БМТ Тараққиёт дастури ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мамлакат қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантириш лойиҳасининг иккинчи босқичини бошлади, деб хабар қилди БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2024−2028 йилларда Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 21 та туманидаги 157 та маҳаллада ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш ва капитал таъмирлашни назарда тутади. Лойиҳа қиймати 293,5 миллион долларни ташкил этади.

Лойиҳа йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр таъминоти тизимларини яхшилаш, болалар боғчалари, мактаблар ва қишлоқ поликлиникалари каби ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилишда ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини оширишга қаратилган.

Шунингдек, тегишли яшил ва энергия тежамкор, шунингдек, рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда қишлоқларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда маҳаллий архитекторлар, муҳандислар ва маҳаллий ҳокимият органларининг имкониятларини кенгайтириш ва кучайтириш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа маҳаллаларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш орқали маҳаллаларга ўз ривожланиш устуворликлари ва эҳтиёжларини аниқлаш имконини бериши кутилмоқда, бу эса қурилиш ва сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга асос бўлади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида 622 мингдан ортиқ қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш режалаштирилган.

бмттд, ижтимоий объектлар, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, қишлоқ

Лойиҳанинг 2022 йилдан 17 апрелгача амал қилган биринчи босқичи ҳам худди шундай вазифаларни ўз ичига олган бўлиб, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг 20 та мақсадли туманидаги 170 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган қишлоқ аҳолисининг турмуш сифатини яхшилаш, шунингдек, аҳолининг касбий малакасини ошириш учун чекка қишлоқларда ҳам объектларни қуриш ва таъмирлашни қамраб олади.

Айни пайтда маҳаллий аҳолининг фаол иштирокида 2024−2025 йилларда қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган 900 та кичик лойиҳа танлаб олинди.