Вазирлар Маҳкамаси президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг режасини ишлаб чиқади.
Президент 172 минг нафар ота ўз фарзанди учун алимент тўламагани, бугунги кунда жами 115 млрд сўм қарздорлик мавжудлигини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, энди алиментдан қарздорликни давлат тўлаб беради, кейинчалик МИБ қарзни ундириб олади. Бунинг учун «Алимент тўловлари» жамғармаси ташкил этилиб, унга дастлаб 50 млрд сўм ажратилади.
Президент сешанба кунги видеоселекторда 2021 йилнинг ўзида 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада зўравонликка учраганини маълум қилди. «Маҳаллада ишламаганимизни натижаси шу», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг сўзларига кўра, энди тазйиққа учраган аёллар ҳимояси суд томонидан таъминланади, ҳимоя ордери эса бир йилгача муддатга берилади.
Президент телеканалларда эфирга узатилаётган айрим сериалларни танқид қилиб, хотин-қизлар образи салбий бўёқларда тасвирланаётгани дунёқараши ҳали шаклланмаган қизлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга ибратли хотин-қизлар образлари акс эттирилган кино ва саҳна асарлари яратишни буюрди. Бунинг учун ижодкорларга грантлар ажратиш зарурлиги айтилди.
Президент Ўзбекистондаги 9309 та маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий қилиниши, улар аёллар масаласи ва уларнинг дарду-ташвишига жавоб беришини маълум қилди. Давлат раҳбари шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича фармонни имзолагани, қўмитанинг ҳудудий раҳбарлари ҳокимга ўринбосар бўлишини айтди.
Шавкат Мирзиёев туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти давомида уни туғилган куни билан табриклади. Қолаверса, президентлар Тошкентда ўтадиган Стратегик ҳамкорлик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи эълон қилинган санадан бир кун олдин якунлади. Сафар уч кунга режалаштирилган эди.
Қорақалпоғистонда ташриф билан бўлиб турган Шавкат Мирзиёев дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб бораётганини таъкидлади. «Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.
Шавкат Мирзиёевнинг Мўйноқ фаоллари билан суҳбати давомида Қорақалпоғистондаги мактабларнинг 142 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат берилаётгани маълум қилинди. «Буни энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Ҳали юқори синф ўқувчиларига жорий этамиз», — деди у. Қолаверса, давлат раҳбари болаларни боғчаларга 2 ёшдан қабул қилишни йўлга қўйиш нияти борлигини, бунинг учун эса мамлакат иқтисодиёти янада мустаҳкамланиши кераклигини айтди.
Шавкат Мирзиёев 30 йилдан сўнг фаолияти тикланган Мўйноқ аэропортига қўнди. Фаоллар билан суҳбатда президент ҳафтада икки марта Тошкент-Мўйноқ-Нукус йўналишида парвозлар йўлга қўйилишини айтди. Қолаверса, Тошкентдан Қорақалпоғистонга бориб ишлаган шифокорлар маошига 100 фоиз устама тўланишини маълум қилинди.
Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга жўнаб кетди, бу сафар унинг ташрифи 3 кун давом этади. Биринчи рақамли борт эса илк бор Тошкентдан Мўйноққа қўнади.
Президент Шавкат Мирзиёев март ойида Покистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Покистон бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довуднинг сўзларига кўра, ташриф чоғида икки давлат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув имзоланади. Қолаверса, мартдан Лаҳордан Тошкентга мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш режа қилинган.
Президент йил якунигача бошқарув компаниялари томонидан хизмат кўрсатишни Тошкентнинг барча хизмат сифати паст туманларида жорий этишни топширди. Хизматларидан аҳоли рози бўлган ширкатлар ва уй-жойни бевосита бошқарувчилар бундан мустасно. Бошқарув компаниялари тажрибаси ижобий баҳоланди.
Президент 210 гектар майдонда барпо этиладиган «Янгиҳаёт» технопарки лойиҳаси билан танишар экан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Aзиз Воитовга ер ажратишлар таниш-билиш орқали бўлмайдими, дея савол берди. «Фақат аукцион орқали», деб жавоб беришди иккала раҳбар ҳам бир овозда.
Президент автомашиналар импортига божхона тўловлари босқичма-босқич «ноль бўлиши» кераклигини айтди. Шавкат Мирзиёев харидорлар олдиндан тўлов амалга оширилганига қарамай, машина учун бир йил кутишга мажбур бўлишини адолатсизлик деб атади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташқи қарзни қонун нуқтаи назаридан олаётгани, қолаверса, шунинг ҳисобига ҳам ойлик, ҳам метро бўлаётганини таъкидлади. «Шунча тиббиёт ходимлари ёки муаллимларнинг ойликлари ошмас эди. Ўтираверар эдик олдингига ўхшаб қарсак чалиб, баландпарвоз гап гапириб», — деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар ҳаёти, саноат лойиҳалари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманига ташриф буюрди. Давлат раҳбари «Дўстлик» маҳалласида маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар бўйича масъуллар билан суҳбати давомида туманни обод қилиш кераклигини айтди.
Шавкат Мирзиёев пайшанба кунги йиғилишда божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилишини маълум қилди. Қолаверса, ҳар йили уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ходимга имтиёзли ипотека кредити берилади.
Президент пайшанба кунги йиғилишда божхоначиларнинг ҳалол ишлашини таъминлаш мақсадида битта постда 3 йил ишлаган ходимлар ротация қилинишини айтди. Қолаверса, тизимдаги ходимлар даромади ва мол-мулки декларация қилинади, 1 мартдан эса барча божхона ходимлари фақат очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, пандемия ва иқлим ўзгариши шароитида дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётган бир вақтда, айрим туман ҳокимларида аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш учун қандай тизимли ишларни амалга ошириш кераклиги ҳақида аниқ тасаввур йўқ. Шу сабабли, вилоят ҳокимларига бир ойда ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг