Қашқадарёда ЙПХ инспекторлари кўпроқ «протокол» тузишга мажбурланмоқда, дея хабар қилди Nasafnews сайти. Нашр вилоят ЙҲХБ раҳбари ўринбосари экани тахмин қилинаётган шахснинг ходимларга 20 тадан «протокол» расмийлаштиришни топширгани акс этган аудиоёзувни тақдим этди. ИИВ ЙҲХББ хизмат текшируви бошлангани ҳақида маълум қилди.
Қашқадарё вилояти чегарасида 100 тонна чигит тўхтатиб қолинганига «техник хатолик туфайли таъминотчи корхона уруғлик чигит бериб юборганлиги» сабаб қилиб кўрсатилди. Самарқандлик тадбиркорнинг маҳсулоти 10 кунда етказиб берилиши айтилмоқда. Антимонополия қўмитаси 2020 йилги чигит ишидан кейин ушбу ҳолат Қашқадарёда яна такрорланганини ҳамда вазият ўрганилаётганини маълум қилди.
Қарши шаҳрида спорт устаси Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилганига оид жиноят ишини судда кўриш бошланди. Жами 26 киши — қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга ўртача оғир ва енгил тан жароҳатлари етказиш, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, одам ўғирлаш, пора олиш ва бериш, айбсиз кишини жавобгарликка тортиш, ёлғон гувоҳлик бериш, жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш, безорилик моддалари билан судланмоқда.
Бизнес-омбудсман Қашқадарёдан самарқандлик тадбиркорнинг 100 тонна чигит маҳсулоти чиқарилмаётгани ҳолати юзасидан вилоят ҳокимлигини «тадбиркорларнинг ҳуқуқларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли чора кўриш бўйича огоҳлантирди». Компания вакили ҳужжатларида муаммо йўқлигига ва чигит оғзаки топшириқ билан ушлаб турилганига ишонтирмоқда.
Қашқадарё вилояти ҳокимияти Самарқанд вилоятига олиб кетилаётган чигит маҳсулотлари ортилган учта юк машинаси тегишли ҳужжатлари бўлмаганлиги учун тўхтатиб қолинганини маълум қилди. Аввалроқ, Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова шикоят қилиб, Қашқадарё ҳокимининг оғзаки топшириғи билан вилоятлар чегарасида чигит ушлаб турилганини таъкидлаганди.
Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилди. Унинг сўзларига кўра, вилоят раҳбари унинг SMS хабарларига жавоб бермаган ҳамда унинг тўрт кун давомида юкни ўтказиш масаласини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари зое кетган.
Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев 4 январгача барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланганига қарамасдан, январь бошидан вилоятдаги ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани айтилмоқда. «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда. Нодир Эркаев 3 январь куни ҳоким ёрдамчилари билан Қамаши туманидаги маҳаллаларга ҳам борган.
1 январь куни соат 13:00 ларда Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 «Термиз-Тошкент» автомобиль йўлида Cobalt машинаси бетон тўсиққа урилган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва тўрт нафар йўловчи вафот этган.
Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича «Uzbekistan GTL» заводининг очилиш маросимида қатнашди ва нутқ сўзлади. Унинг сўзларига кўра, мажмуада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобига йилига 500 млн долларлик импорт ўрни қопланиб, 200 млн долларлик экспорт ва 2 трлн сўмлик солиқ тушумлари таъминланади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 3,42 млрд долларни ташкил этади.
Пойтахтнинг Миробод туманида 4940 евро миқдоридаги 2470 дона 2 евролик танга банк орқали алмаштирилгани, банк ходимлари эса уларни текширмасдан қабул қилиб олгани аниқланди. Қашқадарёда эса 2 бош қўй эвазига берилган пулларнинг 20 донаси сохта 100 минглик купюра эканлиги маълум бўлди.
Чироқчи тумандаги Хўжа Абдужаббор қишлоғида ер остидан олов ва тутун чиқаётгани ҳақидаги хабарларга Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси муносабат билдирди. Дастлабки ўрганишларга кўра, ушбу ҳолат ер остида қолиб кетган қамишлар қизиши ва чириши натижасида юзага келган. Ҳолат геологлар ёрдамида ўрганилмоқда.
Китоб туманидаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби эндиликдаги собиқ директори бошқа бир фуқародан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун 1,5 млн сўм пора олган вақтида қўлга олинган. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Яккабоғ туманида яшовчи 5 ёшли бола уйида чироқ соатлаб ўчаётгани боис масъулларга мурожаат йўллади. Қашқадарё «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бир қатор ҳудудларда «таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабаб электр таъминотида узилиш бўлишини» маълум қилмоқда.
Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши улкан байроқ учун 300 млн сўм ажратиш бўйича қарор чиқарди. Кейинроқ вилоят ҳокими бунга эътибор қаратиб, шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда байроқ устунини қуришни бекор қилди. Маблағлар йўл таъмирига ва коммунал соҳаларни ривожлантиришга йўналтириладиган бўлди. Апрель ойида ҳам вилоятнинг собиқ ҳокими Зойир Мирзаев 1 млрд 350 млн сўмлик байроқ қурилишини тўхтатган эди.
Улуғбек Узоқов Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Зойир Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Муротжон Азимов вилоят ҳокими в.б. этиб тайинланди. Зойир Мирзаев бошқа вилоятига ҳоким этиб тайинланиши кутилмоқда.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ишдан олиниши кутилмоқда. Унинг ўрнига Божхона қўмитаси раиси Мурот Азимов вилоят ҳокими этиб тайинланиши мумкин.
Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа қиймати 4,1 млрд сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Унинг ҳар килоси 3,7 доллардан сотиш кўзда тутилган. Чигирткаларни далалардан йиғиб олиш учун эса аҳоли вакиллари жалб қилинади.
Қарши шаҳрида 23 йил илгари ҳужжатларда «ўлган» Анвар Жавҳаров нотариус ҳамда шаҳар прокурорини обрўсизлантириш ва уларга туҳмат қилишда айбланиб, суд қилинмоқда. Айбланувчи «фақат ва фақат ўзининг тириклигини исботлашга» урингани, унинг турмуш ўртоғи ҳужжатларни сохталаштириб, уйини сотиб юборганини айтмоқда.
Фарғона вилоятида Nexia-2 қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида «Ваз-2105» тўқнашди. ЙТҲ натижасида 4 киши ҳалок бўлди, 3 киши шифохонага ётқизилди. Қашқадарёда ЙТҲ оқибатида 1 киши вафот этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг