Ўзбекистон ҳозирча толиблар тузган афғон ҳукуматини тан олиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти, деди Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев. Унинг сўзларига кўра, бу қарор халқаро ҳамжамият билан келишилган ҳолда қабул қилиниши керак.
Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги делегациянинг Термизга ташрифи кутилмоқда. Шанба куни у бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов билан учрашади.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида Афғонистондаги вазият минтақадаги кескинлик омили бўлиб қолаётганлигини таъкидлади. У бунга мамлакат ҳудудида айрим террорчилик гуруҳлари борлигини мисол қилиб кўрсатди. «Шундай бўлсада, Афғонистоннинг нафақат хавф-хатар ва таҳдидлар, балки минтақавий конструктив ва яратувчан лойиҳаларга асос бўладиган янги имкониятлар манбаси эканини назарда тутиш лозим», — деди вазир.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Кобулга ташрифи давомида Афғонистоннинг муваққат ҳукумати мамлакат «заминидан Ўзбекистонга қандайдир таҳдид ёки хавф чиқишига йўл қўймаслиги» бўйича «кучли ва аниқ кафолат» берганлигини маълум қилди. Шунингдек, Камилов ўзбек тили ва маданияти «толибон» ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этишини таъкидлади. У яқин орада Термизда иккала давлатнинг ишчи гуруҳлари музокаралари ўтказишини ҳам маълум қилди.
Афғонистоннинг Hasht e Subh Daily газетаси мамлакатнинг собиқ президенти Ашраф Ғанининг қочиш тафсилотларини ёритди. Нашрнинг ёзишича, у ва унинг атрофидагилар аввал Ўзбекистонга бориб, Термиз аэропортида бир кундан кўпроқ қолишган, сўнгра Қозоғистон авиакомпанияси самолёти билан БААга учишган.
«Толибон» вақтинчалик ҳукуматда ТИВ раҳбари этиб тайинлаган Мавлави Амир Хон Моттакий Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмоновни қабул қилди. Томонлар давлатлар ўртасидаги парвозларни қайта тиклаш, Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
«Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид Афғонистонда аёлларнинг таълим олиши учун «шароит тайёрланаётгани» ва аёллар эркаклар билан бир хил фанларни ўқишини маълум қилди. «Жинсига қараб алоҳида дастурлар бўлмайди ва дипломлар дунёда тан олинади», — деди у.
«Толибон» ўрта таълимдаги қизларнинг мактабга боришини чеклади. Кобулда давлат хизматида ишловчи аёлларга ишга чиқиш тақиқланиб, фақат айрим касб эгаларига ишлашга рухсат берилди. «Толибон» расмийлари бу ҳолатларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» дея изоҳламоқда. «Касбим бўлмаса, ўқишимга рухсат беришмаса, хавфсизликнинг мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу хавфсизлик фақат «Толибон»га керак», — дейди тиббиёт соҳасида таълим олувчи афғон қизи. «Толибон» матбуот хизмати вакили ҳукуматда аёлларга зарурат йўқлигини, уларнинг вазифаси болаларни дунёга келтириш ва тарбиялаш эканлигини таъкидлади.
«Толибон» томонидан тузилган Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумат таркиби 33 кишидан иборат бўлди. Улар орасида Лавозимларнинг аксарият қисмини пуштунлар эгаллагани ҳолда, бошқа этник гуруҳларга бор-йўғи уч ёки тўртта ўрин ажратилди. Афғонистондаги муваққат ҳукумат таркиби кимлардан иборат ва улар ҳақида нималар маълум?
14 сентябрь куни Ўзбекистон афғон халқига 25 та вагонда зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини юборди. Ўзбекистон делагацияси «Толибон» вакиллари билан учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди ва эсдалик совғаларини топширди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни толиблар билан мулоқот қилишга ва уларни мунозарага жалб қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу Афғонистонда «кўп азоб чекаётган одамлар билан бирдамликни кўрсатиш учун керак».
Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар толиблар тузган ҳукуматни «ноқонуний» деб атаб, жаҳон ҳамжамиятини уни тан олмасликка чақирди. «Мен „Толибон“ билан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмагунча ва инклюзив ҳукумат тузмагунча ҳамкорлик қилмайман», — деди элчи.
Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлайди, дея маълум қилди Ташқи ишлар вазирлиги. Вазирлик янги давлат идоралари билан «конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини» билдирди.
Афғонистоннинг Панжшер провинциясида бир неча кундан буён «Толибон» ва қаршилик кучлари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Толиблар ҳудудда устунликни қўлга киритишганини эълон қилишмоқда, бироқ каршилик кучлари буни рад этди. Ҳаракат вакиллари Панжшердаги қаршилик кучларининг матбуот котибини ўлдирган.
«Толибон» Ўзбекистонни Мустақилликнинг 30 йиллиги билан табриклаб, мактуб йўллади. Унда толиблар Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатишни хоҳлаши, Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор эканлиги қайд этилган.
Ижтимоий тармоқларда «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудида ўзбек тилининг ўқитилишини тақиқлагани,бир қатор ўзбек муаллифлар асарлари йўқ қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон ТИВ «Толибон» расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида «ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги»ни таъкидлади. Вазирлик «Толибон» вакили ўзбек тили, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаганини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон толиблар билан икки йил олдин мулоқотни йўлга қўйганини маълум қилди. «Доҳадаги раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берган. Ваъдасига вафодор бўлиб тургани учун ҳам улар билан мулоқот қилишимиз табиий», — деди у. «Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар гаплашаман», — дея таъкилади давлат раҳбари.
«Толибон» Афғонистонни бошқарадиган 12 кишилик кенгаш ташкил этишни режалаштирмоқда.
КХШТ Панжшер провинциясини ўз қўлида тутиб турган кучларни «Толибон»га қаршилик қилишни тўхтатишга чақирди. ««Толибон» ҳаракатига қаршилик ўчоқлари узоқ муддатли фуқаролик урушини келтириб чиқариши мумкин», — деди ташкилот бош котиби.
«Толибон» назорат қилмайдиган ягона Панжшер провинцияси ҳаракат вакиллари томонидан қамал қилинди. Провинциянинг қаршилик вакиллари толиблар билан тўқнаш келишга тайёр эканликларини маълум қилиб, жиддий музокараларга чақиришди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг