АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, Россия билан урушда 70 минг Украина аскари ҳалок бўлган, яна 120 минг нафари яраланган. The Economist мақоласида Украинада ишсизлик урушдан олдинги даражадан юқорилигича қолаётгани, қурилиш, тоғ-кон саноатида кўпроқ хотин-қизларнинг меҳнатга кириб келаётгани қайд этилган.
Россия ҳукумати келаси ҳафта дизель ва бензин экспортига қўйилган тақиқни бекор қилишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Reuters манбаларга таяниб.
«Газпром» билан тузилган шартномага кўра, 7 октябрдан бери Ўзбекистон Россиядан 300 млн куб метрга яқин газ импорт қилди, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. У импорт қилинган «мовий ёқилғи» нархини яна ошкор қилмади.
2024 йил ўрталарига қадар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 15 йил давомида газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик мажбуриятларини белгилашни режалаштирмоқда, деди «Газпром» раҳбари Алексей Миллер. Компания улардаги бошқа газ қувурлари тизимидан фойдаланишга тайёрлигини билдирди.
Москвада имзоланган уч томонлама ҳужжатга кўра, Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга нефть етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннага ошириш режалаштирилмоқда.
Юқори Чирчиқ суди Тошкент вилоятида яшовчи фуқарони ёлланма фаолияти учун беш йилга озодликдан маҳрум қилди. ОАВ, терговга кўра, маҳкум 2014−2015 йилларда Украинада ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР томонида жанг қилгани ҳақида хабар берди.
Москва Тергов қўмитаси Россия фуқаролигини олган марказий осиёликларга нисбатан ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлик бўйича 22 та жиноят иши қўзғатди. Россия паспортига эга 80 дан ортиқ муҳожир Россия Қуролли кучлари сафларида хизмат қилиш учун юборилган.
Россия Марказий банки асосий ставкани 13 фоиздан 15 фоизга оширди. Ушбу қарор инфляция босимининг сезиларли даражада ошгани ва кредитлашнинг юқори ўсиш суръатлари билан изоҳланди. Россия Марказий банки 2023 йил июлидан бери кетма-кет тўртинчи марта асосий ставкани оширди.
АҚШ «Икки халқ учун икки давлат» режасига мувофиқ Яқин Шарқда тинчликка эришиш тарафдори, деди Самарқандга келган USAID раҳбари Саманта Пауэр. У, шунингдек, АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги поймол этилишини қоралаш бўйича чақириқларидан ажабланмаслик кераклигини таъкидлади.
Россия Давлат думаси Арманистон ҳайдовчилик гувоҳномаларини мамлакат ҳудудида тан олиниши номаълум муддатга қолдирди. Дума спикери Вячеслав Володин Арманистон бу орқали имтиёзларга эга бўлишини, лекин унинг расмийлари «рус тили мақомини мустаҳкамлаш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаётганини» таъкидлади.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Россия паспортини олган мигрантларга Украинадаги урушда қатнашишни таклиф қилиш, рад этганларни фуқароликдан маҳрум қилиш таклифини билдирди. Августдан буён Россияда «янги» фуқароларга қарши рейдлар ўтказилиб, военкоматларга олиб кетилиб, чақирув қоғозлари берилмоқда.
Россиялик депутат Михаил Делягинга кўра, ўзбекистонлик мигрантларнинг болалари учун хусусий мактаблар қуриш таклифи Россия фуқароларига нисбатан «камситиш» ва бу Россиянинг йўқ бўлишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистонлик депутатлар бу айбловлар «муносабатларда ҳушёрликка даъват этишини» таъкидлади.
Санкциялар остидаги Россия қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан товарлар импортини салкам 40 фоизга оширди, деб ёзмоқда The Bell. Бунга параллель тарзда Европанинг минтақага экспорти, айниқса, микроэлектроника, транспорт ускуналари, компьютер ва бошқа электрон ускуналар экспорти ўсди.
Европарламент Ўзбекистон Россиянинг Украинага нисбатан ҳарбий ҳаракатини қораламаганидан афсусда эканини билдирди ва расмийларни шунга чақирди. Европа Иттифоқи органи, шунингдек, «Россия давлат компаниялари ва Ўзбекистон газ секторидан фойда кўрувчи инсайдерларга берилган имтиёзлардан» афсусда.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Газпром» (Россия) билан газ етказиб бериш бўйича ўрта ва узоқ муддатли шартномалар музокарасини бошлади, дея маълум қилди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида нефть етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, нефть маҳсулотларини темир йўл орқали етказиб тўғрисидаги битимлар имзоланди.
Шавкат Мирзиёев Москвада Қосим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин билан биргаликда Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаб берди. Икки йиллик шартнома йилига 2,8 млрд куб метр газ етказишни назарда тутади.
Ўзбекистон ва Россия президентларининг Москвада бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича Самарқандда РФ Бош консулхонасини таъсис этиш, нефть етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги битимлар ва бошқа ҳужжатлар (жами 10 та) имзоланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан тор доирадаги учрашувда ҳар томонлама стратегик шериклик давом этаётгани, мамлакатлар ўртасида «ҳал қилинмаган бирорта ҳам масала йўқ»лигини таъкидлади. Путин эса «жуда нозик соҳалардаги» ҳамкорликни қайд этди.
Россияга расмий ташриф билан борган Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакат бош вазири Михаил Мишустин билан музокара ўтказди. Улар иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик соҳаларида ҳамкорлик ва Ўзбекистонда электрон савдони жорий этиш каби масалаларни муҳокама қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг