9 май куни жанубдан булутли массивлар кириб келади ва республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кечаси 13−18 даражани, кундузи 25−30 даражани ташкил этади.
Тошкент давлат юридик университети 10 майдан бошлаб 14 кунга масофавий (онлайн) шаклга ўтказилди.
Ҳукумат қарори билан «Ўрмон хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилди. Мазкур кўкрак нишони ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва кўпайтиришда салмоқли натижаларни қўлга киритган фуқароларга берилади.
6 май куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Қумқўрғон туманларида ёққан кучли ёмғир оқибатида ҳосил бўлган сел оқимлари 340 та аҳоли хонадонлари ва томорқасига кирган.
Андижон вилояти Хонобод шаҳрида кучли сел келиши туфайли 700 га яқин хонадонлар зарарланди. Ёғингарчилик сабабли Қирғиз ариқ каналининг тошиши оқибатида бир оиланинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари селда оқиб кетиб, вафот этган.
Ўзбекистон бўйлаб коронавирусга қарши эмланганлар сони 1 млн 46 минг 668 нафарга етди. Эмланганларнинг энг юқори кўрсаткичлари Фарғона, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган.
Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов 64 ёшида вафот этди.
Наманган вилоятида сел келиши натижасида айрим йўл участкалари зарар кўрди. 7 май кунига белгиланган №60 Тошкент — Андижон поезди қатнови бекор қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев келгуси йилдан бошлаб давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билиш мажбурий бўлишини маълум қилди. Чет тилини яхши билган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгиланади. Шунингдек, давлат раҳбари нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, хорижий тилдаги янги телеканалларни ишга тушириш ва қизларни чет тилларини ўрганишга фаол жалб этиш бўйича топшириқлар берди.
Бахмал тумани ҳудудида яшовчи икки нафар ҳомиладор аёл тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмаганлиги, касалликлар ўз вақтида аниқланмаганлиги оқибатида апрель ойида Жиззах вилоят перинатал марказида вафот этган.
Эксперимент тариқасида якка тартибдаги тадбиркорларга 4 та ўриндиқли енгил автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорларга такси фаолияти билан шуғулланиш учун бошланғич тўлов 5 баробарга камайтирилиб 690 минг сўмни, ойлик тўлов 1,5 баробарга камайиб 425 минг сўмни ташкил қилади.
Ижтимоий тармоқларда 9 май куни Тошкент шаҳрида «Ўлмас полк» акциясини ўтказишга рухсат берилгани ҳақидаги хабарларга пойтахт маъмурияти муносабат билдирди. Ҳокимият бугунги пандемия шароитида «Ўлмас полк» акциясини ўтказишга рухсат берилмаганлигини таъкидлади.
Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби 2020 йилда энг кўп зарар кўрган 10 та давлат корхоналари рейтингига кирди. Клуб ўтган йилда 82,7 млрд сўм зарар кўрган. Twitter тармоғида ушбу ҳолат юзасидан турли хил фикрлар билдирилди. «Пахтакор» футбол клуби охирги йилларда давлат бюджетидан маблағ олмаганлигини таъкидлади.
Чоршанба куни Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи Тошкент вилоятидаги 22-сонли жазони жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров қамоқхонада тикув цехида ишлаётгани, ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев эса чинни идишларга нақш солаётганини маълум қилди. Ташанов шунингдек собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев ҳам билан кўришган.
YouTube`даги «Планетка» канали ижодкорлари Самарқанддаги саёҳатида уларга ҳамроҳ бўлган Aлишер исмли фуқарони туризм полицияси 15 кунга қамаш билан таҳдид қилгани ҳақида маълум қилди. Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳолат ҳақиқатга мос келмаслигини таъкидлади. Вазирлик унга фақат лицензия олиб, кейин туристларга хизмат кўрсатиш кераклиги тавсия қилинганини айтмоқда.
2021−2022 ўқув йилидан Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади.
СЭС бошлиғи ўринбосари COVID-19`га қарши «Спутник V» вакцинаси билан «фақат амалдорлар эмланаётгани ҳақидаги қараш жуда нотўғри» эканлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур вакцина билан фақатгина 65 ёшдан катталар эмланиши кўзда тутилган, шу сабабли ушбу ёшдан кичикларга рад жавоби берилмоқда. 1 май куни қуйи палата спикери ўринбосари 37 ёшли Одилжон Тожиев «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.
Хорижда яшаб келаётган Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш имкониятига эга 484 нафар муваффақиятли ватандошлар «Олтин дафтар»га киритилди.
Бир одам икки ҳил вакцина билан эмланиши мумкин эмас, иккинчи бошқа вакцина қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, дея маълум қилди СЭС бошлиғининг ўринбосари. Унинг таъкидлашига кўра, бундай ҳолда организмда иммун-жавоб реакциясини ўзига хос кечиши ва у одам касалликка чалиниб қолиш эҳтимоли бор.
Жиззах вилоятида Nexia-2 русумли автомашина мол боқиб юрган 12 ёшли қизни уриб юборган. Бунинг оқибатда, қиз олган тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг