Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат «замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ва бу режим узоқ муддатли омил эканини англаган ҳолда» «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқарганини айтди.
Грузия парламенти спикери оммавий норозиликларга қарамай, президент Саломе Зурабишвили вето қўйган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги баҳсли қонунни имзолади. Ҳужжат имзолангандан кейин дарҳол кучга киради.
Словения ҳукумати Фаластиннинг мустақиллиги ва суверенитетини тан олмоқчи. «Фаластинни тан олиш икки давлат ва халқнинг тинч-тотув яшаши учун ягона йўлдир», — деди Словения ташқи ишлар вазири. Бир неча кун аввал Европанинг учта давлати ҳам Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олганди.
Хитой йирик пандаларни Вашингтон ҳайвонот боғига қайтаради — йил охиригача у ерга пандалар жуфтлиги етказилади: Бао Ли ва Цин Бао. АҚШнинг биринчи хоними буни тарихий лаҳза деб атади. АҚШ ОАВ Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги тарангликни инобатга олиб, бу кутилмаган янгилик бўлганини таъкидламоқда.
Нью-Йорк ҳакамлар ҳайъати Доналд Трампни порноактрисага тўланган пулни яшириш учун ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топди. Шу тариқа, у жиноий ишда айбдор деб топилган биринчи АҚШ президенти бўлди. Ҳукм 11 июль куни эълон қилинади.
Дунё аҳолисининг деярли 80 фоизи 2023 йилда камида 31 кун давомида аномал иссиқликни бошдан кечирди. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, антропоген омиллар таъсирида юзага келган иқлим инқирози бўлмаганда, бу кунлар анча кам бўлар эди.
АҚШ ва Украина июнь ойида Италияда бўлиб ўтадиган G7 саммити доирасида хавфсизлик бўйича икки томонлама битим имзолаши кутилмоқда. Бу Киевнинг НАТО давлатлари билан тузган икки томонлама келишувлари ичида энг муҳимига айланади, деб ёзмоқда Financial Times.
Шимолий Корея Жанубий Кореяга пластик бутилкалардан тортиб гўнггача бўлган турли хил ахлатларга тўлдирилган 200 дан ортиқ шарни учирди. КХДР буни жанубий кореялик фаоллар томонидан Пхеньянга қарши қаратилган варақаларга жавоб дея атади.
Грузия парламенти мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг «хорижий агентлар тўғрисида»ги резонансли қонунга қўйган ветосини четлаб ўтди. Ҳукмрон партия оммавий норозиликларга қарамай, ҳужжатни қабул қилди. Европа Иттифоқи бундан «чуқур афсусдалигини» билдирди.
Таиланд 1 июндан мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сонини 57 дан 93 тага оширмоқда, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, ташриф буюрувчиларнинг қолиш муддати 60 кунгача узайтирилмоқда.
Исроил танклари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳри марказига кириб борди, шаҳар бўйлаб ҳаво ҳужумлари ҳам уюштирилмоқда. БМТ Халқаро суди мамлакатга ҳужумни зудлик билан тўхтатишни буюрганига қарамай, Исроил Рафаҳдаги ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Исроилга қарши санкциялар ва уларнинг оқибатлари биринчи марта «жиддий муҳокама қилинди», деди Ирландия ташқи ишлар вазири. Аввалроқ Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми оқибатида 45 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Исроилнинг Рафаҳдаги чодирлар лагерига ҳаво ҳужуми оқибатда камида 45 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар жароҳат олди. Ҳужум БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди. Нетаняху зарбани «фожиали бахтсиз ҳодиса» деб атади, лекин мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмаслигини маълум қилди.
Папуа-Янги Гвинея шимолидаги кўчки оқибатида 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин, дея хабар бермоқда мамлакат расмийлари. Ҳудуддаги оғир шароит ва телекоммуникациялар етишмовчилиги сабабли офат кўламини аниқлаш қийин кечмоқда.
Литвада ўтган сайловда 74,43 фоиз овоз тўплаган Гитанас Науседа мамлакат президенти сифатида қайта сайланди.
БМТ Халқаро суди Исроилга Рафаҳдаги ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатишни буюрди. Суд, шунингдек, Исроилдан гуманитар ёрдам учун чегара пунктини очиш ва терговчиларга Ғазога киришга рухсат беришни талаб қилди.
Россия президенти Владимир Путин ҳозирги фронт чизиғини сақлаб қолувчи сулҳ тузиш орқали Украинадаги урушни тўхтатишга тайёр, деб ёзди Reuters. Агар Украина ва Ғарб бунга рози бўлмаса, Путин урушни давом эттиришга ҳам тайёр.
АҚШ Давлат департаменти баҳсларга сабаб бўлган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунга жавобан Грузиядаги «демократияга путур етказиш»да айбдор бўлганларга нисбатан виза чекловларини жорий қилмоқда. Грузиядаги мухолифат ва маҳаллий ОАВ бу ҳужжат Россия қонунчилигига ўхшаш эканидан норози.
Хитой Тайваннинг янги президенти Лай Циндэ лавозимига киришганидан бир неча кун ўтиб «сепаратистик ҳаракатлар» учун «қаттиқ жазо» сифатида Тайвань бўғозида ҳарбий машғулотлар бошлади.
Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботига кўра, 2023 йилда Осиёда иқлим ўзгариши тезлашган. Минтақада ўртача глобал ҳароратдан тезроқ исиш кузатилмоқда. Бу қурғоқчилик ва иссиқлик тўлқинларидан сув тошқини ва бўронларгача бўлган экстремал об-ҳаво шароитларига олиб келади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг