Жума куни Ўзбекистонда 504 киши топширган ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди — бу бир кун олдинги кўрсаткичга қараганда 121 тага кам. COVID-19 асоратлари оқибатида 2 киши вафот этди. Қолаверса, шу куни 89 кишида пневмония аниқланди.
2020 йилдан бери маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири сифатида фаолият юритган Раҳмат Маматов Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди. У меҳнат фаолияти давомида Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ИИБ тизимида турли лавозимларда, шунингдек ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ҳам ишлаган.
Пойтахтдаги 21-сонли меҳрибонлик уйида болага жисмоний тазйиқ ўтказганликда гумон қилинган тарбиячи ўз аризасига мувофиқ ишдан бўшатилди. Жабрланувчининг ўнг қўл тирсаги, чап елкаси ва ўнг оёғининг сон қисмида кўкарган яралар аниқланди. Меҳрибонлик уйи шифокори унга кўрсатган ёрдамини беморлар журналига киритмагани ҳам маълум бўлди. Юнусобод туман прокуратураси текширув ўтказмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Холмирза Ниёзов шанба куни соат 7:00 да туман ҳокимлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарларини йиғилишга чақиргани акс этган хат тарқалди. Меҳнат вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратулло Одинаев соат 7:10 да ҳокимликка бориб, мажлис ўтказилаётганини аниқлади. «Бироқ, йиғилганлар вазирлик вакилларини кўриши билан мажлисдан чиқиб кетган», — дейилади хабарда.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда тажриба-синов тариқасида кейтринг усулида мактабларнинг бошланғич (1−4) синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб берилмоқда. 2022 йил учун маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм ажратилган. Ўқувчилар 470−500 ккалорияга эга овқат, табиий сок ва мевалар билан таъминланади.
«Башорат қилувчи» печеньелар, «юракчали одамчалар», қайнатилган кремли, юракчасимон ва «қоплон» печеньелар — Zira.uz байрам арафасида ширин совғалар тўпламини тақдим этади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг