Уч ой ичида Ўзбекистонда электромобил тармоғини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Президент электромобиллар учун бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, уларга техник талаб ва стандартларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президент топшириғига мувофиқ, UzAuto Motors компанияси ўз мижозларига автомобиль етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома юбориши керак.
Импорт автомобиллар учун божхона божи 2 бараварга пасайтирилиши, UzAuto Motors автомобилларига олдиндан тўлов 50 фоизгача камайтирилиши, мартда Тошкентга келадиган Туркия президенти, Андижонда узрбозлик ортидан ишдан бўшатилган туман ҳокими ўринбосари ҳамда ҳайфсан олган ҳоким, дипломлари имтиҳонсиз тан олинадиган хорижий ОТМларнинг топ-1000 талиги ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 14 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент душанба кунги йиғилишда UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов 85 фоиздан 50 фоизгача камайтирилишини маълум қилди. «Ўзавтосаноат»га 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш топшириғи берилди. Аввалроқ, «Газета.uz» депутат Расул Кушербаев билан айни шу мавзудаги интервьюни эълон қилганди.
Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғон Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши аъзолари билан учрашувда март охирларида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётганини маълум қилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев «Ички ишлар вазирлиги ходимларига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги барча муаммоларнинг сабабларини тушунтириб бергани ва уларнинг олдини олиш чораларини ўзи белгилаб бергани» учун президентга миннатдорлик билдирди.
«Менимча» кўрсатувининг навбатдаги сонида Шавкат Мирзиёев одамлар пул тўлаб қўйиб, машиналарни ололмаётганини гапирган лавҳалар эфирга узатилди. «Одамлар норози, биз тўлаб қўйганмиз, машинани бер эй давлат раҳбарлари, деяпти», — деди президент.
Жума куни Шавкат Мирзиёев Қозоғистон бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди. Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини орттириш ва унинг кўрсаткичлари мувозанатли бўлишига эришиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, янги саноат кооперацияси ва логистика марказларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилишини маълум қилди. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бўлади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланади. Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганади.
Тошкент шаҳридаги мактаб ва боғчалар олдида автомобиль ҳаракатининг максимал тезлиги 30 км/соатдан ошмайди. Бу ҳақда президент видеоселекторда маълум қилди. Қолаверса, айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 км соатдан 60 кмгача тушириш зарурати борлиги таъкидланди.
Президент Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжудлиги, бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқлигини танқид қилди. Шундан келиб чиқиб, Тошкентда йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизими тўлиқ пойтахт ҳокимияти тасарруфига ўтказилиши айтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд тумани ҳокими ва ИИБ бошлиғи, Нуробод тумани ҳокими, Оқдарё тумани прокурори ва ИИБ бошлиғи, Марказий банк Самарқанд вилояти Бош бошқармаси раҳбари ва вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари ва бошқа амалдорларни ишдан бўшатди. Уларнинг баъзиларига нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича жиноий иш очилиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги 59-сон кўзи ожизлар мактаб-интернатининг тўрт ўқувчиси ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилинишини таъкидлади. Ўқитувчилар ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиясини қайта ҳисоблаш муддатини ёшартириш ҳамда 2009 йилдан буён янгиланмаётган брайл ёзувидаги айрим ўқув дарсликларини қайта ишлаш зарурлигини айтди. Президент эса ушбу масалалар ҳал этилишини маълум қилди.
Самарқандга ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев анъанага кўра, Имом Бухорий ва Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Унга муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳамда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамроҳлик қилди. Қолаверса, давлат раҳбари Имом Бухорий мажмуаси қурилиши билан ҳам танишди. Бу ерда қарийб 10 минг кишилик масжид, 4та минора, айвонлар, еростида галереяси барпо этилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга трамвай қайтарилишини маълум қилди. Давлат раҳбари трамвай бўйича фуқаролардан кўплаб хатлар ва мурожаатлар келаётганлигини таъкидлаган.
Президент Тошкентда автомобиль ҳаракати тезлиги 60 км/соатгача пасайтирилиши кутилаётганини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини халқаро аэропортдан бошлади. 83 млн долларлик лойиҳа қарийб якунига етиб қолган, ҳозирда янги терминал тўлиқ тикланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Соатига 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги терминал мартда фойдаланишга топширилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига жўнаб кетди. Ташриф доирасида янги иншоотлар қурилиши билан танишиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, академик Турғунпўлат Даминов 81 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг оила аъзоларига таъзия изҳор этди. Турғунпўлат Даминов кўп йиллар давомида Тошкент давлат тиббиёт институти ректори сифатида фаолият юритган.
Ўзбекистон президенти ва ХХР раисининг Пекиндаги учрашувида камбағалликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди. Томонлар беш йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини ҳам имзолади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг