Душанба куни 100 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, дея хабар қилди ССВ. Бу сўнгги 9 ойдаги энг паст кўрсаткич. Энг кўп ҳолат август ойида қайд этилган эди — 974 киши.
ССВ Ўзбекистон президентининг яқин кунларда ўтказилиши режалаштирилган олимлар, шифокорлар, фармацевтлар, ҳамширалар ва тизим ходимлари билан очиқ мулоқоти учун 4500 дан зиёд мурожаат келиб тушганини маълум қилди. Савол ва таклифларнинг энг кўпи соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинига тааллуқли.
Чуст туман ҳокимлигининг учта автомобили ОАВдаги мақолалардан сўнг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар тўпланиб қолгани сабабли жарима майдончасига қўйилди. Жами 42 та баённома тузилган бўлиб, жарималарнинг умумий қиймати 20,7 млн сўмни ташкил этади. Айрим қоидабузарликлар 2018 йилда содир этилган.
«Йил аёли» танловида қорақалпоғистонлик фермер хўжалиги раҳбари Палзада Салиева ғолиб бўлди. Аёллар тенглигини таъминловчи энг фаол давлат органи сифатида Мудофаа вазирлиги, гендер тенглигини таъминловчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида эса Адлия ва Ички ишлар вазирлиги танланди.
Вилоятларга жўнатилган 9070 та президент совғаси, Ўзбекистоннинг 38 млрд долларга етган ташқи қарзи, қорбобо кийимида совға тарқатаётган Сирдарё вилояти ҳокими, молиявий мустақилликка эришаётган 35 та ОТМ, яратилаётган «ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 27 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва ота-она қаровисиз қолган 9070 нафар болага аталган президент совғаси ҳудудларга юборилди. Совға жамланмасидан ширинликлар, ўқув қуроллари ва болалар энциклопедиясидан иборат 21 турдаги совға, қолаверса, болалар уйларининг 980 нафар тарбияланувчиси учун замонавий планшетлар ўрин олган.
Интеллектуал мулк агентлиги 200 дан ортиқ контрафакт товарлар, жумладан дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё маҳсулотлари рўйхатини эълон қилди.
2022 йил якуни қадар барча давлат ОТМларининг ўқув адабиётлари, давомат, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари тўлиқ электронлаштирилади. Қолаверса, келгуси йилдан таълим муассасалари чет эл фуқаролари ўқишини хориждан кўчириш, талабалар формаси ва имтиҳон фанларини ўзи тасдиқлайди.
Ўзбекистонда илк бор нотариал ҳаракат тўлиқ онлайн равишда амалга оширилди. Видеоконференцалоқа орқали вояга етмаган болани хорижга олиб чиқишга розилик аризаси расмийлаштирилди.
1 январдан 35 та давлат олий таълим муассасига молиявий мустақиллик берилади. Энди ушбу муассасалар тўлов-контракт миқдори ва муддатини, маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ҳамда ўз ҳисобидан талабаларга стипендия ва грантлар ажратишни мустақил белгилайди. 2023 йилдан эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу рўйхатни кенгайтириш ҳуқуқи берилади.
Ўзгидромет йил охиригача ёғингарчилик кутилмаслигини маълум қилди. Аммо ҳарорат меъёрдагидан 5−7 даража пастроқ бўлади.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев қорбобо кийимида эҳтиёжманд оилалар хонадонига ташриф буюриб, бир марталик моддий ёрдам пуллари, президент табриги ва байрам совғаларини улашмоқда. Вилоятда жами 11 816 та хонадонга моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Хўжаобод туманида кредит қарздорлигини ўз вақтида тўламаган корхонанинг гаровга қўйилган учта кўчмас мулки ва Hyundai porter автотранспорт воситаси хатланиб, 10 фоиз арзонлаштирилган нархда банк балансига ўтказилди.
Урганч шаҳридаги «Перинатал марказини қайта таъмирлаш» объектини фойдаланишга қабул қилиш комиссияси раиси алмаштирилди. Бунга сабаб қилиб вилоят ҳоким ўринбосари, комиссияси раиси Б.Қурбанов ва бош пудратчи ташкилот раҳбари ўзаро аффилланганлиги айтилмоқда. Маълумотларга кўра, жамият раҳбари ҳоким ўринбосарининг укаси ҳисобланади.
Бухорода фуқаро Миллий гвардия ходими хизмат вақтида автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди. Сафдорни уриб кетганликда гумон қилинган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинди.
Якшанба куни транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилган «Тахтақорача» довони душанба тонгидан қайта очилди. Автомобиль йўли қордан тозаланган.
Андижон вилояти ҳокимининг фармойиши билан ҳоким ёрдамчиларининг униформаси учун 855 млн сўм ажратилди.
20 йилдан ортиқ вақт давомида ақл жанглари майдони бўлиб келаётган «Заковат» кўплаб билимдонларни халққа танитди. «Газета.uz» «Заковат» юлдузлари билан суҳбат уюштириб, улар клубга қандай кириб келганлиги, асосий рақиб сифатида кимни кўришлари, нега ўйинни тарк этмасликлари ва янги авлодни қандай қилиб жалб қилиш мумкинлиги ҳақидаги фикрларини ўрганди. Материалнинг учинчи қисмида билимдонлар Хушнудбек Худойбердиев ва Азиза Ибрагимова билан суҳбатларни тақдим этамиз.
26 декабрь куни соат 11:00 дан Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ўтган М-39 автомобил йўлининг «Тахтақорача» довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди. Бунга довонда тинимсиз қор ёғиши сабаб бўлган.
Олий ўқув юртлари талабалари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг қишки таътиллари 25 декабрь куни белгиланганидан уч кун олдин бошланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг