Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан 3 йил муддатга озод этилади. Шунингдек, сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача узайтирилади. Мамлакатда Халқаро тижорат суди иш бошлайди.
«Ривожланаётган дунёда ҳукуматлар муаммо тадбиркорлар камлигида деб ўйлайди, лекин муаммо бор корхоналарнинг жуда кичиклигида», — деди Беҳзод Ҳошимов. Иқтисодчига кўра, фирмаларнинг ҳажми ошиши керак, аммо давлат харажатлари орқали тадбиркорларни рағбатлантириш сиёсати бунинг тескарисини қилади.
Президент 2025 йилда НКМК, ОКМК ва «Ўзбектелеком»нинг 5 фоизгача акцияларини халқаро фонд бозорига жойлаштириш тўғрисида топшириқ берди. Шунингдек, 7 та давлат компанияси акцияларини халқаро инвесторларга сотиш режалаштирилмоқда.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бюджет тақчиллигининг инфляцияга бевосита таъсирини таъкидлади, бироқ регуляторда бу кўрсаткични пасайтириш воситалари йўқлигини тан олди.
Шавкат Мирзиёев ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Давлат раҳбари мазкур банк билан ҳамкорликда сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси ва «яшил» шаҳарларни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Биринчи чорак якунларига кўра, UzAuto Motors компаниясининг соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5 баравар — 1,29 триллион сўмгача кўпайди.
Бандлик вазирлиги Ўзбекистондаги 10 та энг кўп иш берувчи компания рўйхатини эълон қилди. Юқори ўринни НКМК ва ОКМК эгаллади.
Туркманистоннинг иссиқхона помидорлари Тожикистон бозоридаги ўзбек помидорини бутунлай чиқариб юборди, деб ёзмоқда EastFruit. Молдова ва Тожикистонда помидор нархи Ўзбекистондагига қараганда арзонроқ, Польшада эса деярли тенг. Портал Ўзбекистоннинг иссиқхона хўжалигидаги муаммоларига ҳам тўхталди.
ДСҚ ва Савдо-саноат палатаси муҳокамаларга сабаб бўлган яширин иқтисодиётга қарши курашиш чоралари бўйича қарор лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини маълум қилди. Лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва бизнесга салбий таъсир талаблари бартараф этилади.
Январь-апрель ойларида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ошиши 2,59 фоизни ташкил этди. Апрель ойида истеъмол нархлари 0,93 фоизга ошди.
Марказий банк ва Солиқ қўмитаси p2p ўтказмалари миқдори маълум чегарадан ошиб кетса, маълумот алмашишни бошлаши мумкин. Фуқаролар картадан картага пул ўтказганда 100 миллион сўмлик, тадбиркорлар эса 500 миллион сўмлик йиллик лимитдан ошиб кетган тақдирда, солиқ органлари маълумот олади.
Шавкат Мирзиёев геология соҳасидаги вазифаларга бағишланган йиғилишда муҳим хомашё — литий, графит, индий, ванадий, ренийнинг янги конларини ўзлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у камёб металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 500 млн долларлик лойиҳаларни ишлаб чиқишни топширди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо Тошкентга ташриф буюради. У президент ва бошқа расмий шахслар билан музокаралар ўтказади, Хорижий инвесторлар кенгаши ва Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этади.
Ўзбекистонда уй-жой сотиб олиш жараёнининг шаффофлигини ошириш учун қурувчиларга солиқ солинадиган базани ҳар бир квадрат метр учун минимал миқдордан келиб чиқиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Тошкент шаҳрида ўртача минимал миқдор квадрат метр учун 5−7,5 млн сўм этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари 4,3 фоизга ўсди — ойига 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача. Ушбу кўрсаткич камбағаллик чегарасини аниқлашда ишлатилади. Мазкур сумма 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши муносабати билан йил бошидан буён иккинчи марта янгиланди.
Ўзбекистонда 1 июлдан тўловлар нақд пулда амалга оширилганда фискал чекларни рўйхатдан ўтказиш орқали олинадиган солиқ кешбэкларини тўлаш бекор қилиниши мумкин. Нақд пулсиз тўловлар учун кешбэк миқдори эса ҳозирги 1 фоиздан 2 фоизгача оширилиши мумкин.
Ҳукумат нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш мақсадида яширин иқтисодиётга қарши кураш чораларини ишлаб чиқмоқда. Кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотдиси, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва бошқалар нақд пулсиз шаклга ўтказилиши мумкин.
2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 19,8 фоизга ўсиб, 4 млн 920 минг сўмни ташкил этди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаларида ўртача маош энг пастлигича қолмоқда.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонга Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланиш бўйича миллий стратегияни амалга ошириш учун 6 млн евро миқдорида грант ажратди. Жорий ва келгуси йилда бу мақсадга жами 20 млн евро йўналтирилади.
Ўзбекистонда UzIMEI тизимига хизмат кўрсатувчи Information Technology Center компаниясидаги давлат улушининг 49 фоизи сотувга қўйилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг